Sayt test rejimida ishlamoqda

Усмонов Фаррух Махамаджоновичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): «Оптимизация диагностики и методов восстановления передней крестообразной связки» («Олдинги бутсимон боғлам диагностикаси ва тиклаш усулларини оптималлаштириш»), 14.00.22–Травматология ва ортопедия (тиббиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2019.3.PhD/Tib1053.
Илмий раҳбар: Ирисметов Муроджон Эргашевич, тиббиёт фанлари доктори. 
Диссертация бажарилган муассаса номи: Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази.
Илмий кенгаш фаолият кўрсатаётган муассаса номи, Илмий кенгаш рақами: Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази, DSc.04/30.12.2019.Tib.62.01.
Расмий оппонентлар: Каримов Муродулла Юлдашевич, тиббиёт фанлари доктори; Хакимов  Равшан Нигматуллаевич, тиббиёт фанлари доктори.
Етакчи ташкилот: Самарқанд давлат тиббиёт институти.
Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади:  олдинги бутсимон боғлами узилган беморларда  диагностикани оптималлаштириш ва янги жарроҳлик усулини ишлаб чиқиш орқали даволаш натижаларини яхшилашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
тизза бўғими олдинги бутсимон боғлами узилишида  унинг иккала тутами ўрнини тўлдирувчи синтетик лавсан имплант ёрдамида  тиклаш усули  ишлаб чиқилган хамда унинг сагиттал ва ротацион ностабилликларини бартараф этиши исботланган; 
тизза бўғими олдинги бутсимон боғлами узилишида  унинг  катта болдир суягига бирикиш узунлиги ва сон дўнглараро масофаси кўрсаткичлари асосида якка ёки қўш тутамли тиклаш усулини танлаш имкониятини берувчи диагностика ва даволаш тактикаси такомиллаштирилган;
3D-режимли МРТ текширувининг сагиттал проекциясида сканлаш қадамининг 0,7 ммгача кичиклаштирилиши тизза бўғими олдинги бутсимон боғлами қисман узилишларини тасдиқлаши исботланган;
олдинги бутсимон боғлам тутамларидан бирининг узилишларини аугментация усули ёрдамида аутотрансплантат билан тиклаш тизза бўғимини тикланиш муддатининг қисқаришига олиб келиши исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Олдинги бутсимон боғлам диагностикаси ва тиклаш усулларини оптималлаштириш бўйича олинган илмий натижалар асосида: 
«Олдинги бутсимон боғлам қўш тутамли лавсанопластикаси» услубий тавсияномаси тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2019 йил 29 ноябрдаги 8н-д/291-сон маълумотномаси). Олинган натижалар олдинги бутсимон боғламни тиклашда сагиттал ва ротацион ностабилликлар бартараф бўлиши ҳисобига натижаларнинг яхшиланиши имконини берган; 
«Олдинги бутсимон боғлам қисман узилишларда аугментация» услубий тавсияномаси тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2019 йил 29 ноябрдаги 8н-д/291-сон маълумотномаси). Олинган натижалар МРТ маълумотлари асосида аниқланган ОББнинг қисман узилиши аугментация усулига кўрсатма бўлиб, сақлаб қолинган тутам ва қўйилган аутотрансплантат ҳисобига тизза бўғими функциясининг нисбатан тез тикланишига олиб келишини исботлаш имконини берган; 
«Тизза бўғимининг олдинги бутсимон боғламини пластика усули» фойдали модели тасдиқланган (Интеллектуал мулк агентлиги патенти № FAP 01453, 23.12.2019). Олинган натижалар тизза бўғими турғунлигини таъминлашга имкон берган;
Тизза бўғими олдинги бутсимон боғлам узилишлари диагностикаси ва даволаш тактикасини жорий қилиш жараёнида олинган илмий натижалар соғлиқни сақлаш тизимига, жумладан Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази клиникасида, Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт марказининг Самарқанд филиалида, Хоразм вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида амалий фаолиятга жорий этилган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2019 йил 29 ноябрдаги 8н-д/291-сон маълумотномаси). Таклиф қилинган диагностика ва даволаш усулларининг тадбиқ қилиниши ОББ узилган беморларда даволаш натижалари яхшиланишига, жумладан ТБ ностабиллигини бартараф этилиши ва функциясининг 87,9% гача яхшиланишига олиб келган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish