Курбанов Бахтияр Ибрагимовичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Таркибида олтин бўлган маъданларни ва рений бўлган технологик маҳсулотларни қайта ишлаш жараёнларини тезкор нейтрон-радиацион назорат қилиш услублари”, 01.04.01 – Экспериментал физиканинг асбоблари ва усуллари (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2019.3.DSc/Т295.
Илмий маслаҳатчи: Садиков Илхам Исмаилович, техника фанлари доктори, катта илмий ходим.
Диссертация бажарилган муассаса номи: ЎзР ФА Ядро физикаси институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ядро физикаси институти, DSc.02/30.12.2019.FM/T.33.01.
Расмий оппонентлар: Бахрамов Садулла Абдуллаевич, физика-математика фанлари доктори, профессор, академик; Кулматов Рашид Анорович, кимё фанлари доктори, профессор; Олимов Косим, физика-математика фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Самарқанд давлат университети.
Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: таркибида олтин бўлган сульфид маъданларни ва рений бўлган технологик маҳсулотларни қайта ишлаш жараёнларини тезкор нейтрон-радиацион назорат қилиш услубларини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
252Cf - радионуклид нейтрон манбаи асосида экспериментал қурилма ишлаб чиқилган, нейтронлар оқимини оптималлаштиришга имкон берувчи геометрия ва конструкцион материаллар, юқори (3÷10 МэВ) ва оралиқ (0,5÷3 МэВ) энергияли нейтронларни самарали секинлатиш тизими танланган, нейтронларнинг радиацион қамралишидаги гамма-нурланиш спектрометриясининг аналитик имкониятларини кенгайтиришга имкон берувчи намуналарни нурлатиш ва гамма-нурланишни ўлчаш режимлари танланган;
нейтронларнинг қамралишидаги гамма-нурланиш спектрометриясини паст энергияли соҳасини (Е < 3 МэВ) қўллаш йўли билан таркибида олтин бўлган сульфид маъданларида ва уларнинг флотацион бойитиш технологик маҳсулотларида, 10 дақиқа ўлчаш давомида маъданлар ва технологик маҳсулотларда олтингугурт миқдори 0,3% дан 40% гача, намликнинг миқдори 0,2% дан 30% гача бўлганда, нисбий хатолик 10% дан ошмаган холда, олтингугурт ва намлик миқдорини тезкор аниқлаш услубияти ишлаб чиқилган;
бир вақтда намуналарни секинлаштирилган нейтронлар оқими билан нурлатиш, олтингугурт ва водород ядроларининг нейтронлар қамралишидаги гамма-нурланиш спектрометриясига асосланган, таркибида олтин бўлган сульфид маъданларини тезкор нейтрон-радиацион назорат қилиш услуби ишлаб чиқилган;
нейтронларнинг қамралишидаги гамма-нурланиш спектрометриясини қўллаб, мис ишлаб чиқаришидаги перренат аммоний олиш жараёнида, технологик махсулотларда ренийни 15 дакика давомида ўлчашдаги аниқлаш чегараси 0,3% дан 10% гача, нисбий хатолик 10% дан ошмаган ҳолда, сорбцион устунларнинг ренийга тўйинганлик даражасини “on-line” аниқлаш услуби таклиф этилган;
маъданлар ва уларни қайта ишлаш технологик маҳсулотларидаги элементлар таркибини нейтрон-радиацион ва нейтрон-активацион таҳлил қилиш усулларини биргаликда қўллаш учун, 20 дакика давомида қўшимча қуйидаги элементларни 10% нисбий хатоликкача аниқлаш имконини берадиган (K-0,2%, Fe-0,4%, Ti-0,3%, Mn-0,2%, Sc-0,4%, Cu-0,2%) экспериментал қурилма ва уни амалга ошириш услубияти ишлаб чиқилган;
нейтронларнинг радиацион қамралишидаги гамма-нурланиш спектрометрияси бўйича тўхтовсиз технологик оқимларда мураккаб аралашмалар компонентлари концентрацияларини тадқиқ этилаётган намунанинг массаси ёки хажми ва зичлигини ўлчамасдан туриб, аниқлаш услуби ишлаб чиқилган ва у аммоний сульфати (NH4)2SO4 , аммиакли селитра (NH4NO3 ) ва сув (H2O) дан иборат аралашма компонентларини аниқлашда қўлланилган, ва ушбу компонентлар концентрацияси эмпирик равишда тузилган формула орқали ҳисобланган;
нейтронларнинг радиацион қамралишидаги гамма-нурланиш спектрометрияси бўйича мураккаб таркибли оқимларда модданинг элементлар таркиби «on-line» анализатори принципиал схемаси таклиф этилган, қурилманинг тажриба намунаси ясалган ва тезкор жараёнлардаги технологик оқимларда енгил элементларни (H, S, N, K) аниқлаш услубияти ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:
Таркибида олтин бўлган маъданларни ва рений бўлган технологик маҳсулотларни қайта ишлаш жараёнини тезкор нейтрон-радиацион назорат қилиш услубларини ишлаб чиқиш бўйича олинган натижалар асосида:
таркибида олтин бўлган сульфидли маъданларни флотацион бойитиш технологик жараёнидаги технологик муҳим элементларни (олтингугурт) ва намликни тезкор назорат қилиш учун ишлаб чиқилган услубият ва уни амалга ошириш учун экспериментал қурилмаси Навойи кон металлургияси комбинати давлат корхонасининг ГМЗ-1 Кон бошқармаси ишлаб чиқаришида, таркибида олтин бўлган сульфид рудаларини қайта ишлаш жараёнидаги технологик муҳим элементларни тезкор назорат қилиш учун қўлланилган (Навоий кон-металлургия комбинати давлат корхонасининг 2018 йил 4 октябрдаги 1837-сон маълумотномаси). Илмий натижаларининг қўлланилиши технологик жараённи бошқаришга, олтин рудаларини қайта ишлаш хажмини сезиларли миқдорда оширишга ва олтиннинг ишлаб чиқариш чиқиндисига чиқиб кетишини камайтириш имконини берган;
ишлаб чиқилган олтин рудаларини қайта ишлаш технологик жараёнини тезкор нейтрон-радиацион назорат қилиш услуби Навоий кон-металлургия комбинати давлат корхонасининг ГМЗ-1 Кон бошқармаси ишлаб чиқаришида олтин рудаларини қайта ишлаш жараёнини тезкор назорат қилиш ва бошқаришда қўлланилган (Навоий кон-металлургия комбинати давлат корхонасининг 2018 йил 4 октябрдаги 1837-сон маълумотномаси). Илмий натижаларининг қўлланилиши таркибида олтин бўлган сульфид рудаларидан олтинни ажратиб олиш самарадорлигини ошириш имконини берган;
нейтронлар оқимини оптималлаштириш бўйича олинган экспериментал натижалар ва нейтронлар қамралишидаги гамма-нурланиш бўйича элементлар концентрациясини аниқлаш учун ишлаб чиқилган услубият ФА-Ф14-Ф068 ракамли “ЎзФА ЯФИнинг ВВР-СМ реакторида нейтрон-қамралиш терапияси усулини ривожлантириш учун илмий –техник база яратиш” (2009-2011) амалий лойиҳасини бажаришда қўлланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг 2019 йил 5 июлдаги 2/1255-1873-сон хати). Илмий натижаларининг қўлланилиши нейтрон-қамралиш терапияси муаммосини тадқиқ қилиш учун лаборатория экспериментал қурилмасини яратиш ва нейтронларнинг радиацион қамралишидаги гамма-нурланиш бўйича элементларни аниқлаш имконини берган;
нейтрон-радиацион ва нейтрон активацион таҳлил усулларини биргаликда қўллашда мураккаб объектлар элементлар таркибини аниқлаш учун ишлаб чиқилган услубият А-4.056 рақамли “Камбағал рудалар ва чиқиндилардан нодир ва қимматбаҳо металлар ажратиб олишнинг юқори самарадорликли услубларини ишлаб чиқиш учун нейтрон-активацион таҳлилни қўллаш” (2006-2008) амалий лойиҳасини бажаришда қўлланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг 2019 йил 5 июлдаги 2/1255-1873-сон хати). Илмий натижаларининг қўлланилиши рудалар ва кон-металлургия корхоналари технологик чиқиндиларида нодир ва қимматбаҳо металлар элементлари гуруҳини тадқиқ этиш имконини берган.