Sayt test rejimida ishlamoqda

Тажибоев Маъруфжон Маматожиевичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар. 
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража берадиган фан тармоғи номи): «Фуқаролик ишлари бўйича суд ҳал қилув қарорларининг назарий ва амалий масалалари», 12.00.04–«Фуқаролик процессуал ҳуқуқи. Хўжалик процессуал ҳуқуқи. Ҳакамлик жараёни ва медиация» (юридик фанлар).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2020.1.Phd/Yu352.  
Илмий раҳбар: Мамасиддиқов Музаффаржон Мусажонович, юридик фанлар доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақа ми: Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби, PhD.37/27.02.2020.Yu.107.01. 
Расмий оппонентлар: Эгамберидиев Эминжон, юридик фанл ар доктори, профессор;  Авезов Косим Сафарович, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.  
II. Тадқиқотнинг мақсади фуқаролик ишлари бўйича суд ҳал қилув қарорларининг назарий ва амалий жиҳатларини такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
сиртдан иш юритиш институти орқали низоларни ҳал этишнинг процессуал механизмини қўллаш тартиби таҳлил қилинди ва бу билан боғлиқ хорижий давлатлар қонунчилик тажрибаси асосида тегишли тарзда хабардор қилинган жавобгар суд мажлисига такроран келмаса, суд даъвогарнинг фикридан қатъи назар, ишни сиртдан иш юритиш тартибида кўришининг мақсадга мувофиқлиги асослантирилган; 
суднинг ҳал қилув қарорларини расмийлаштириш амалиёти ва бу билан боғлиқ хорижий давлатлар тажрибаси асосида ушбу жараённи соддалаштиришни ҳуқуқий тартибга солиш усули ҳамда тартиби таҳлил қилинган ва суднинг ҳал қилув қарори кириш, асослантирувчи ва хулоса қисмларидан иборат бўлиши асослантирилган;
ҳал қилув қарорлари низоли ишни мазмунан ҳал қилишга қаратилган суд тартиб-таомилларини якунловчи суд ҳужжати ҳисобланиши, у фақатгина биринчи инстанция суди томонидан чиқарилиши, юқори инстанция судининг ҳужжатлари ўз номи билан ҳам ажралиб туриши ва улар томонидан чиқариладиган ҳужжатларни қарор тарзида номлаш мақсадга мувофиқлигидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикасининг ФПКга юқори инстанция судларининг ваколатлари таҳлил қилиниб, улар томонидан янги ҳал қилув қарори чиқариш ваколатини бериш юзасидан хулосалар асослаб берилган;
қонуний кучга кирган суднинг ҳал қилув қарорига ижро ҳужжати мақомини бериш асослантирилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Фуқаролик суд ишларини юритишда суднинг ҳал қилув қарорларини назарий ва амалий масалаларини тадқиқ этиш бўйича олинган илмий натижалар асосида: 
тегишли тарзда хабардор қилинган жавобгар суд мажлисига такроран келмаса, суд даъвогарнинг фикридан қатъи назар, ишни сиртдан иш юритиш тартибида кўриши таклифи Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 281-моддаси иккинчи қисмига киритилган (Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг 2020 йил 9 июлдаги 265-20-сон маълумотномаси). Мазкур таклифнинг қабул қилиниши сиртдан иш юритиш институти орқали низоларни ҳал этишнинг процессуал механизмини қўллаш, даъвогарларнинг бузилган ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини судлар томонидан самарали ҳимоя қилиш имконини берган; 
асослантирилган ҳал қилув қарорини тайёрлашни кечиктириш истисно ҳолларда, ўта мураккаб ишлар бўйича беш кундан ортиқ бўлмаган муддатга йўл қўйилиши, бундай ҳолларда ҳал қилув қарорининг фақатгина кириш ва хулоса қисмлари тайёрланиши, ҳал қилув қарорининг хулоса қисми иш муҳокамаси тамомланган суд мажлисининг ўзида судья томонидан имзоланиши, ўқиб эшиттирилиши ва ишга қўшиб қўйилиши ҳақида ишлаб чиқилган таклифи Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2019 йил 24 майда қабул қилинган 12-сонли “Суднинг ҳал қилув қарори ҳақида”ги қарори 5-бандида ўз ифодасини топган (Ўзбекистон Республикаси Олий суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2020 йил 29 майдаги 16943-сон маълумотномаси). Ушбу таклифнинг қабул қилинганлиги суд ҳал қилув қарорларини расмийлаштиришни соддалаштиришга, судьялар иш ҳажмининг мақбуллаштирилишига, фуқароларнинг вақти ва маблағи тежалишига, суд ҳужжатларининг эса тезкорлиги ва таъсирчанлигини оширишга хизмат қилган;
судларнинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарорлари, ёпиқ суд мажлисида қабул қилинганлардан ташқари, суднинг расмий веб-сайтида фақатгина тарафларнинг розилиги асосида ёки шахссизлантирилган ҳолда эълон қилиниши мумкинлиги ҳақидаги таклифи Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2019 йил 24 майда қабул қилинган 12-сонли “Суднинг ҳал қилув қарори ҳақида”ги қарори 26-бандига киритилган (Ўзбекистон Республикаси Олий суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2020 йил 29 майдаги 16943-сон маълумотномаси). Мазкур таклифнинг қабул қилинганлиги суд ҳал қилув қарорининг очиқлигини таъминлаш билан бир қаторда шахсий ҳуқуқларни ҳимоя қилишга эришилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish