Sayt test rejimida ishlamoqda

Яркулов Ахрор Юлдашевичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган тармоғи номи): «Полисахарид-кремнезем нанокомпозицияларнинг физик-кимёвий хоссалари», 02.00.04 – Физик кимё (кимё фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2020.2.DSc/К80.
Илмий маслаҳатчи: Акбаров Хамдам Икрамович, кимё фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон миллий университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон миллий университети, DSc.03/30.12.2019.К.01.03.
Расмий оппонентлар: Рўзимурадов Олим Нарбекович, кимё фанлари доктори; Эргашев Ойбек Каримович, кимё фанлари доктори; Бекчанов Даврон Жумазарович, кимё фанлари доктори.
Етакчи ташкилот: Самарқанд давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: золь-гель усулида олинган гибрид полисахарид-кремнезем нанокомпозицияларнинг термодинамик ва физик-кимёвий хоссаларини аниқлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор прецизион адсорбцион-калориметрик усул билан олинган тажриба маълумотлари, микроғовакларнинг ҳажмий тўйиниш назариясининг икки ва уч аъзоли тенгламаларини қўллаб олинган назарий маълумотлар билан мос келиши аниқланган;
илк бор прецизион адсорбцион-калориметрик усул билан олинган сорбцияланиш бўйича гибрид полисахарид-кремнезем нанокомпозицияларнинг термодинамик функциялари аниқланган;
гибрид полисахарид-кремнезем нанокомпозицияларда «синтез-тузилиш-хосса» ўзаро боғлиқлиги ва муайян ғовак тузилишли ҳамда солиштирма сиртли наноматериалларни синтез шароитлари аниқланган;
гибрид полисахарид-кремнезем нанокомпозитларда сув ва бензол буғлари адсорбциясининг термокинетикаси орқали адсорбцион мувозанат вақти аниқланган;
илк бор гибрид полисахарид-кремнезем нанокомпозицион материалларда адсорбатлар адсорбцияси юқори иссиқлик билан кузатилиши ва интеграл ўртача моляр энтропиянинг қиймати кескин камайиши аниқланган;
статик шароитда ДАЦ-кремнезем нанокомпозицион сорбцион гибрид материалларининг кадмий (II), симоб (II) ва қўрғошин (II) ионлари сорбциясини қонуниятлари аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Гибрид полисахарид-кремнезем нанокомпозицион сорбентлар ёрдамида спектроскопик усулда оғир заҳарли металларни ажратиш усулини ишлаб чиқиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
золь-гель технологияси орқали олинган диацетатцеллюлоза-кремнезем асосидаги гибрид нанокомпозицион сорбентлар ёрдамида симоб (II), кадмий (II), ва қўрғошин (II) ионларини аниқлашнинг сорбцион-спектроскопик усуллари “Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи” МЧЖда амалиётга жорий этилган (“Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи” МЧЖнинг 2017 йил 11 сентябрдаги 781/09-з-сон маълумотномаси). Натижада оғир заҳарли металл ионларини тозалашнинг самарали услубини яратиш имконини берган;
золь-гель технологияси усули орқали олинган полимер-кремнезем системаси асосидаги гибрид нанокомпозицион сорбентлар ёрдамида оғир заҳарли металл ионларини аниқлашнинг сорбцион-спектроскопик усуллари “Электрокимё заводи” АЖда амалиётга жорий этилган (“Электрокимё заводи” АЖнинг 2016 йил 12-декабрдаги 529-сон маълумотномаси). Натижада гальваник жараёнлардан ҳосил бўладиган саноат оқава сувларни оғир заҳарли металл ионларидан тозалаш имконини берган;
Аргентина Сан Мартин Миллий университетининг «Нанокомпозит полимер-кремнезем юпқа плёнкаларига сув буғининг адсорбцияси» илмий тадқиқотида янги полимер-кремнеземларни физик-кимёвий хоссаларини аниқлашда фойдаланилган (Buenos Aires, Argentina, Сан Мартин Миллий университети 2017 йил 1 февралдаги маълумотномаси). Натижада полимер-кремнезем адсорбцион материалларнинг термодинамик тавсифлаш имконини берган;
гибрид полисахарид-кремнезем нанокомпозицияларининг физик-кимёвий хоссаларидан А-12-57 рақамли «Нанодисперс кремнезем олишнинг золь-гель технологиясини ишлаб чиқиш» мавзусидаги амалий лойиҳада золь-гель усулида нанодисперс кремнеземни олинишида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020 йил 22 январдаги 89-04-259-сон маълумотномаси). Натижада золь-гель усули бўйича синтез қилинган нанодисперс аморф кремнеземни термодинамик ва физик-кимёвий хоссаларини аниқлаш имконини берган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish