Sayt test rejimida ishlamoqda

Комилова Холидахон Мухтаровнанинг 
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси  ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Суюқлик транспортировка қилувчи қувурларнинг динамик ҳолатини баҳолаш учун математик моделлар, методлар ва ҳисоблаш алгоритмлари ишлаб чиқиш»,  05.01.07 – Математик моделлаштириш. Сонли усуллар ва дастурлар мажмуи  (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2020.2.PhD/T1737.
Илмий раҳбар: Худаяров Бахтияр Алимович, техника фанлари доктори, доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент ахборот технологиялари университети, DSc.13/30.12.2019.T.07.01.
Расмий оппонентлар: Полатов Асҳад Мухамеджонович, физика-математика фанлари доктори, профессор, Анарова Шахзода Аманбоевна, техника фанлари доктори.
Етакчи ташкилот: Тошкент давлат техника университети
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: суюқлик транспортировка қилувчи ёпишқоқ-эластик қувурлар динамик жараёнларини баҳолаш учун математик моделлар, методлар, ҳисоблаш алгоритмлари ва компьютер дастурларини яратишдан иборатдир.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
ўзгармас ва пульсацияли тезликка эга суюқлик оқиб ўтаётган ҳамда  мужассамланган массалар, ички ва ташқи кучлар ҳисобга олинган ҳолда ёпишқоқ-эластик қувур тебраниш жараёнларининг математик моделлари ишлаб чиқилган;
икки фазали суюқлик оқаётган ёпишқоқ-эластик қувур асоси ва геометрик чизиқсизликни ҳисобга олинган ҳолда  қувур тебраниши жараёнининг математик модели ишлаб чиқилган;
қувурлардаги суюқлик оқими критик тезлигини аниқлаш методикаси ва ёпишқоқ-эластик қувурлар тебраниш жараёнлари сингуляр ядроли интегро-дифференциал тенгламаларини ечишнинг квадратур формулаларга асосланган ҳисоблаш алгоритмлари ишлаб чиқилган; 
суюқлик транспортирка қилувчи ёпишқоқ-эластик қувурлардаги оқим критик тезликларини аниқлаш, мужассамланган массалар, қувурга таъсир этувчи кучлар, қувур материали ёпишқоқлик хусусиятлари ҳамда  Винклер, Пастернак ва Hetenyi’ моделлари ёрдамида қувур асосларининг тебраниш жараёнига таъсирини тадқиқ қилишнинг комплекс компьютер дастурларининг тузилмаси яратилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Суюқлик транспортировка қилувчи қувурларнинг динамик ҳолатини баҳолаш учун математик моделлар, методлар ва ҳисоблаш алгоритмлари ишлаб чиқиш асосида:
турли аралашмали суюқликнинг сув чиқариш қувури тебраниш жараёнига таъсири, сув омборлари сув чиқариш қувурларига ташқи кучларнинг таъсири ва грунтли асоснинг икки фазали суюқлик оқиб ўтаётган сув чиқариш қувури тебраниши жараёнига таъсирини баҳолаш учун «Чимқўрғон» сув омборида жорий қилинган (Сув хўжалиги вазирлигининг 2020 йил 13 февралдаги 02/25-543-сон маълумотномаси).  Илмий тадқиқот натижалари қувурларнинг мустаҳкамлигини  ва уларнинг турли ташқи кучларга чидамлигини аниқлаш мақсадида муҳандислик ҳисобларини ўтказишга кетадиган вақтни 1,4  марта камайтириш имконини берган; 
икки фазали суюқликлар ва қувур грунтли асосининг ҳамда қувур материали реологик параметрларнинг таъсирини баҳолаш учун Андижон сув омборидаги  сув чиқариш қувурларига жорий қилинган (Сув хўжалиги вазирлигининг 2020 йил 13 февралдаги 02/25-543-сон маълумотномаси). Илмий тадқиқот натижаларининг қўлланиши сув омбори сув чиқариш қувурларида юзага келадиган ўзгарувчан оқим тезлиги, қувурда босим ўзгариши ва қувурларнинг яроқлилигини аниқлаш имконини берган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish