Sayt test rejimida ishlamoqda

Муртазоев Азизбек Нусрат ўғлининг
фалсафа доктори (РhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар. 
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Ғўза қатор ораларида бўйлама пол ҳосил қиладиган қурилмани такомиллаштириш ва параметрларини асослаш», 05.07.01 – Қишлоқ хўжалиги ва мелиорация машиналари. Қишлоқ хўжалиги ва мелиорация ишларини механизациялаш (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2019.4.PhD/Т1469.
Илмий раҳбар: Тўхтақўзиев Абдусалим, техника фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти Бухоро филиали.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Наманган муҳандислик-қурилиш институти, PhD.03/30.12.2019.Т.90.01.
Расмий оппонентлар: Имомқулов Қутбиддин Боқижонович, техника фанлари доктори, катта илмий ходим; Нормирзаев Абдуқаюм Рахимбердиевич, техника фанлари номзоди.
Етакчи ташкилот: Тошкент давлат аграр университети Андижон филиали.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади ғўза қаторлари орасида бўйлама пол ҳосил қиладиган қурилманинг технологик иш жараёнини такомиллаштириш ва параметрларини асослаш орқали пол ҳосил қилишда иш унумини ошириш ва меҳнат сарфини камайтиришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
ғўза қатор ораларида бўйлама пол ҳосил қиладиган қурилманинг такомиллаштирилган конструкцияси ишлаб чиқилган;
ғўза қаторлари орасида бўйлама пол ҳосил қиладиган қурилма ағдаргич сиртли иш органининг параметрлари ғўза ниҳолларининг танаси ва илдиз тизимига шикаст етказмаслиги, энергия сарфи ҳамда иш органининг тортишга қаршилиги минимал бўлишини ҳисобга олган ҳолда асосланган ва уларнинг ўзгариш чегаралари аниқланган;
ғўза қатор ораларида бўйлама пол ҳосил қиладиган қурилма иш органи (ағдаргичли иш органи лемехининг эгат девори ва тубига нисбатан ўрнатилиш бурчаклари) параметрларининг мақбул қийматлари унинг агротехник ва энергетик иш (бўйлама полнинг баландлиги, ғўза ниҳолларининг шикастланиши ва тортишга қаршилиги) кўрсаткичларига таъсирини баҳоловчи регрессия тенгламалари олинган;
қурилманинг кўрсаткичлари унинг ҳаракат тезлигига боғлиқ равишда ўзгариш конунияти аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Ғўза қаторлари орасида бўйлама пол ҳосил қиладиган қурилмани такомиллаштириш ва параметрларини асослаш бўйича ўтказилган тадқиқотларда олинган илмий натижалар асосида: 
ғўза қатор ораларида бўйлама пол ҳосил қилувчи ва зичловчи қурилманинг техник ечимига Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг фойдали моделга патент олинган («Ғўза қатор ораларида бўйлама пол ҳосил қилувчи ва зичловчи қурилма», № FAP 01436 - 2019 й.). Натижада, ғўза қатор ораларида пол ҳосил қилишда иш сифати ва унумини ошириш ҳамда энергия-материал ҳажмдорликни камайтириш имконитига эга бўлган ағдаргич иш органли такомиллаштирилган қурилманинг конструкциясини ишлаб чиқиш имкони яратилган.
ғўза қатор ораларида бўйлама пол ҳосил қилиш қурилмасини ишлаб чиқаришни ўзлаштириш учун лойиҳа-конструкторлик ҳужжатлари ва ҳисоблаш усуллари «ВМКВ-Agromash» АЖга жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2020 йил 29 июндаги 02/023-1917-сон маълумотномаси). Натижада, ғўза қатор ораларида пол ҳосил қиладиган такомиллаштирилган қурилманинг саноат нусхаларини ишлаб чиқариш имкони яратилган;
ишлаб чиқилган пол ҳосил қилиш қурилмаси Бухоро вилояти Жондор, Вобкент ва Бухоро туманларидаги «XO’JAYEV SHARIF CHORVADOR», «UMEDOV SAVRIDDIN», «NILUFAR NAFISA NIGORA» фермер хўжаликларида жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2020 йил 29 июндаги 02/023-1917-сон маълумотномаси). Натижада, ғўза қаторлари орасида пол ҳосил қилишда меҳнат сарфи 70 мартага ҳамда эксплуатацион харажатларни 14,6 фоизга камайтиришга эришилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish