Sayt test rejimida ishlamoqda

Бегниязова Қумар Алламбергеновнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри: «Қорақалпоғистонда интернет янги оммавий ахборот воситаси сифатида», 10.00.09 – Журналистика (филология фанлари). 
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2020.4.PhD/Fil912.
Илмий маслаҳатчи: Мўминов Файзулла Абдуллаевич, филология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Қорақалпоқ давлат университети, DSc.03/30.12.2019.Fil.20.01.
Расмий оппонентлар: Ирназаров Қудрат Туганович, тарих фанлари доктори, профессор; Қалекеев Қууанишбай Жартибаевич, филология фанлари номзоди.
Етакчи ташкилот номи: Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: интернет журналистикаси Қорақалпоғистонда янги феномен сифатида намоён бўлишини исботлаш, унинг босқичларини кўриб чиқиш, тизимнинг ўзига хос хусусиятларини замонавий ривожланиш тенденциялари, тамойиллари ва категориялари тимсолида тадқиқ қилишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Қорақалпоғистон интернет журналистикасининг шаклланиш ва ривожланиш хусусиятлари махсус “Step by step” категорияси асосида ўрганилган ҳамда ҳудудий онлайн журналистиканинг замонавий тенденциялари анъанавий медианинг электрон кўринишларига ҳам трансформация бўлиши далилланган;
интернет журналистикасидаги матн композициясида Х-Reality технологиялари қўлланилиши аудиторияни универсал ўқувчига айлантираётганлиги кўрсатилган, ҳудудий веб контентлардаги материалларнинг интерактивлик, гиперматнлик ва мультимедиалик индекслари аниқланган;
Қорақалпоғистондаги анъанавий ОАВда узатилган материаллар электрон гибридга трансформация қилинганда матн структураси билан боғлиқ ўзгаришларга учраганлиги таҳлил қилинган, интернет ОАВ ва ижтимоий тармоқ туфайли янги терминология ва мини универсал жанр турлари вужудга келиши, Қорақалпоғистонда анъанавий медиа талаблари ўзгарганлиги асосланган;
Қорақалпоғистон интернет журналистикасида “rewrite”, “copywriting” шакллари қўлланилиши натижасида матн, шакл ва мазмун билан боғлиқ муаммоларнинг пайдо бўлаётганлиги исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Қорақалпоқ интернет журналистикасини ўрганиш бўйича олинган натижалар асосида:
Қорақалпоғистонда интернет янги ОАВ эканлиги хусусидаги далиллар ва унинг хусусиятлари, турли мавзуларни ёритишда журналистик ёндашув ва услуб имкониятларидан www.kar24.uz сайтида фойдаланилган (2019 йил 3 май № 1456-сон диплом). Натижада илмий тадқиқотдаги талқинлар, назариялар  сайтда жорий этилиши ва амалиётда қўлланилиши туфайли 2019 йил 3 май куни kar24.uz сайти “Олтин қалам” XIV халқаро миллий мукофоти интернет журналистикаси бўйича совринли 2-ўринга муносиб, деб топилган. Шунингдек, назарий хулосалар ва амалий тавсиялар контентда асосий манба сифатида қўлланилган. 
интернет ОАВ ва ижтимоий тармоқ туфайли янги терминология ва мини универсал жанр турлари вужудга келиши бўйича олинган тавсиялардан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Матбуот хизмати томонидан ташкил этилган “Бугунги Орол денгизидаги экологик ҳолатни юмшатишда ОАВнинг роли ва аҳамияти” (2019 йил 28 январь), “Жамоатчилик билан алоқалар: муаммолар ва келгуси вазифалар” (2019 йил 12 март), “Қорақалпоғистонда давлат ташкилотларининг матбуот хизмати фаолияти” (2019 йил 9 апрель), “Ёшлар ва бешта устувор вазифа” (2019 йил 29 август) мавзуларидаги анжуманларда фойдаланилган (Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг 2020 йил 7 ноябрь, №08-04/18-11/1811-сон маълумотномаси). Мазкур тадқиқот ишининг хулосаларига мувофиқ анжуман иштирокчиларига бир қатор янги таклифлар тақдим этилган ва амалиётда фаолият юритадиган онлайн журналистлари учун улар услубий кўрсатмалар вазифасини бажарган. Натижада илмий ишдаги назарий концепциялар амалиётда қўлланилган;
қорақалпоқ интернет журналистикасидаги замонавий тенденциялар, унинг бугунги қиёфаси ва муаммоларига доир илмий-назарий хулосалар Қорақалпоғистон Республикаси Журналистлар уюшмаси томонидан ўтказилган бир қатор услубий ва амалий семинарларда маъруза сифатида тингланиб, республика веб-сайтлари фаолиятида қўлланилган (Қорақалпоғистон Республикаси Журналистлар уюшмасининг 2019 йил 6 декабрь, 61-сон маълумотномаси). Натижада интернет нашрлари фаолиятида илмий тадқиқотдаги ушбу талқинлар асосий манба сифатида қўлланилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish