Кадирова Зухра Абраровнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Микроклонлаш усули ёрдамида вируссиз доривор Physalis alkekengi ўсимлигини яратиш ва биологик фаол моддалар олиш», 03.00.12–Биотехнология (биология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2019.2.PhD/B347.
Илмий раҳбарлар: Ташмухамедова Шохиста Сабировна, биология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Миллий университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Микробиология институти, DSc.02/30.12.2019.В.38.01.
Расмий оппонентлар: Турдикулова Шахлохон Уткуровна, биология фанлари доктори, профессор; Рамазанов Нурмурод Шералиевич, кимё фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Геномика ва биоинформатика маркази.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: тамаки мозаикаси вирусини ажратиш, тозалаш ва идентификация қилиш ҳамда микроклонлаш усулида вируссиз Physalis alkekengi доривор ўсимлигини яратиш ва биологик фаол моддаларни олишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор Physalis alkekengi L. доривор ўсимлигидан Virgaviridae оиласига мансуб “тобамовируслар” гурухи вакили бўлган тамаки мозаикаси вирусининг TMV-Ph штамми ажратилган ва унга паспорт олинган;
ажратиб олинган тамаки мозаикаси вирусининг TMV-Ph штаммини дала шароитида идентификация қилиш учун сезгир иммунофермент таҳлил (dot-ИФА) усули қўлланилиши билан асосланган;
илк бор Physalis alkekengi ўсимлиги эксплантларини ўстириш учун оптимал озиқа муҳитлари танланган ва унинг асосида Physalis alkekengi L. ўсимлиги микроклонал кўпайтирилиб, вируссиз ўсимлик яратилган, шунингдек, ўсимлик ривожланишининг ювенил фазасидан репродуктив фазасига ўтиши ва тупроқда ўстириш шароитлари асосланган;
микроклонлаш усулида кўпайтирилган Physalis alkekengi ўсимлигида TMV-Ph вирусини аниқлаш учун праймерлар дизайни тузилган ва полимераза занжир реакцияси (ПЗР) усули ёрдамида ўсимликда вирус мавжуд эмаслиги исботланган;
Physalis alkekengi ўсимлиги флавоноидлари экстрактининг Proteus mirabilis 9, Escherichia coli NC 101, Listeria monocytogenes ва Bacillus subtilis каби шартли патоген ва патоген бактерияларга нисбатан фаоллиги, шунингдек, in vivo усулида иммуностимуляторлик фаоллиги аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Physalis alkekengi доривор ўсимлигини микроклонал кўпайтириш усули ёрдамида вируссиз ўсимлик яратиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
тамаки мозаикаси вируси Tobacco mosaic virus-TMV-Ph штамми Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институтининг “Фитопатоген ва бошқа микроорганизмлар” ноёб объекти коллекцияси генофондига топширилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг 2019 йил 25 июлдаги 4/1255-2050-сон маълумотномаси). Натижада фитопатоген микроорганизмлар штаммлари коллекция генофондини бойитиш, вирус турлар хилма-хилликлари электрон базаси ахборот-таҳлил тизимини шакллантириш имконини берган;
Physalis alkekengi доривор ўсимлигидан ажратиб олинган тамаки мозаикаси вируси TMV-Ph штамми Жаҳон микроорганизмлар маълумотлар марказининг Патоген микроорганизмлар миллий коллекциясининг (World Data Center for Microorganism (WDCM) National Collection of Phytopathogenic Microorganisms (NCAM)) маълумотлар базасига WDCM 862-рақами орқали рўйхатдан ўтказилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг 2019 йил 25 июлдаги 4/1255-2050-сон маълумотномаси). Натижада дунёнинг турли минтақаларида тарқалган тобамовируслар гурухига оид турларни тадқиқ қилишда глобал доирада фойдаланиш имконини берган;
Physalis alkekengi доривор ўсилигини микроклонлаш усулида кўпайтирилиши И-2016-5/13 рақамли «Микроклонланган ноёб ўсимлик навларини яратиш технологиясини ишлаб чиқиш ва амалиётга тадбиқ этиш» амалий лойиҳасида ўсимлик ривожланишининг ювенил фазасидан репродуктив фазасига ўтиши ва тупроқда ўстириш шароитларини аниқлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг 2020 йилнинг 11 мартдаги 4/135-сон маълумотномаси). Натижада вируссиз соғлом, доривор Physalis alkekengi ўсимлиги яратиш имконини берган.