Sayt test rejimida ishlamoqda

Гаппаров Фурқат Ахматовичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Сув омборларидан фойдаланишнинг гидравлик ва гидрологик режимини такомиллаштириш», 05.09.07- Гидравлика ва муҳандислик гидрологияси (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2019.3.DSc/Т317.
Илмий маслаҳатчи: Арифжанов Айбек Мухамеджанович, техника фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти, DSс.03/30.12.2019.Т.10.02.
Расмий оппонентлар: Файзиев Хамидхон, техника фанлари доктори, профессор; Хужаев Исматилла Кушаевич, техника фанлари доктори, профессор; Жонқобилов Улуғмурод Умбарович, техника фанлари доктори.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Миллий университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади сув омборларидан фойдаланишнинг гидравлик ва гидрологик режимини сув омборлари ҳисобий тўлқин баландлигини ва фойдали ҳажми ўзгаришига таъсир кўрсатувчи омилларни инобатга олиб такомиллаштиришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
сув омборлари фойдали ҳажми ўзгаришини аниқлаш усули сув омборларидаги лойқа-чўкиндиларни ҳисобга олган ҳолда такомиллаштирилган;
тоғ, тоғолди ва текисликдаги сув омборлари худудидаги метеорологик ўзгаришларни инобатга олиб гравитацион тўлқин баландлигини аниқлаш усули такомиллаштирилган;
сув омборини фойдали ҳажмини оширишга эришишда гидравлик жараёнларни инобатга олган ҳолда шамол-тўлқин зарбини камайтирувчи парапет конструкцияси тавсия этилган ва ҳисоблаш усули ишлаб чиқилган;
сув омборларидан самарали фойдаланишда тўлдириш ва бўшатиш режимини ҳисоблаш усули сув таъминоти режимини инобатга олиб такомиллаштирилган; 
сув омборларида сув баланси элементларини инобатга олиб энг мақбул гидравлик ва гидрологик режимини таъминлашнинг ҳисоблаш дастури ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Сув омборларидаги гидравлик ва гидрологик ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда сув омборларини энг мақбул тўлдириш ва бўшатиш усулларини такомиллаштириш бўйича олинган натижалар асосида: 
сув омборлари ҳудудида шамол-тўлқин режими элементларини ҳисоблашнинг компьютер дастури ва сув омборлари тўғони учун хавфли бўлган ҳисобий тўлқин баландлигини аниқлаш усули Андижон, Тошкент, Талимаржон, Жиззах, Жанубий Сурхон ва Каттақўрғон сув омборларида жорий этилган (Сув хўжалиги вазирлигининг 2019 йил 7 декабрдаги 02/25-4705-сон маълумотномаси). Натижада, сув омборларидан фойдаланишда сув сатҳини кўтариш орқали захирадаги сув миқдорини 10-15 фоизгача кўпайтириш ҳамда сув омборидан ҳавфсиз фойдаланиш имкони яратилган; 
сув омборида сув балансини ташкил этувчи омилларни ҳисобга олган ҳолда сув омборлари фойдали ҳажмини аниқлаш усули Қашқадарё вилояти сув омборларидан фойдаланиш бошқармаси томонидан Лангар, Қизилсув, Қамаши, Қарабоғ, Нуғайли, Шўрабсой, Шўртан ва Деҳқонобод сув омборларида, Наманган вилояти сув омборларидан фойдаланиш бошқармаси томонидан Жийдалисой, Варзик, Эскиер ва Кўксерексой сув омборларида, Тошкент вилояти сув омборларидан фойдаланиш бошқармаси томонидан Тошкент сув омборида жорий этилган (Сув хўжалиги вазирлигининг 2019 йил 7 декабрдаги 02/25-4705-сон маълумотномаси). Натижада, лойқа-чўкиндилар миқдорини аниқ баҳолаш ва сув омбори фойдали хажмини ошириш имконияти яратилган. 
сув омборини фойдали ҳажмини оширишга эришишда гидравлик жараёнларни инобатга олган ҳолда шамол-тўлқин зарбини камайтирувчи парапет конструкциясини ҳисоблаш усули Каттақўрғон ва Жиззах сув омборларида жорий этилган (Сув хўжалиги вазирлигининг 2019 йил 7 декабрдаги 02/25-4705-сон маълумотномаси). Таклиф қилинаётган парапетни ўрнатгач Каттақўрғон сув омборининг фойдали ҳажми 39,75 млн. м3 га, Жиззах сув омборининг фойдали ҳажмини 22,3 млн.м3 га ошириш имконияти яратилган.
сув омборидан фойдаланишнинг гидравлик ва гидрологик режимини такомиллаштириш, сув омборини энг мақбул тўлдириш ва бўшатишни амалга ошириш усули Сув хўжалиги вазирлиги тасарруфидаги Қашқадарё вилояти сув омборларидан фойдаланиш бошқармаси томонидан Лангар, Қизилсув, Қамаши, Қарабоғ ва Деҳқонобод сув омборларида, Наманган вилояти сув омборларидан фойдаланиш бошқармаси томонидан Жийдалисой, Варзик, Эскиер ва Кўксерексой сув омборларида, Тошкент вилояти сув омборларидан фойдаланиш бошқармаси томонидан Тошкент сув омборида жорий этилган (Сув хўжалиги вазирлигининг 2019 йил 7 декабрдаги 02/25-4705-сон маълумотномаси). Натижада, сув омборлари эксплуатацион самарадорлигини ошириш ҳисобига 10-15 фоизгача сув ресурсларини тежаш ва барча истеъмолчиларни ишончли равишда сув билан таъминлаш имкони яратилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish