Носиров Музаффар Мадаминовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Ёши кекса беморларда сигмасимон ичак буралишини даволаш тактикасини яхшилаш йўллари», 14.00.27–Хирургия (тиббиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: №B2019.4.PhD/Tib1105.
Илмий раҳбар: Хакимов Дилшодбек Мамадалиевич, тиббиёт фанлари доктори.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Андижон давлат тиббиёт институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази, DSc.04/30.12.2019.Tib.49.01.
Расмий оппонентлар: Хакимов Мурод Шавкатович, тиббиёт фанлари доктори, профессор; Гуламов Олимжон Мирзахитович, тиббиёт фанлари доктори.
Етакчи ташкилот: Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институти.
Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: хирургик тактикани оптималлаштириш йўли билан кекса ёшдаги беморларда сигмасимон ичак буралишини хирургик усулда даволаш натижаларини яхшилашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
кекса ёшдаги беморларда сигмасимон ичак буралишини ўзига хос кечишининг клиник ва патологик хусусиятлари, ушбу ёш гуруҳига хос бўлган йўғон ичак тутилишининг асосий симптоматикаси ҳамда ёндош касалликларнинг намоён бўлиши, шунингдек ичак некрози ривожланиш хавфи аниқланган;
кекса ёшдаги беморларда сигмасимон ичак буралишини радикал хирургик усулда даволашда, асосий патологик жараённинг оғирлигини ҳисобга олган ҳолда амалга ошириш эҳтимоллигини баҳолаш учун этакчи мезонлар, шунингдек, ушбу ёш гуруҳига хос бўлган нохуш башоратларнинг хавф омиллари аниқлаштирилган;
кекса беморларда сигмасимон ичак буралишида ичакларни етарлича декомпрессия ва санация қилишнинг, шунингдек, қорин бўшлиғини дренажлашнинг модификацияланган усулларидан фойдаланган ҳолда хирургик усулда даволашнинг тактик ва техник жиҳатлари такомиллаштирилган;
сигмасимон ичак буралиши бўлган кекса беморларда қоннинг ивиш ва ивишга қарши тизими ҳолатининг патогенетик хусусиятлари аниқланган ҳамда уларнинг бузилишининг энг юқори даражаси ва тромбоэмболик асоратлар ривожланишининг максимал хавфи тасдиқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Ёш гурухига мансуб беморларда сигмасимон ичак буралишини жаррохлик даволаш натижаларини яхшилашга бағишланган илмий тадқиқот натижалари асосида:
«Ёши кекса беморларда сигмасимон ичак буралишида хирургик тактика алгоритми» услубий тавсияномаси тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2020 йил 18 июндаги 8н-з/58-сон маълумотномаси). Олинган натижалар ёши кекса беморларда сигмасимон ичак буралишини хирургик даволашда асоратлар ва ўлим кўрсаткичини ҳамда амалиётдан кейиги эрта ва узоқ муддатларда махсус асоратлар ривожланиш хавфини камайтириш имконини берган;
«Ёши кекса беморларда сигмасимон ичак буралишини ташхислаш ва даволаш тактикасини танлаш учун дастур» ЭҲМ учун дастур тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2020 йил 18 июндаги 8н-з/58-сон маълумотномаси). Ушбу дастур хирургик тактикани такомиллаштириш ҳамда даволаш натижаларини яхшилаш имконини берган;
кекса ёш гуруҳига мансуб беморларда сигмасимон ичак буралишини хирургик даволаш натижаларини яхшилашга бағишланган тадқиқотнинг илмий натижалари соғлиқни сақлаш амалий фаолиятига, хусусан, Андижон давлат тиббиёт институти клиникасининг шошилинч хирургия бўлими ва Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Андижон филиалининг 1- ва 2-сонли шошилинч хирургия бўлимлари амалий фаолиятларига (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2020 йил 18 июндаги 8н-з/58-сон маълумотномаси) татбиқ этилган. Бунинг натижасида турли хил махсус асоратларни эрта даврда 30% га ва амалиётдан кейинги даврда 18,1% га қисқартириш, ўлим кўрсаткичини 20,6% га камайтириш ҳамда яхши ва қониқарли натижаларни 81,3% га ошириш имконини берган.