Sayt test rejimida ishlamoqda

Хожамуратова Роза Тажимуратовнанинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган тармоғи номи): «Қорақалпоғистон Республикаси сув ресурсларининг гидроэкологик ҳолатига мелиорация таъсирини комплекс баҳолаш ва уни қисқартириш йўллари», 11.00.03–Қуруқлик гидрологияси. Сув ресурслари. Гидрокимё (география фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.2.DSc/Gr17.
Илмий маслаҳатчи: Чембарисов Эльмир Исмаилович, география фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Қорақалпоқ давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Гидрометеорология илмий-текшириш институти, DSc.27/30.12.2019.Gr.47.01.
Расмий оппонентлар: Хикматов Фазилидин, география фанлари доктори, профессор; Мурадов Шухрат Одилович, техника фанлари доктори; Рафиков Ваҳоб Асомович, география фанлари доктори.
Етакчи ташкилот: Самарканд давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Қорақалпоғистон Республикаси сув ресурсларининг гидроэкологик ҳолатига мелиорациянинг таъсирини комплекс баҳолаш ва ушбу таъсирни камайтириш бўйича илмий асосланган таклифлар ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
сув ресурслари гидроэкологик ҳолатини баҳолашнинг ландшафт-галогеокимёвий усули кичик суғориш ҳавзалари қирқимида такомиллаштирилган ҳамда унинг асосида Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий туманлари кесимида дарё, коллектор-зовур, ер ости сувлари миқдори, минераллашув даражаси ва сифатининг шаклланиш хусусиятлари аниқланган; 
Aмударёнинг қуйи оқими, ҳудуд коллектор-зовур тармоқлари гидрологик ва гидрокимёвий режими элементларининг йил давомида тақсимланиши, ўзгаришлари сув таъминоти турлича (кам, ўртача, кўп сувли) йиллар учун аниқланган; 
суғориладиган экин майдонларида сизот сувларининг гидрогеологик ва гидрокимёвий режимидаги ўзгаришларнинг, уларнинг ер юзасига нисбатан жойлашиш чуқурликларига боғлиқлиги аниқланган;
Орол денгизининг қуриган тубида тузга чидамли экинларни суғориш, яйловларни сувлантириш ва кучли шўрланган тупроқларни ювиш учун коллектор-зовур сувларидан фойдаланиш имкониятлари аниқланган; 
Қорақалпоғистон Республикасида сув ресурсларининг гидроэкологик ҳолати,  жумладан миқдори, минераллашув даражаси ва сифати бўйича комплекс баҳоланиб, улардан ичимлик сув таъминоти, Оролнинг қуриган тубида яратилган яшил майдонларни суғориш, яйловларни сувлантириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилган. 
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Қорақалпоғистон Республикаси сув ресурсларининг гидроэкологик ҳолатига мелиорация таъсирини комплекс баҳолаш ва уни қисқартириш йўллари бўйича олинган илмий натижалар асосида:
кичик суғориш ҳавзалари қирқимида такомиллаштирилган сув ресурслари гидроэкологик ҳолатини баҳолашнинг ландшафт-галогеокимёвий усули ҳамда унинг асосида Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий туманлари кесимида аниқланган дарё, коллектор-зовур, ер ости сувлари миқдори ва минераллашув даражаси ҳамда сифатининг шаклланиш хусусиятлари Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги тизимида минтақавий сув ишларини бажаришда жорий этилган (Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг 2020 йил 7 сентябрдаги 02/02-3-300-сон маълумотномаси). Натижада, мавжуд ирригация тармоқларидаги дарё оқимининг миқдорий ва сифатий тавсифларини аниқлаштириш самарадорлигини ошириш имконини берган;
Қорақалпоғистон Республикасида маъмурий туманлар кесимида дарё, коллектор-зовур, ер ости сувларининг ҳажми ва минерализацияси ҳамда ичимлик суви сифати шаклланишинг такомиллаштирилган комплекс усулда аниқланган қонуниятлари Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги тизимида минтақавий сув ишларини бажаришда жорий этилган (Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг 2020 йил 7 сентябрдаги 02/02-3-300-сон маълумотномаси). Натижада, мавжуд ирригация тармоқларидаги дарё оқимининг миқдорий ва сифатий тавсифларини аниқлаштириш самарадорлигини ошириш имконини берган;
Aмударёнинг қуйи оқими, ҳудуд коллектор-зовур тармоқлари гидрологик ва гидрокимёвий режими элементларининг сув таъминоти турлича (кам, ўртача, кўп сувли) йиллар учун аниқланган йил давомида тақсимланиши ва ўзгаришлари Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги тизимида сув хўжалиги ҳисобларини бажаришда жорий этилган (Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг 2020 йил 7 сентябрдаги 02/02-3-300-сон маълумотномаси). Натижада, сув ресурсларидан самарали фойдаланишнинг истиқболли режаларига аниқлик киритиш имконини берган;
суғориладиган экин майдонларида сизот сувларининг гидрогеологик ва гидрокимёвий режимидаги ўзгаришларнинг, уларнинг ер юзасига нисбатан жойлашиш чуқурликларига боғлиқлиги аниқланган натижалар Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимида суғориладиган майдонлар мелиорация холатининг мақбул мезонларини ишлаб чиқишда жорий этилган (Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2020 йил 29 августдаги 01/027-1892-сон маълумотномаси). Натижада, суғориш массивларининг гидрогеологик параметрларининг ўзгариши шароитларида ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш имконини яратган;
Орол денгизининг қуриган тубида тузга чидамли экинларни суғориш, яйловларни сувлантириш ва кучли шўрланган тупроқларни ювиш учун коллектор-зовур сувларидан фойдаланиш имкониятлари бўйича тавсиялар Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимида кам сувли йилларда коллектор-зовур сувларини қайта ишлатишда фойдаланиш учун жорий этилган (Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2020 йил 29 августдаги 01/027-1892-сон маълумотномаси). Натижада, сув ресурсларига қўшимча манба сифатида коллектор-зовур сувларидан фойдаланиш имконини берган; 
Қорақалпоғистон Республикасида сув ресурсларининг гидроэкологик ҳолати,  жумладан миқдори, минераллашув даражаси ва сифати бўйича комплекс баҳоланиб, улардан ичимлик сув таъминоти, Оролнинг қуриган тубида яратилган яшил майдонларни суғориш, яйловларни сувлантириш бўйича ишлаб чиқилган таклиф ва тавсиялар Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси тизимида кўриб чиқилаётган ҳудуд ер усти сувларининг гидрокимёвий таркибини аниқлаш учун жорий этилган (Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси 2020 йил 9 сентябрдаги 02/18-1-1664-сон маълумотномаси). Натижада, мавжуд кўриб чиқилаётган маъмурий туманларнинг гидроэкологик ҳолатини яхшилашга ва сув ресурслари сифатини назорат қилиш самарадорлигини ошириш имконини берган. 

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish