Адилов Фарход Абдувалиевичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи) “Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги ижтимоий-иқтисодий ҳамда маданий алоқалар тарихи (1945 – 1991 й.й)”, 07.00.05 – Халқаро муносабатлар ва ташқи сиёсат тарих, 07.00.01 – Ўзбекистон тарихи ихтисосликлари бўйича фалсафа доктори (PhD) (тарих фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2020.2.PhD/Tar3
Илмий раҳбар: Юнусова Хуршида Эркиновна, тарих фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Миллий университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, DSc.11/30.12.2019.Tar/Yu/I/S/24.01.
Расмий оппонентлар: Нуриддинов Эркин Зухриддинович, тарих фанлари доктори, профессор; Ахмедшина Фания Авзаловна, тарих фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Тошкент давлат шарқшунослик институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: 1945 – 1991 йилларда Ўзбекистон ва Озарбайжон республикалари ўртасидаги ижтимоий-иқтисодий ва маданий алоқалар тарихини очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотининг илмий янгилиги:
Ўзбекистон ва Озарбайжон Республикалари ўртасидаги ҳамкорлик алоқалар иккинчи жаҳон урушидан сўнг асосан, қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилганлиги, 1960-йиллардан совет мафкураси тазйиқларига қарамай, иқтисодий, ижтимоий ҳамда маданий соҳаларида ўзаро ҳамкорлик фаоллашганлиги исботланган;
икки республика ўртасидаги, ижтимоий-иқтисодий соҳалар учун мутахассис кадрларни тайёрлаш, Ўзбекистон саноати учун эҳтиёт қисмларнинг Озарбайжондан келтирилиши ҳамда қишлоқ хўжалигида – пахта, жут ва нут ўсимликларини етиштириш, қоракўлчиликни ривожлантириш борасидаги ҳамкорлик алоқалари тарихи тарихий маълумотлар асосида очиб берилган;
ўзбек ва озарбайжон халқларининг маданият, хусусан, театр ва кино, адабиёт соҳаларидаги ҳамкорлиги, озарбайжонлик маданият арбоблари Ҳ. Жовид, У. Ҳожибеков, Ж. Жабборли ва С. Вурғунларнинг ўзбек театр санъатининг ривожланишига муносиб ҳисса қўшганлиги, ўзбек тилида мусиқали спектаклларни яратишда маҳаллий томошабинларнинг маънавий ва бадиий талабига мос келадиган озарбайжон мусиқали театрларининг репертуаридан фойдаланилганлиги ёритиб берилган;
маданий-гуманитар ва илмий ҳамкорликни амалга оширишда илм-фан, адабиёт соҳаларининг икки халқ ўртасидаги “халқ дипломатияси”нинг шаклланишига хизмат қилганлиги аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги ижтимоий-иқтисодий ҳамда маданий алоқалар тарих бўйича олинган илмий антижалар асосида:
Ўзбек ва озарбайжон халқларининг узоқ йиллик, айниқса, совет давлати ҳукмронлиги йилларидаги иқтисодий босим ва тайзиқларга қарамай, ривожланган ҳамкорлик алоқалари, ўзаро тажриба алмашиш, 1966 йилдаги Тошкент зилзиласи вақтида озарбайжон халқининг Тошкент шаҳри аҳолисига кўрсатган қардошларча ёрдами ҳақидаги натижалардан Тошкент шаҳар олий ўқув юртлари, мактаб ва ташкилотларда ўтказилган давра суҳбатларида фойдаланилган (Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи Марказий Кенгашининг 2019 йил 17 майдаги 04-13/2342-сон маълумотномаси). Бу ёшлар ва анжуман иштирокчиларида икки халқ ўртасидаги қардошларча алоқаларни мафкуравий босимга қарамай, ривожланиб келганлиги ҳақидаги маълумотарга эга бўлишларига имкон берган;
ўзбек ва озарбайжон халқларининг ўзаро алоқаларида адабиёт, театр, кино ва санъат соҳаларидаги доимий ҳамкорлиги маданият кунлари ўтказилиши билан янада ривожланиб борганлиги, ушбу алоқаларда “социалистик ғоялар” устун бўлса-да, миллий маданиятлар ўзаро яқинлашиб, бир-биридан баҳра олганлиги ҳақидаги таҳлиллардан Ҳ. Алиев номидаги Озарбайжон маданият марказининг давра суҳбатлари, ташкилотларда ўтказилган тадбирларида фойдаланилган (Ҳ. Алиев номидаги Озарбайжон маданият марказининг 2019 йил 3 октябрдаги 37/UZE-сон маълумотномаси). Бу қатнашчиларда икки халқ ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларининг бугунги кундаги ривожи, унинг тарихий илдизлари ҳақида маълумотларга эга бўлишларига имкон берган;
Ўзбекистон ва Озарбайжон ҳамкорлиги тарихини ёритишда Озарбайжон Миллий маданий маркази ва “Ўзбекистон ва Озарбайжон” дўстлик жамиятлари тадбирлари, хусусан, театр, кино ва адабиёт соҳаларида озарбайжонлик маданият ходимларининг қўшган ҳиссалари ҳақидаги маълумотлар берилган (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Миллатлараро ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари” қўмитасининг 2019 йил 21 октябрдаги 01-09–1821-сон маълумотномаси). Бу тадбирлар миллатлараро муносабатлар соҳасидаги давлат сиёсатининг устувор йўналишларини самарали ижроси таъминланган;
Икки халқ ўртасидаги ижтимоий-иқтисодий, маданий алоқалари тарихини ўрганишга оид энг муҳим тарихий ва илмий-назарий фикрларидан Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг “O’zbekiston tarixi” телеканалидаги “Тақдимот” кўрсатувини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг 2019 йил 10 октябрдаги 02-03-99244-сон маълумотномаси). Бу натижалар асосида икки халқ ўртасидаги алоқалар тарихини янада чуқур ўрганишга ва муносабатларни мустаҳкамлашга хизмат қилган.