Sayt test rejimida ishlamoqda

Мансуров Музаффаржон Шарифжон ўғлининг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Фарғона водийсида туризмнинг ривожланиш жараёнлари ва ҳолати (1980-2018 й.)”,  07.00.01 – Ўзбекистон тарихи (тарих фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В.2019.2. (PhD)/ Tar191.
Илмий маслаҳатчи:Қўлдош Эргашев, тарих фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат иқтисодиёт университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Миллий университети, DSc.03/30.12.2019.Тар.01.04.
Расмий оппонентлар: Расулов Абдулла, тарих фанлари доктори, профессор; 
Жаннат Исмоилова, тарих фанлар доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Фарғона давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади 1980-2018 йилларда Фарғона водийсида туризмнинг асосий йўналишларининг ривожланиш тарихини илмий жиҳатдан таҳлил қилишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
собиқ совет даврида туризмдан коммунистик мафкуранинг тарғиб қилиш воситаси сифатида фойдаланилгани, саёҳат дастурлари “адолатли келажак” имиджи доирасида ишлаб чиқилганлиги, социализмнинг келажаги “порлоқ” эканлиги намойиш қилиниб, туризм соҳасининг моддий-техник базасининг ночорлиги, коммунал соҳадаги муаммолар, меҳмонхона ва ресторанларнинг жаҳон стандартлартларига жавоб бермаслиги тармоқ ривожига салбий таъсир кўрсатиши  оқибатида мазкур соҳа эътибордан четда қолиб кетганлиги очиб берилган;
мустақиллик йилларида туризмнинг махсус индустрия сифатида шаклланиши, хусусийлаштириш ва тузилмавий ислоҳотларнинг амалга оширилиши туризм инфртузилмасининг кенгайишига имкон яратиб, минтақа иқтисодий салоҳиятининг ошиши ҳамда бюджетининг ўсишига хизмат қилганлиги асосланган. 
Фарғона водийсида археологик ва зиёрат туризмини ривожлантиришда тарихий туризм потенциалларидан фойдаланилиши, очиқ осмон остидаги археологик музей қўриқхоналарнинг ташкил этилиши бир томондан шаҳар ва қишлоқ ҳудудлари инфратузилмасининг яхшиланишига, иккинчи томондан туризм класстерларининг шаклланишига ва янги тур маршрут йўналишларининг йўлга қўйилишига хизмат қилганлиги аниқланган;
минтақада миллий анъанавий брендларни яратиш билан туризмдан келадиган даромадни ошириш, халқ амалий санъати ва ҳунармандчилик марказлари бўйлаб тур маршрутларнинг йўлга қўйилиши каби қатор тадбирларнинг амалга оширилиши туризм имиджини шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга эканлиги  кўрсатиб берилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши: Фарғона водийсида туризмнинг ривожланиш тарихи ва ҳозирги ҳолати масалалари бўйича олиб борилган тадқиқотлар, олинган илмий натижаларидан:
Фарғона водийсида жойлашган археологик ёдгорликларни вигитация ва вандализм таъсиридан асраш мақсадида археологик ёдгорликларнинг муҳофаза зоналарини белгилаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан 2002 йил 4 апрелда қабул қилинган “Шаҳарсозлик” кодекси ҳамда 2001 йил 30 августда қабул қилинган “Маданий ёдгорликларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунларга қўшимчалар киритиш ва Фарғона водийсида туризмни ривожлантиришда рекреацион туристик зоналар ташкил этиш, меҳмонхона ва ресторан бизнесини ривожлантириш ҳақидаги илмий хулосаларидан Фарғона водийсидаги ҳудудий дастурларни амалга оширишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси туризмни ривожлантириш Давлат Қўмитасининг 2018 йил 28 августдаги 03-22/4857 сонли маълумотномаси). Тадқиқот натижаларини қўлланилиши, тадқиқотда қўлга киритилган илмий янгиликлар Фарғона водийсидаги тарихий-маданий ёдгорликларни муҳофаза қилиш ва кичик туризм зоналарини ташкил қилиш истиқболли режаларини тузишга хизмат қилган;
Фарғона водийси бўйлаб амалга оширилган, тарихий аҳамиятга эга бўлган “Қўқон хонлари дам олиш йўллари бўйлаб саёҳат” (Қўқон–Ёрмозор), “Қўқон хонлари зиёрат қилганқадамжолар бўйлаб саёҳат” (Водил–Ёрдон–Шоҳимардон), “Қўқон хонлари ов қўриқхоналари бўйлаб саёҳат” (Ёзёвон, Хонобод), “Бобур қадамжолари бўйлаб саёҳат” (Фарғона вилояти Сўх тумани ва Қувасой шаҳри), турли миллатлар анъаналарини намойиш қилиш мақсадида Учкўприк–Ёзёвон–Фарғона–Қувасой туман ва шаҳарлари бўйлаб саёҳат, динлараро толерантликни намойиш қилиш мақсадида Қўқон–Учкўприк–Марғилон–Фарғона–Қувасой–Қува туман ва шаҳарлар йўналишлари бўйлаб саёҳат маршрутлари ишлаб чиқилди ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 18 февралдаги ПҚ-3514-сонли “Ички туризмни ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорининг 2/2 банди ижросини таъминлашда фойдаланилди (Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқининг 2018 йил 17 августдаги №04.13/4289.далолатномаси). Илмий натижаларнинг амалиётга тадбиқи ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш соҳасидаги тарғиботларни амалга оширишга, махсус телекўрсатувлар тайёрлашга, туризм соҳасини устувор йўналишлари тарихини ўрганиш ва таҳлил қилишга хизмат қилган;
Фарғона водийсида ҳунармандчилик туризми, Қўқон қоғозини қайта тиклаш, Қўқон миниатюра ва ҳаттотлик мактаби анъаналарини янада ривожлантириш орқали туризм брендини яратиш, Фарғона вилоятининг Қўқон, Риштон, Бағдод, Бувайда, Қува туманларида очиқ осмон остидаги ҳунармандчилик марказларини ташкил этиш тавсия этилган (Ўзбекистон Республикаси Hunarmand уюшмасининг 2018 йил 3 августдаги № ШР12/873. далолатномаси). Тадқиқот натижаларининг амалиётга жорий қилиниши Фарғона вилоятида миллий туризм брендларини тикланишига ва сайёҳлар оқимининг ошишига олиб келди.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish