Sayt test rejimida ishlamoqda

Ўзбекистон Президентининг жорий йил 4 мартдаги фармонига мувофиқ бир гуруҳ фаол хотин-қизлар юксак унвон, орден ва медаллар билан мукофотланган эди. 3 мартдаги Президент қарорига биноан эса йигирма саккиз нафар қиз Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланди.

Президент Шавкат Мирзиёев байрам тадбирида ана шу юксак мукофотларни тантанали равишда топширди.

- Биз ҳар бир аёл тимсолида, аввало буюк зот – Она сиймосини кўрамиз. Шу боис “Аввало онангизга, онангизга ва яна бир бор онангизга яхшилик қилинг”, деган муборак ҳадисни доимо ёдга оламиз. Унга амал қилиб, мўътабар оналаримиз, қадрли опа-сингилларимиз, дилбар қизларимизга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатишни инсоний бурчимиз, деб биламиз. Алишер Навоий бобомиз айтганларидек, Сизларнинг олдингиздаги бу қарзимиз ҳаққини минг хазина билан ҳам адо этиб бўлмайди. Биз яхши тушунамиз – хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари таъминланган жамиятда, албатта тинчлик, адолат, эркинлик ва фаровонлик бўлади. Аёл бахтли бўлса, оила ва жамият ҳам бахтли бўлади. Барчамиз – Президентдан бошлаб, энг қуйи бўғиндаги раҳбар ва мутасаддилар ана шу муҳим мезонга амал қилиб ишлашимиз зарур, - деди Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек, жойларда оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бўйича намунали фаолият олиб бораётган 297 нафар хотин-қизга “Мўътабар аёл” нишонлари берилди.

Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардан ташриф буюрган хотин-қизлар, турли вазирлик ва идоралар ходимлари файзли дастурхон атрофида байрамни нишонлади. Тадбирда чет эллик дипломат аёллар, халқаро ташкилотлар ваколатхоналари вакиллари ҳам иштирок этди.

Байрам катта концерт дастури билан давом этди.

Манба: https://president.uz/

Yangiliklarga obuna bo‘lish