Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссиясининг навбатдаги Раёсат мажлиси 2021 йилнинг 30 январь куни бўлиб ўтди.
Раёсат мажлиси қарорига кўра, талабгорларнинг 21 нафари фан доктори, 252 нафари фалсафа доктори илмий даражаларида, 10 нафари профессор, 79 нафари доцент ва 11 нафари катта илмий ходим илмий унвонларида тасдиқланди.
Халқаро рейтингларда биринчи 300 та ўриндан бирини эгаллаган олий таълим ташкилотлари томонидан берилган 18 нафар талабгорнинг фалсафа доктори (PhD) илмий даражаси тўғрисидаги ҳужжатлари тўғридан-тўғри фан доктори (DSc) дипломи сифатида нострификация қилинди.
Раёсат мажлисида олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар аттестацияси сифатини таъминлаш юзасидан Тошкент давлат аграр университети ҳузуридаги DSc.05/30.12.2019.Qx.13.01 рақамли илмий кенгашда «Ўрмон ва манзарали дарахтларда шаҳар мўйловдори (Aeolesthes sarta Sols.) биоэкологияси ҳамда улар миқдорини бошқаришни такомиллаштириш» мавзусидаги диссертация тадқиқотининг моҳияти бўйича илмий-услубий жиҳатдан хатоликка йўл қўйилганлиги, диссертация ва авторефератда қатор камчиликлар мавжудлиги, тадқиқот якунланмагани, олинган маълумотлар ишончсизлиги ҳамда талабгор саволларга қониқарсиз жавоб берганлиги сабабли қишлоқ хўжалиги фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига талабгорнинг PhD/22.12.2020/Qx.1338 рақамли аттестация ишига рад жавоби берилди.
Раёсатда мазкур илмий кенгаш огоҳлантирилган ҳолда олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар аттестациясига оид талабларнинг бузилиши яна бир бор такрорланса, илмий кенгаш фаолиятини тугатиш масаласини кўриб чиқиш юзасидан қарор қабул қилинди.