Sayt test rejimida ishlamoqda

Турдиев Азизбек Анваржонович
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Ўзбек шеъриятида фольклор анъаналари ва синкретик ҳолат (Тўра Сулаймон ижоди мисолида)”, 10.00.08–Фольклоршунослик (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2019.1.PhD/Fil762.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти.
Илмий раҳбар: Эшонқулов Жаббор Солиевич, филология фанлари доктори.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: ЎзР ФА Ўзбек тили, адабиёт ва фольклори институти, DSc.30.08.2018.Fil.46.02.
Расмий оппонентлар: Раҳмонов Насимхон Асқарович, филология фанлари доктори, профессор; Очилов Эргаш Зокирович, филология фанлари номзоди.
Етакчи ташкилот: Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети.
Диссертация йўналиши: назарий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: замонавий ўзбек шеъриятида фольклорга хос анъаналардан фойдаланиш тамойилларини Тўра Сулаймон ижоди мисолида тадқиқ этиш, шеъриятда фольклоризм ҳодисасини ўрганиш, фольклорга ёндашувда анъана ва новаторликни таҳлилий мисоллар орқали кўрсатиш, шеърий матн бадиияти такомилида фольклоризм ҳодисасининг ўрни ва аҳамиятини, ёзма ва оғзаки ижоднинг синкретик имкониятларини илмий баҳолашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Тўра Сулаймон ижодий мероси юзасидан турли тадқиқотчилар томонидан олиб борилган изланишлар ва билдирилган илмий фикрлар қиёсий ўрганилиб, яхлит умумий хулосаларга келинган;
ўзбек адабиётшунослиги ва фольклоршунослигида Тўра Сулаймон фольклоризми  истилоҳи илмий жиҳатдан батафсил изоҳланган;
Тўра Сулаймон ижодий мероси тўлиқ фольклор анъаналари асосига қурилганлиги унинг ижодкор сифатида мавжудлиги ва ўзига хослигини белгиловчи энг муҳим омил эканлиги илмий далилланган;
ўзбек фольклоршунослиги ва адабиётшунослигида символизм тенденцияларида фольклоризм масаласи таҳлилга тортилган. Масаланинг шу тарзда қўйилиши ва имкон даражасида ҳал этилиши ишнинг ўзига хос янгилигини таъминлайди;
Истиқлол даври шеъриятида фольклордан фойдаланишдаги анъана ва новаторликнинг ўзига хос жиҳатлари аниқ мисоллар билан кўрсатиб берилган;
янги давр ўзбек шеъриятидаги бадиий матн такомилида фольклоризмларнинг ўрни ва аҳамияти таҳлил қилинган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши: 
Ўзбек шеъриятида фольклор анъаналари ва синкретик ҳолатнинг таҳлилидан олинган натижалар асосида:
ўзбек шеърияти такомилида фольклоризм ҳодисаси ва унинг бадиий эволюциясидан олинган натижалардан Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтида бажарилган ОТ - А1 - 47 – рақамли “Фольклоршунослик атамалари луғати” (2017-2018) амалий лойиҳасида фойдаланилган (ЎзР Фанлар академиясининг 2019 йил 30 декабрдаги 3/1255-3384-сон маълумотномаси). Тадқиқотда фольклорнинг ёзма адабиётга таъсири фольклоризм ҳодисаси, фольклор ва ўзбек шеърияти каби мавзулар таҳлили мисолида ёритилиб, фольклор ва бадиий ижод, фольклор анъаналари, бадиий ижодда синкретик ҳолат каби масалалар ўзбек фольклоршунослиги борасидаги тасаввурларини кенгайтирган;
диссертация илмий натижалари, жумладан, тадқиқотчи томонидан нашрга тайёрланган “Гўрўғли султон бир ён”, “Сенсиз ёлғиз, ғариб бўлдим” китобларидан ПҚ–3271-сон ҳамда ВМ-891 қарорларида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейида янгидан ташкил этилаётган “Халқ оғзаки ижоди” ҳамда “Ҳозирги замон ўзбек адабиёти” номли экспозиция тақдимотида фойдаланилган (ЎзР Фанлар академиясининг 2019 йил 30 декабрдаги 3/1255-3384-сон маълумотномаси). Натижада тадқиқот ишининг мазмун моҳияти орқали кенг китобхон ва шеърият ихлосмандларининг маънавий-маърифий дунёқараши шакллантирилган;
фольклор намуналари, хусусан, мақолларнинг замонавий ўзбек адабиётида қўлланиши муайян ижодкорлар асарларининг халқчиллиги, оммавийлиги, равонлигини таъминлаши, адабий персонажлар нутқининг таъсирчанлигини ошириши хусусидаги хулосалардан Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси томонидан ташкил этилган семинарларда, жумладан, “Телерадио бошловчилик маҳорати мезонлари, бу борада юзага келган муаммолар ва уларнинг ечимлари” мавзусидаги семинар-тренинг тавсияларини шакллантиришда фойдаланилган (Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмасининг 2019 йил 10 декабрдаги 15/509-сон маълумотномаси). Натижада ижодкорлар асарларининг халқчиллиги, оммавийлиги, равонлигини ҳақидаги хулосалар кенг омма онгига етказилган;
Т.Сулаймон ижодида фольклор анъаналарининг тутган ўрни илмий изоҳидан олинган натижалар “O‘zbekiston” телерадиоканалининг “Ассалом, Ўзбекистон!”, “Тилга эътибор – элга эътибор”, “Таълим ва тараққиёт” туркум кўрсатувлари сценарийларини тайёрлашда фойдаланилган (ЎзМТРК “O‘zbekiston” телерадиоканали ДУКнинг 2019 йил 10 декабрдаги 02-02-2609-сон маълумотномаси). Натижада ёзма адабиётдаги фольклор рамзларининг ўрни, унинг асарлар равонлиги ва халқчиллигини таъминловчи жиҳатлари кўрсатувларда илгари сурилган қарашларнинг илмийлигини таъминлашга хизмат қилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish