Sayt test rejimida ishlamoqda

Дадашева Ақида Абдужаббаровнанинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража берадиган фан тармоғи номи): “Маҳаллий ижроия органлари фаолияти устидан таъсирчан жамоатчилик назорати механизмларини шакллантириш”, 12.00.01 – Давлат ва ҳуқуқ назарияси ва тарихи. Ҳуқуқий таълимотлар тарихи (юридик фанлар). 
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2020.3.DSc/Yu72. 
Илмий маслаҳатчи: Ҳайитов Хушвақт Сапарбаевич, юридик фанлар доктори.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий-техник институти, DSc.32/30.12.2019.Yu.74.01.
Расмий оппонентлар: Мухитдинова Феруюза Абдурашидовна, юридик фанлар доктори, профессор;  Маматов Худоёр Тешаевич, юридик фанлар доктори, профессор; Ахмедова Муқаддасхон Турсуновна, юридик фанлар доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Юристлар малакасини ошириш маркази.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик. 
II. Тадқиқотнинг мақсади Ўзбекистон Республикасида маҳаллий ижроия органлари фаолияти устидан таъсирчан жамоатчилик назорати механизмларини шакллантиришнинг ижтимоий моҳияти ва юридик табиатини, уларнинг ечимига қаратилган илмий асосланган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги: 
муаллифлик ёндашуви асосида «давлат шакли» тушунчаси «бу ўз ичига давлат бошқаруви, давлат тузилиши ва сиёсий (давлат) режимни қамраб олувчи сиёсий ҳокимиятни ташкил этиш усуллари йиғиндиси» сифатида,   «давлат бошқарув шакли» тушунчаси эса «бу давлат ҳокимиятининг олий органларини ташкил этилиши ва тузилишини, шунингдек, ушбу органларнинг ўзаро ва аҳоли билан бўлган муносабатларини белгиловчи давлат шаклининг элементи» сифатида таклиф этилган;
фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан давлат органлари мансабдор шахсларининг ҳисоботлари ва ахборотини эшитиш юзасидан фуқаролар йиғинида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг фуқаролар йиғинлари фаолияти соҳасига кирувчи масалалар юзасидан ҳисоботларини; ички ишлар органлари профилактика инспекторларининг, жойлардаги таълим муассасалари раҳбарларининг ҳисоботларини; тегишинча оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктлари раҳбарларининг ахборотини; тегишли ҳудудда жойлашган ташкилотлар раҳбарларининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ҳудуднинг санитария ҳолати, уни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш масалаларига доир ҳисоботларини эшитишни белгилаш асослаб берилган; 
давлат органларининг ва улар мансабдор шахсларининг фаолиятини жамоатчилик манфаатига дахлдор ахборотни йиғиш, умумлаштириш ва таҳлил этиш орқали кузатиш жамоатчилик мониторинги эканлиги, жамоатчилик мониторингини нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва жамоатчилик назоратининг бошқа субъектлари қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ўтказиши мумкинлиги, жамоатчилик мониторинги оммавий ва очиқ ўтказилиши, жамоатчилик мониторинги ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ҳам ўтказилиши мумкинлиги, жамоатчилик мониторингининг ташкилотчиси жамоатчилик мониторингининг объекти, уни ўтказиш муддати ва тартиби тўғрисидаги ахборотни олдиндан эълон қилиши каби қоидаларни белгилаш асослаб берилган; 
жамоатчилик назоратининг натижаларига кўра баённома, хулоса, маълумотнома шаклида ёхуд қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа шаклда якуний ҳужжат тайёрланиши мумкинлиги, якуний ҳужжат ахборот ва тавсия хусусиятига эга бўлиши, якуний ҳужжатда баён этилган ахборот, тавсия ва таклифлар давлат органлари томонидан мажбурий тартибда кўриб чиқилиши ҳамда улар юзасидан қонуний қарорлар қабул қилиниши асослантирилган;
маҳаллий давлат ҳокимияти ижроия органлари фаолиятида жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг аҳамияти илмий-назарий жиҳатлари давлатда инсон, жамият, шахс ва жамоа ўзаро алоқадорлиги сифатида назариялар ишлаб чиқилиб, қонунчиликда жамоатчилик назоратининг турли шаклларини қўллаш ва амалиётда уларнинг натижаларни таҳлил қилиш механизмлари асослантирилган;
давлат органларининг қонунга хилоф қарорлари, улар мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан бўйсунув тартибида юқори турувчи органга ёки мансабдор шахсга ёхуд қонунда белгиланган тартибда судга шикоят қилиш каби жамоатчилик назорати субъектларининг ҳуқуқини белгилаш асослаб берилган. 
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Маҳаллий ижро органлари фаолияти устидан таъсирчан жамоатчилик механизмини шакллантириш бўйича олиб борилган тадқиқот натижалари асосида:
давлат бошқарув шакллари тушунчаси ва турларининг мазмун моҳиятига оид таклифлар “Давлат ва ҳуқуқ назарияси” дарслигида ўз аксини топган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2018 йил 27 мартдаги 274-сон буйруғи, 274-107 рақамли гувоҳнома). Ушбу таклифнинг жорий этилиши давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳамда жамоат ташкилотлари учун ҳуқуқшунос кадрларни тайёрлаш ва малакасини оширишда манба бўлиб хизмат қилган; 
фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан давлат органлари мансабдор шахсларининг ҳисоботлари ва ахборотини эшитишга оид таклифлар Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 12 апрелдаги ЎРҚ-474-сон «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги Қонунининг 14-моддасида ўз ифодасини топган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2019 йил 15 ноябрдаги 06/2-06-сон далолатномаси). Ушбу таклифлар жамоатчилик назорати натижаларининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашда ҳамда Ўзбекистон Республикасида жамоатчилик назорати таъсирчанлигини кучайтиришга ҳисса қўшган;
давлат органлари ва муассасалари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ташкил этиш ҳамда амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишда жамоатчилик мониторингига оид таклифлар Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 12 апрелдаги ЎРҚ-474-сон «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги Қонунининг 11-моддасида ўз ифодасини топган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2019 йил 15 ноябрдаги 06/2-06-сон маълумотномаси). Ушбу таклифлар жамоатчилик назоратини ташкил этиш ҳамда амалга ошириш соҳасидаги жамоатчилик мониторингининг асосий қоидаларини мустаҳкамлашга хизмат қилган;
ўтказилган ҳар қандай жамоатчилик назорати муайян натижа билан тугаши бу унинг самарадорлигини белгиловчи асосий омил эканлиги тўғрисдаги ғоялари, шунингдек ўтказилган жамоатчилик назорати натижалари бўйича баённома, хулоса, маълумотнома кўринишидаги якуний ҳужжат тайёрлашнинг муҳимлиги асосланган, ушбу ҳужжат тегишли органлар келгусида қарор қабул қилиши учун асос бўлиши ва юридик мақом тавсиявий хусусиятга эга бўлиши ҳақидаги таклиф Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 12 апрелдаги ЎРҚ-474-сон «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги Қонунининг 17-моддасини шакллантиришда инобатга олинган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2019 йил 15 ноябрдаги 06/2-06-сон маълумотномаси). Ушбу таклифнинг жорий этилиши давлат органлари фаолиятининг холислигини ва жамоатчилик назорати субъектлари манфаатлари билан мувозанатини таъминлашнинг механизми бўлиб хизмат қилган; 
маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ер участкаларини хусусийлаштириш соҳасидаги ваколатлари ҳақидаги таклиф Ўзбекистон Республикасининг «Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш  тўғрисида»ги Қонунининг 16-моддасини ишлаб чиқишда ўз ифодасини топган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2019 йил 14 ноябрдаги 06/2-05-141-сон маълумотномаси). Ушбу таклифнинг жорий этилиши маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида қарор қабул қилиши, кейинчалик электрон онлайн-аукцион орқали хусусийлаштириш мақсадида бўш турган ер участкаларини аниқлаши, Урбанизацияни ривожлантириш жамғармасига бериладиган ер участкаларини аниқлаш каби ваколатларини мустаҳкамлашга ҳисса қўшган;
жамоатчилик назорати субъектларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилашга оид таклифлар Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 12 апрелдаги ЎРҚ-474-сон «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги Қонунининг 15-моддасида ўз аксини топган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси, 2020 йил 16 июндаги 05/1-01-131-сон маълумотнома). Ушбу таклифлар жамоатчилик назорати субъектлари ҳуқуқ ва манфаатларининг қонун ҳужжатларида мустаҳкамланишига хизмат қилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish