Sayt test rejimida ishlamoqda

Азимова Дилдора Баҳриддиновнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Янги ўзбек достон (поэма)ларида давр ва шахс фожеасининг поэтик талқини (Ойбек, Миртемир, С.Зуннунова, Зулфия, Э.Воҳидов, А.Орипов достонлари мисолида)», 10.00.02–Ўзбек адабиёти (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2019.3.PhD/Fil 952.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети.
Илмий маслаҳатчи: Норматов Умарали, филология фанлари доктори, профессор.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, DSc.03/30.12.2019.Fil.19.01. 
Расмий оппонентлар: Якубов Исламжон Ахмеджанович, филология фанлари доктори, доцент; Милиев Сувон, филология фанлари номзоди.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Миллий университети
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: давр ва шахс фожеаси поэтик талқинида янги ўзбек достонларининг жанр имкониятларини, хусусан, романизация (романлашув) ҳодисасининг ўрнини очиб бериш, эпик тасвирнинг лирик мушоҳада объектига айланиш жараёнини тадқиқ этишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
ўзбек адабиётидаги  Ойбек, Миртемир, С.Зуннунова, Зулфия, Э.Воҳидов, А.Орипов, М.Юсуф, Ў.Ҳайдар, У.Ҳамдам достонларида давр ва шахс фожеасининг поэтик талқини, достоннинг жанр сифатидаги  имкониятлари мисоллар асосида аниқланган;
янги ўзбек достонларида давр ва шахс фожеаси муаммоси, эпик тасвирнинг лирик мушоҳада объектига айланиши, достонларда реалистик талқиннинг лирик субъект воситасида ифода этилиши, ҳозирги достонларда кечаётган  романлашув (романизация) жараёнининг ўзига хос хусусиятлари, жанр канонларининг емирилиш ҳолати (декононизация) очиб берилган;
уруш даври умуминсоний фожеаларининг янги ўзбек достонларида акс этиши, уларда давр ва шахс фожеасини тасвирлашда ижодкорларнинг фалсафий-поэтик талқини муаммоси очиб берилган;
достонларда миллий истиқлол масалаларининг ёритилиши, мустабид тузум шароитида шоир шахси муаммоси, қатағон даври фожеасининг ўтмиш ва келажак ракурсларидан поэтик идрок этилиши, глобаллашув даврида шахс маънавий фожеасининг таназзули, янги инсон руҳиятида юзага келган зиддиятлар мисоллар асосида далилланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Янги ўзбек достонларида давр ва шахс фожеасининг поэтик талқини бўйича олинган натижалар асосида:
янги ўзбек достонларида адабий таъсир ва ижодий тафаккур тадрижи сингари таҳлил натижаларидан Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтида бажарилган ФА – Ф1-ГО40 “Ўзбек адабиёти қиёсий адабиётшунослик аспектида: типология ва адабий таъсир” (2012 – 2016) фундаментал лойиҳасида фойдаланилган (Фанлар академиясининг 2020 йил 7 январдаги 3/1255-37-сонли маълумотномаси). Илмий натижанинг қўлланилиши жаҳон поэмалари ва янги ўзбек достонларини қиёсий текшириш имконини берган;
янги  ўзбек достонларида бадиий образ психологияси, қаҳрамонлар характерининг ўзига хос қирраларини намоён этувчи жиҳатлар таҳлили натижаларидан Тошкент давлат педагогика университетида бажарилган А-1-118 рақамли “Навоий образининг тасвир ва талқинларига оид ўқув қўлланмасини тайёрлаш ва нашр этиш” (2015 – 2017) мавзусидаги амалий тадқиқот лойиҳасида фойдаланилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2019 йил 18 декабрдаги 89-06-135-сон маълумотномаси). Илмий натижанинг қўлланилиши замонавий достонлардаги эпик тафаккур илдизларини эпос ва мумтоз ёзма достонлар билан алоқадорликда текшириш имконини берган;
достонларнинг шаклланиши ва тараққиёт хусусиятларига  оид илмий натижалардан ЎзР ФА Давлат адабиёт музейида янгидан ташкил этилаётган “Халқ оғзаки ижодиёти” ва “Ҳозирги замон ўзбек адабиёти” экспозицияларида фойдаланилган (Фанлар академиясининг 2020 йил 7 январдаги 3/1255-37-сонли маълумотномаси). Натижада янги ўзбек достонларининг эпос, мумтоз ёзма достонлар ва жаҳон поэмалари таъсирида шаклланган жанр эканини асослашга ёрдам берган;
замонавий достонлардаги давр ва шахс фожеасининг поэтик талқинига оид илмий-назарий хулосалардан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “Маданият ва маърифат” телеканалининг “Адабий жараён” адабий, илмий-маърифий кўрсатувлари дастурларини тузишда фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “Маданият ва маърифат” телеканали давлат унитар корхонасининг 2019 йил 17 декабрдаги 01-14/489-сонли маълумотномаси). Натижада кўрсатувларда кўтарилган бадиий асар ва ижодкор дунёсига оид адабий масалаларнинг илмий асоси таъминланган;
замонавий ўзбек  достонларининг ўзига хос ғоявий-бадиий хусусиятларига оид таҳлилий натижалардан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “Ўзбекистон” телерадиоканали “Бедорлик” эшиттиришининг 2019 йил октябрь-ноябрь ойларида эфирга узатилган сонлари сценарийсини тайёрлашда  фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “Ўзбекистон” телерадиоканали давлат унитар корхонасининг 2019 йил 17 декабрдаги 04-25-2666-сонли маълумотномаси). Тадқиқот натижалари асосида “Достонларда миллий истиқлол масалаларининг ёритилиши”, “Қатағон даври фожеаларининг ўзбек достонларида акс этиши” эшиттиришлари эфирга узатилган. Натижада эшиттиришларда ёритилган адабий масалаларнинг илмий асоси таъминланган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish