Бугун юртимизда кечаётган ислоҳотлар, жумладан рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш борасидаги саъй-ҳаракатларга мувофиқ тарзда олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш жараёни ҳам босқичма-босқич рақамлаштирилмоқда. Айни пайтда ОАК фаолиятида 7 та ахборот тизими амалиётга жорий этилган бўлиб, Тошкент ахборот технологиялари университети билан ҳамкорликда яна 5 та (“Корпоратив электрон ҳужжатлар айланиш комплекс-таҳлилий ахборот тизими”, “Диссертациялар жамоавий электрон экспертизаси ахборот тизими”, “Илмий даражалар комплекс-таҳлилий ахборот тизими”, “Илмий унвонлар комплекс-таҳлилий ахборот тизими”, “Илмий даражалар берувчи илмий кенгашлар ягона портали”) ахборот тизими ишлаб чиқилди ва ҳозирда тизимлар тест режимида синовдан ўтказилмоқда.
Миллий матбуот марказида ОАК томонидан ташкил қилинган брифинг мазкур мавзуга бағишланди. Унда ОАВ вакиллари ва жамоатчиликка “Электрон ОАК” хусусида батафсил маълумотлар берилди. Жумладан, ишлаб чиқилган ахборот тизимларининг ўзига хос хусусияти, қулайлик ва имкониятлари тегишли мутахассислар томонидан атрофлича тушунтирилди.
Брифингда берилган маълумотларга кўра, ушбу ахборот тизимлари глобал ва корпоратив тармоқ асосида ҳимояланган тартибда ишлайди. Уларнинг базаси лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида яратилиб, интерфейслари ўзбек, рус ва инглиз тилларида локализация қилинган. Улардан фойдаланиш масофаси чегараланмаган, барча аттестация жараёнларини масофавий ташкил қилиш имконияти мавжуд.
“Электрон ОАК” тизимининг яратилиши қуйидаги натижаларга эришишга хизмат қилади:
-илк бор миллий даражада илмий даражалар ва илмий унвонлар бўйича аттестация ишлари, жумладан экспертиза жараёни ҳам электрон тарзда амалга оширилади;
-олий таълим ва илмий тадқиқот муассасалари, илмий даражалар берувчи илмий кенгашлар ва ОАК ўртасидаги барча ҳужжатлар корпоратив электрон ҳужжатлар айланиш комплекс-таҳлилий ахборот тизими асосида амалга оширилади;
-илк бор миллий даражада диссертациялар интернет тармоғи орқали илмий жамоатчиликнинг электрон экспертизасидан ўтказилади ва унинг ижобий натижаси асосида ҳимояни ташкил этиш йўлга қўйилади;
-аттестация жараёнларини узлуксиз ва онлайн шаклда ташкил қилишнинг илмий-ташкилий ва дастурий базаси яратилади;
-илмий унвонлар ва илмий даражалар бўйича доимий равишда ўсиб борувчи маълумотлар базасига эга бўлган идоравий ахборот тизимлари “Давлат фуқаролик хизмати ягона электрон ахборот-таҳлилий тизими” дастурий-аппарат комплексига интеграция қилинади.
Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар аттестацияси тизимига жорий этилаётган мазкур ахборот тизимлари соҳа фаолиятининг сифати ва натижадорлигини оширишда, аттестация жараёнининг шаффофлигини ва мазкур жараён иштирокчиларининг масъулиятини янада оширишда муҳим аҳамият касб этади.
ОАК Ахборот хизмати