Sayt test rejimida ishlamoqda

Юсупов Умидбек Болтаевичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Ихтисослаштирилган автотранспортларни карьер шароитида ишлашини ҳисобга олган ҳолда, шиналарининг юришини меъёрлаш услубини яратиш”, 05.08.06 – Ғилдиракли ва гусеницали машиналар ва уларни ишлатиш (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2020.2.PhD/Т954.
Илмий раҳбар: Топалиди Валерий Анатольевич, техника фанлари номзоди, доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатацияси институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатацияси институти, DSc.18/30.12.2019.Т.09.01.
Расмий оппонентлар: Шарипов Конгратбай Авезимбетович, техника фанлари доктори, профессор; Алибоев Бахтиёр Абдурахмонович, техника фанлари бўйича фалсафа доктори, PhD. 
Етакчи ташкилот: Тошкент давлат техника университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади ихтисослаштирилган транспорт воситаларини карьер шароитида ишлашини ҳисобга олиб, шиналар юриш масофасини меъёрлаш услубини яратиш ва ейилишга бардошлигини баҳолашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
турли тоифали йўл шароитида, жумладан, карьер йўлларида ихтисослаштирилган транспорт воситалари (ИТВ) шиналарининг ейилиш динамикаси аниқланган;
проф. М.М.Протодьяконов шкаласи бўйича карьер йўллари асосини ташкил этувчи тоғ породасининг қаттиқлигига боғлиқ бўлган ИТВ шиналарининг юриш масофасини тузатиш коэффициентлари ишлаб чиқилган ва илмий муомалага киритилган;
V - тоифали эксплуатация шароити, карьер чуқурлигидан келиб чиқиб, иккита Va ва Vб гуруҳга ажратилган ва карьер йўл қопламасини баҳоловчи –Д7 карьернинг ички ва отвал йўллари қўшимча киритилган;
автотранспорт воситаларининг турли тоифали йўлларда ва карьер шароитида ишлашини ҳисобга олиб, шиналар юриш масофасини меъёрлашнинг ўзига хос универсал услуби ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. ИТВларининг карьер шароитида ишлашини ҳисобга олиб, шиналари юриш масофасини меъёрлаш услубини ишлаб чиқиш бўйича ўтказилган тадқиқот натижалари асосида:
карьер йўлларига асос сифатида ётқизилган тоғ породаларининг қаттиқлигига боғлиқ бўлган ИТВ шиналарининг юриш масофасини тузатиш коэффициентлари биринчи маротаба ишлаб чиқилиб, (“Олмалиқ КМК” АЖда Кгп =0,275; “Қизилқумцемент” АЖда Кгп =0,6125; “Ўзбеккўмир” АЖда Кгп =0,8) жорий этилган (“Олмалиқ КМК” АЖнинг 2020 йил 10 июндаги АА-004414-сон маълумотномаси, Транспорт вазирлигининг 2020 йил 16 июндаги 2/3300-6066-сон маълумотномаси). Натижада, шиналар юриш масофасини тузатиш коэффициентлари Ўзбекистондаги барча карьерларда ишлатилаётган ИТВлари шиналарини меъёрлаш имконини берган;
автотранспортларнинг карьер шароитида ишлашини ҳисобга олиб, шиналарининг юриш масофасини меъёрлаш учун универсал ўзига хос услуб ишлаб чиқилган ҳамда “Олмалиқ КМК шароитида автотранспорт воситаларининг шиналарини меъёрлаш ва улардан фойдаланиш қоидаларига оид қўлланма” фойдаланиш учун тавсия этилган (“Олмалиқ КМК” АЖнинг 2020 йил 10 июндаги АА-004414-сон маълумотномаси, Транспорт вазирлигининг 2020 йил 16 июндаги 2/3300-6066-сон маълумотномаси). Натижада, ИТВлари шиналари юришининг меъёрий масофаси 20% гача ошишига эришилган;
“Олмалиқ КМК” АЖда фойдаланилаётган ИТВлари учун шина ўлчами 12.00R20 бўлган битта КрАЗ-65055 самосвали мисолида, шиналардан тўғри фойдаланиш, шиналарни меъёрлаш ва танлаш бўйича услуб тадбиқ этилган (“Олмалиқ КМК” АЖнинг 2020 йил 10 июндаги АА-004414-сон маълумотномаси). Натижада, тавсиялардан таҳминий йиллик иқтисодий самарадорлик 6510000 сўмни ташкил қилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish