Sayt test rejimida ishlamoqda

Рахмонов Умид Азаматовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Тухум йўналишидаги товуқлар гиповитаминозларининг профилактикасини такомиллаштириш», 16.00.01 – Ҳайвонлар касалликлари диагностикаси, терапияси ва хирургияси (ветеринария фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.3.(PhD)/V16.
Илмий раҳбар: Норбоев Қурбон Норбоевич, ветеринария фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Самарқанд ветеринария медицинаси институти. 
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Самарқанд ветеринария медицинаси институти, DSc.06/30.12.2019.V.12.01. 
Расмий оппонентлар: Эшбуриев Бахтиёр Маматқулович, ветеринария фанлари доктори; Маматов Шавкат Содиқович, ветеринария фанлари номзоди.
Етакчи ташкилот: Ветеринария илмий-тадқиқот институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади тухум йўналишидаги товуқларда гиповитаминозларнинг этиологияси, симптоматикаси, маҳсулдорлик кўрсаткичлари, қон ва тухум таркибининг морфобиокимёвий ўзгаришларини ўрганиш, самарадорлиги юқори бўлган гуруҳли профилактика усулини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш. 
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Республикамизнинг паррандачилик хўжаликларида парваришланаётган тухум йўналишидаги Ломанн Браун-Классик зотли товуқларда гиповитаминозларнинг тарқалиши, иқтисодий зарари, сабаблари, симптомлари, қон ва тухум таркибининг биокимёвий ўзгаришлари аниқланган; 
товуқларда гиповитаминозлар қондаги гемоглобин, глюкоза, умумий оқсил, токоферол, ретинол, умумий кальций, анорганик фосфор миқдорларининг ҳамда тухум сариғидаги А витамини ва каротиноидлар миқдорининг камайиши билан кечиши тажрибаларда исботланган;
товуқларда гиповитаминозлар организм табиий резистентлигининг (бактерицид, лизоцим, фагоцитар фаоллик) пасайиши билан характерланиши тажрибаларда тасдиқланган;
товуқларда гиповитаминозларнинг олдини олиш учун рацион таркибининг ҳар 1 кг ҳисобига 1 г витапрем (витаминлар), 1 г витапрем (минераллар), 12 г  монокальцийфосфат ва 1 г пробиотик (Вio - 3S) қўшиб тайёрланган гранула ҳолатидаги бойитилган омухта ем ишлаб чиқилиб амалиётга жорий этилган; 
бойитилган гранула ҳолатидаги омухта емнинг товуқлар гиповитаминозларига қарши профилактик хусусиятга эга эканлиги, қон ва тухумнинг морфобиокимёвий кўрсаткичларини меъёрлаштириши ҳамда тухум маҳсулдорлигини 18-20% га, тухум вазнини ўртача 7-8 г га ошириши тажрибаларда исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Тухум йўналишдаги товуқлар гиповитаминозларининг профилактикасини такомиллаштириш бўйича олиб борилган илмий тадқиқот натижалари асосида:
«Тухум йўналишидаги товуқларда гиповитаминозларнинг диагностикаси ва профилактикаси бўйича тавсиялар» ишлаб чиқилган ва амалиётга жорий этилган (Ветеринария ва Чорвачиликни ривожлантириш Давлат қўмитасининг 2020 йил 10 мартдаги №02/23-121-сон маълумотномаси). Натижада тухум йўналишидаги товуқларда гиповитаминозларнинг олдини олишда 90-95% самарадорликга эришилган;
товуқларда гиповитаминозларнинг олдини олиш учун витамин ва минераллар билан баланслаштирилган гранула шаклидаги бойитилган омухта ем ишлаб чиқилиб, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларидаги паррандачилик фермер хўжаликларига жорий этилган (Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасининг 2020 йил 10 мартдаги №02/23-121-сон маълумотномаси). Бунинг натижасида тухум йўналишидаги товуқларда модда алмашинуви жараёнларининг меъёрида кечиши, тана вазнининг ўртача 19,6% га, тухум маҳсулдорлигининг ўртача 18-20% га юқори бўлишига эришилган;
ишлаб чиқилган ушбу профилактик мажмуани паррандачилик хўжаликларида товуқлар гиповитаминозларининг олдини олишда жорий этилишининг иқтисодий самарадорлиги юқори бўлиб, (Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасининг 2020 йил 10 мартдаги №02/23-121-сон маълумотномаси) сарфланган 1 сўм харажат ҳисобига иқтисодий самара 6,5 сўмни ташкил этган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish