Sayt test rejimida ishlamoqda

Халматов Рустам Абдухатовичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Чотқол-Қурама минтақасида олтиннинг геокимёси, маъдан таркиби ва металлогенияси (Ўзбекистон))», 04.00.02 – Қаттиқ фойдали қазилма конларининг геологияси, уларни қидириш ва разведка қилиш. Металлогения ва геокимё (геология-минералогия фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2020.4.DSc/GM47
Илмий маслаҳатчи: [Конеев Рустам Исмаилович], геология-минералогия фанлари доктори.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон миллий университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: “Минерал ресурслар институти” ДМ, DSc.24/30.12.2019.GM.40.01.
Расмий оппонентлар: Карабаев Маматхон Садирович, геология-минералогия фанлари доктори, профессор; Мамарозиков Усмондон Давронович, геология-минералогия фанлари доктори; Халилов Акмал Абдужалилович, геология-минералогия фанлари доктори.
Етакчи ташкилот: «Тошкентгеология» АЖ.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Чотқол-Қурама минтақасидаги конларда олтин маъданлашувининг вертикал ва латерал зоналликлари ҳамда истиқболларини аниқлаш учун олтин (Au) ва унга йўлдош элементларнинг геокимёси, учраш шакллари ва маъданлар таркибини ўрганишдан иборат;
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Чотқол-Қурама минтақаси олтин-кумушли ва олтин-теллурли конларида асосий ва йўлдош элементларнинг фазовий тарқалишидаги вертикал геокимёвий зоналлашуви асосланган;
минтақадаги олтин-кумушли ва олтин-теллурли конларнинг вертикал зоналлигида етакчи маъдан элементлари (Аu, Аg) ва микро-наноминерал ансамблларининг ассоциатив гуруҳлари учраш шаклларининг ўзгаришлари аниқланган;
маъданларнинг геокимёвий ва микро-наноминералогик таркибини ўрганиш асосида олтин-кумушли ва олтин-теллурли маъданлашувнинг ҳосил бўлиш модели асосланган;
Чотқол-Қурама минтақасида олтин маъданларини излаш, турларини ажратиш ва истиқболларини баҳолашда самара берадиган геокимёвий ва микро-наноминералогик мезонлар ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Чотқол-Қурама минтақасидаги олтин-кумушли ва олтин-теллурли конларнинг геокимёси, микро- наноминералогияси бўйича олинган илмий натижалар асосида:
Au-Ag ва Au-Te минераллашуви кўринишида намоён бўлган Чотқол-Қурама минтақасидаги конларнинг зоналликлари мезонлари «Регионалгеология» ДУКнинг геологик қидирув амалиётига жорий қилинган (Давлат геология қўмитасининг 2020 йил 30 ноябрдаги 02/12-сон маълумотномаси). Натижада, Қизилолмасой ва Кўчбулоқ конларининг чуқурликда ва ён қанотларда истиқболларини ошириш имконини берган;
етакчи элементларнинг хоссаларини алмашиниши ва уларнинг учраш шакллари ўзаро боғлиқликларида ифодаланган мезонлар «Регионалгеология» ДУКнинг тематик ишларини бажариш амалиётига жорий қилинган (Давлат геология қўмитасининг 2020 йил 30 ноябрдаги 02/12-сон маълумотномаси). Натижада, олтин конларининг шаклланиш концепцияси, олтин конларини қидириш ва башоратлаш мезонларини ишлаб чиқиш имконини берган;
яширин Au-Ag ва Au-Te маъданлашувининг минералогик ва геокимёвий белгилари «Регионалгеология» ДУК томонидан олиб бориладиган геологик қидирув ишлари амалиётига жорий қилинган (Давлат геология қўмитасининг 2020 йил 30 ноябрдаги 02/12-сон маълумотномаси). Натижада, Чотқол-Қурама минтақасида олтин маъданлашувини излаш, маъданлашув типларини ажратиш ва истиқболларини баҳолашда самарали бўлган геокимёвий ва микро-наноминералогик мезонларни ишлаб чиқиш имконини берган;
паст кларкли бўлган Au, Ag, Se, Те, Bi, Sb, Pt, Pd, Hg элементларнинг тарқалиши ва учраш шаклларини ўрганадиган геокимёвий, микро- ва наноминералогик усуллар «Регионалгеология» ДУКнинг қидирув-баҳолаш ишлари амалиётига жорий қилинган (Давлат геология қўмитасининг 2020 йил 30 ноябрдаги 02/12-сон маълумотномаси). Натижада, Шарқий Ўзбекистонда истиқболли майдонларни баҳолаш ва эпитермал конлар ҳудудларида қидирув-разведка қилиш ишларининг самарадорлигини оширишга имкон берган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish