Sayt test rejimida ishlamoqda

Хусанов Сади Махаматжоновичнинг 
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Пневмотранспорт қурилмаси элементларини такомиллаштириш”, 05.02.03 – Технологик машиналар. Роботлар, мехатроника ва робототехника тизимлари (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2018.2.PhD/T742.
Илмий раҳбар: Мурадов Рустам Мурадович, техника фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Наманган муҳандислик-технология институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Наманган муҳандислик-технология институти, PhD.03/30.12.2019.T.66.01.
Расмий оппонентлар: Маматов Алишер Зулунович, техника фанлари доктори, профессор; Бобоматов Абдуғани Хусаинович, техника фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), доцент.
Етакчи ташкилот: Фарғона политехника институти.
Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади пневмотранспорт тизимида сепаратор қурилмаси конструкциясини такомиллаштириш орқали пахта хом ашёсини ҳаво оқимидан, табиий сифат кўрсаткичларини сақлаган ҳолда ажратиб олиш ва унинг таркибидаги майда ифлосликларни самарали тозалаш ҳамда сепараторда тола йўқолишини камайтиришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
пахтани ташувчи ҳаводан ажратиб олиш жараёни ва унга таъсир қилувчи омилларни мақсадли бошқариш йўли билан пахтага механик шикаст етказмасдан ҳаво оқимидан ажратиб олиш имкониятидан келиб чиқиб, пахта сепараторининг ҳаракатланувчи тўрли юзага эга бўлган конструкцияси ишлаб чиқилган;
сепараторнинг ишчи камерасида пахтани тўрли тасма ёрдамида ҳаводан ажратиш жараёни ва унга таъсир қилувчи омилларни назарий ўрганиш натижасида тўрли юза габарит ўлчамлари ва унинг ишчи элементлари таркиби ва дастлабки ўлчамлари аниқланган;
пахтани ҳаводан ажратиш жараёнида пахта бўлакчасининг тўрли юзага урилиши, зарба кучлари ва пахта чигити қобиғининг мустаҳкамлиги назарий асосларини инобатга олган ҳолда ҳаракатланувчи тўрли юза пахта толаси ва чигитининг бошланғич сифат кўрсаткичларини тўлиқ сақлаши исботланган;
пахтани ҳаводан ажратиш жараёнини режали эспериментлар асосида ўрганиш натижаларидан келиб чиқиб, сепараторнинг амалдаги иш унумдорлигини сақлаган ҳолда тўрли юзанинг пахтани тозалаш самарадорлигини ошириш ва чигит шикастланишини бартараф қилишни таъминловчи, чизиқли тезлиги ва жойлашиш параметрлари оптимал қийматлари аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Пахтани ташувчи ҳаводан ажратиб берувчи сепаратор қурилмасини такомиллаштириш бўйича олинган натижалар асосида: 
пахтани ҳаводан ажратувчи сепаратор қурилмаси “Ўзпахтасаноат” АЖ тасарруфидаги корхоналарда, жумладан, “Наманган пахта текс” МЧЖга қарашли “Косонсой пахта тозалаш” корхонасида жорий этилган (“Ўзпахтасаноат” АЖнинг 2020 йил 4 ноябрдаги 03-18/2594-сон маълумотномаси). Натижада, пахта толаси таркибидаги ифлослик ва нуқсонли аралашмалар массавий улушини 0,4% га камайтиришга эришилган;
пахтани ҳаводан ажратиш жараёни рационал параметрлари “Ўзпахтасаноат” АЖ тасарруфидаги корхоналарда, жумладан “Наманган пахта текс” МЧЖга қарашли “Косонсой пахта тозалаш” корхонасида жорий этилган (“Ўзпахтасаноат” АЖнинг 2020 йил 4 ноябрдаги 03-18/2594-сон маълумотномаси). Натижада, жараёнда толанинг йўқолиши пахтанинг I-II навларида 0,7% дан 0,2% га ҳамда III-IV-V навларда эса 3,78% дан 2% га камайишига эришилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish