Sayt test rejimida ishlamoqda

Алламбергенов Танжарбай Даўлетмуратовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «G.hirsutum L. турига мансуб ғўза навларининг F1 ва F2 дурагайларида «тола сифати» белгисининг ирсийланиши ва ўзгарувчанлиги», 03.00.09 – Умумий генетика (биология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2018.2.PhD/B205. 
Илмий раҳбар: Қурбанбаев Илхам Джуманазарович, биология фанлари доктори, катта илмий ходим.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти, DSc.02/30.12.2019.В.53.01.
Расмий оппонентлар: Ахмедов Жамолхон Ходжахонович, биология фанлари доктори, профессор; Бабоев Саидмурат Кимсанбоевич биология фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Тошкент давлат аграр университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик. 
II. Тадқиқотнинг мақсади: ўрта толали ғўзанинг районлашган ва янги навларининг F1-F2 дурагайларида тола сифати белгиларининг ирсийланиш ва ўзгарувчанлик хусусиятларини аниқлаш ва бу белгиларнинг гибридологик таҳлили асосида тола сифати юқори бўлган селекцион ашёлар олишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор ўрта толали ғўза навларини чатиштиришда толаси IV-типга мансуб навнинг оталик шакл сифатида қўлланилиши ва бу навнинг доминантлиги тола микронейри ва солиштирма узилиш кучининг яхши кўрсаткичларига эга F1 комбинацияларини юзага келтириши аниқланган;
тола микронейри, юқори ўртача узунлиги, узунлик бўйича бир хиллилиги ва калта толалар индекси  кўрсаткичларининг F1 дурагайларида ўта доминантлик типида ирсийланиши гетерозигота ҳолатидаги аллел генларнинг кучли таъсири, толанинг солиштирма узилиш кучи ва узилишдаги узайишининг турли типларда ирсийланиши эса аллелларнинг турли даражада экспрессияси натижаси эканлиги исботланган;
турли тола типига эга навларнинг F1 дурагайларида тола сифат белгилари бўйича реципрок фарқланишларнинг мавжудлиги асосида бу белгиларнинг ирсий назоратида ядро генлари билан бир қаторда цитоплазма генлари ҳам иштирок этиши аниқланган;
белгининг наслдан-наслга берилиши коэффициенти (h2) кўрсаткичлари асосида тола сифат белгиларидан микронейр,солиштирма узилиш кучи, юқори ўртача узунликнинг  намоён бўлишида генотипнинг таъсири кучлилиги, калта толалар индекси, узунлик бўйича бир хиллик, узайишдаги узилиши бўйича эса генотип ва муҳит бир ҳил таъсир этиши аниқланган;
ғўза навларининг F2 дурагайларида тола микронейри ва солиштирма узилиш кучи белгилари бўйича ўзгарувчанлик кўламининг ота-она навлар толасининг типига боғлиқ эмаслиги асосида бу белгилар бўйича танловни F2 авлодидан бошлаш қимматли рекомбинантларни ажратиб олиш имконини бериши аниқланган;
чатиштиришда IV-тип толали навнинг ота ёки она шакл сифатида қўлланилиши толанинг юқори ўртача узунлиги белгиси бўйича F2 дурагайларида ижобий трансгрессияга олиб келиши, тола узунлиги бўйича бир хилликнинг навлар толасининг типига боғлиқ эмаслиги аниқланган;
толасининг юқори сифат кўрсаткичларини бошқа қимматли-хўжалик белгилари билан уйғунлаштирган селекцион истиқболли F3 оилалари олиш учун IV ва V-типли ўрта толали навларни ўзаро чатиштириш мақсадга мувофиқлиги аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
G.hirsutum L. турига мансуб ғўза навларининг F1 ва F2 дурагайларида тола сифати белгиларининг ирсийланиши ва ўзгарувчанлиги бўйича олинган илмий натижалар асосида:
ғўзанинг АН-130 нави Сирдарё вилояти Сайхунобод тумани «Ислом, Урол, Элёр” янги навларнинг дастлабки уруғ кўпайтириш хўжалигида амалиётга жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалик вазирлигининг 2019 йил 16 декабрдаги 02/020-4248-сон маълумотномаси).  Натижада, Сирдарё вилояти фермер хўжаликлари учун янги навнинг юқори сифатли уруғлигини етиштириш имконини берган;
ғўзанинг АН-130 нави Сирдарё вилоятининг фермер хўжаликларида 2014 йилда 11 гектар, 2015 йилда 485,4 гектар, 2016 йилда 494,4 гектар, 2017 йилда 511,0 гектар майдонга экилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалик вазирлигининг 2019 йил 16 декабрдаги 02/020-4248-сон маълумотномаси). Натижада, янги АН-130 навидан назорат навларга нисбатан гектарига 4–5 центнердан қўшимча пахта ҳосили етиштириш имконини берган;  
Наманган-77хАН-130 навларининг комбинацияси F3  ўсимликларидан ажратиб олинган тола сифати юқори бўлган оилалар уруғлик материаллари институтнинг «Ғўза генофонди” ноёб объекти коллекциясига киритилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг 2020 йил 7 августдаги 4/1255-1609-сон маълумотномаси). Натижада, ушбу ноёб оилалар ғўзанинг дунёвий генофондини бойитиш ҳамда коллекцион намуналар бўйича электрон базасини тўлдириш имконини берган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish