Sayt test rejimida ishlamoqda

Дониёров Тошмамат Омоновичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Тақирсимон тупроқлар сув-туз режимига кимёвий мелиорантнинг таъсири ва ғўзани суғориш техникасини такомиллаштириш”, 06.01.02 – «Мелиорация ва суғорма деҳқончилик» (қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2019.4.PhD/Qx495.
Илмий раҳбар: Авлакулов Мейли, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Қарши муҳандислик иқтисодиёт институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти, DSc.05.30.12.2019.Qx/B.42.01.
Расмий оппонентлар: Норқулов Усмонқул, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор; Шадманов Жамолиддин Казакджанович, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди, катта илмий ходим.
Етакчи ташкилот: Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Қарши чўлининг ўртача даражада шўрланган, оғир механик таркибли ўтлоқлашиб бораётган тақирсимон тупроқлари шароитида ғўзанинг суғориш техникасини такомиллаштириш, тупроқнинг сув-туз тартибига SPERSAL кимёвий мелиорантининг таъсирини аниқлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
SPERSAL кимёвий мелиорантини қўллашнинг тупроқнинг сув-физик хоссаларига таъсири аниқланган;
турли суғориш меъёрлари ва SPERSAL кимёвий мелиорантини қўллашнинг тупроқ сув-туз режимига таъсири аниқланган; 
тақирсимон тупроқлар шароитида ғўза етиштиришда кимёвий мелиорантларни қўллашнинг сувдан фойдаланиш самарадорлигига таъсири аниқланган; 
суғориш техникаси ва SPERSAL кимёвий мелиорантини қўллашда ғўзанинг ўсиши, ривожланиши ва ҳосилдорлигига таъсири аниқланган;
ғўзанинг мақбул суғориш технологиялари ва тупроқ сув-туз тартибини ростлаш бўйича амалга оширилган усулларнинг иқтисодий самарадорлиги аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Ўртача шўрланган, оғир механик таркибли тақирсимон тупроқлар шароитида тупроқ сув-туз тартибини ростлаш мақсадида қўлланилган SPERSAL кимёвий мелиорантининг самарадорлиги ҳамда унга мос келувчи ғўзанинг мақбул суғориш меъёрларини ўрнатиш бўйича олиб борилган тадқиқот натижалари асосида:
тадқиқот натижаларини амалиётда қўллаш бўйича “Қашқадарё вилоятида янги кимёвий препаратларни қўллаш орқали тупроқ унумдорлигини яхшилаш ва қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини ошириш бўйича тавсиянома” тасдиқланган (Сув хўжалиги вазирлигининг 2019 йил 3-декабрдаги 02/25-4662-сон маълумотномаси). Ушбу тавсиянома Қашқадарё вилоятининг қишлоқ хўжалик бошқармалари ва фермер хўжаликлари учун қўлланма сифатида хизмат қилмоқда; 
SPERSAL кимёвий мелиоранти Қашқадарё вилоятининг Касби тумани “Чиллабулоқ” СИУ га қарашли “Маҳмудов Алпомиш” фермер хўжалигининг 5 га майдонида жорий этилган (Сув хўжалиги вазирлигининг 2019 йил 3-декабрдаги 02/25-4662-сон маълумотномаси). Натижада SPERSAL препарати қўлланилганда тупрок таркибидаги тузларнинг умумий миқдори 2,47 мартага, ғўзанинг ўсиши учун ўта зарарли ҳисобланган тупроқ таркибидаги тузлардан MgSО4 миқдори 4,0 баробар, NaSО4 миқдори 1,23 баробар ва NaCl миқдори 2,61 баробарга камайганлиги лаборатория таҳлили асосида аниқланган. Ҳосилдорлик назорат вариантига нисбатан гектарига 6,1 ц/га ортган, сув сарфи 26,6 м3/ц га камайиб, рентабеллик даражаси эса 22,3% ни ташкил этган; 
SPERSAL препарати Қашқадарё вилояти Миришкор туманининг оғир механик таркибли, ўртача шўрланган тупроқлари шароитида 2019 йилда “Миришкор чашмаси” номли СИУ га қарашли “Умидуллаев Шамшодбек” фермер хўжалигининг “Бухоро-6” ғўза нави экилган 6 (олти) гектар майдонида жорий қилинган (Сув хўжалиги вазирлигининг 2019 йил 3-декабрдаги 02/25-4662-сонли маълумотномаси). SPERSAL препарати биринчи суғориш олдидан гектарига 5 килограм меъёрда тупроққа қўлланилганда ғўза 4 марта намлик ЧДНС га нисбатан 70-70-60% тартибда 50 фоизга оширилган меъёрларда суғориш натижада, тупроқ таркибидаги умумий тузлар миқдори 2,36 мартага, ўта зарарли ҳисобланган MgSО4 миқдори 3,35 баробар, NaSО4 миқдори,12 баробар ва NaCl миқдори 2,45 баробар камайгани аниқланган. Ҳосилдорлик назорат вариантига нисбатан 5,8 ц/га ортди, сув сарфи 28,5 м3/ц га камайди ва рентабеллик даражаси 23,3% га етган. Кучли ва ўртача шўрланган тақирсимон тупроқлар шароитида  ерга 5 кг/га SPERSAL қўлланилиб, намлик ЧДНСга нисбатан 70-70-60% тартибда 25-50% га оширилган суғориш меъёри билан суғорилганда назорат вариантига нисбатан битта суғоришни тежашга ва тупроқдаги тузлар миқдорини камайтиришга эришилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish