Sayt test rejimida ishlamoqda

Худаяров Уктам Журакуловичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Ўзбекистон аҳолисининг миллий ва ижтимоий таркиби (1925-1991 йй.)”, 07.00.01 – Ўзбекистон тарихи (тарих фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В.2019.3.PhD/Tar.550.
Илмий раҳбар: Набиев Фарход Ҳамидович, тарих фанлари доктори.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Самарқанд давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Миллий университети,  DSc.03/30.12.2019.Тар.01.04.
Расмий оппонентлар: Ражабов Қаҳрамон Кенжаевич, тарих фанлари доктори, профессор; Дилором Бобожонова, тарих фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Бухоро давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II.Тадқиқотнинг мақсади: Ўзбекистон аҳолисининг 1925–1991 йиллардаги миллий ва ижтимоий таркибидаги  ўзгаришлар ҳамда уларнинг оқибатларини очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Ўзбекистон ҳудудида аҳоли миллий таркибини ўсишига бир томондан 1920-йиллар бошларида Россияда бошланган оммавий очарчиликнинг таъсири натижасида аҳолининг Ўзбекистонга кўплаб кириб келиши, иккинчи томондан айрим этник гуруҳларнинг алоҳида миллат сифатида кўрсатилиб, миллий-ҳудудий чегараланиш натижасида аҳоли таркибидаги миллатлар миқдорининг ортиши сабаб бўлганлиги аниқланган; 
1926, 1939 йилларда аҳолини рўйхатга олиш жараёни Ўзбекистонда миллий масалага оид совет назарияси ва амалиёти натижасида, миллий таркибидаги ўзгаришлар, дастлаб маҳаллийлаштириш, сўнгра “ягона совет халқи”ни шакллантиришга қаратилган сиёсат билан биргаликда амалга оширилганлиги аниқланиб, мазкур ҳолат кам сонли халқларни бирлаштириб юбориш, этник хусусиятларни зўрлик билан йўқотиш билан амалга оширилганлиги аниқланган;
1950 йиллар ўрталаридан республиканинг Сирдарё, Жиззах ва Қарши ҳудудларидаги янги ерларни ўзлаштирилиши жарёнида аҳолининг мажбуран кўчириб келтирилиши баробарида яшаш учун зарурий инфратузилманинг эътиборга олинмаслиги мавжуд ҳудудларда кейинчалик ижтимоий ҳаётни кескинлашишига олиб келганлиги очиб берилган;
XX асрнинг 60-90-йилларида Ўзбекистон ССРнинг шаҳар ва қишлоқ аҳолиси сонининг ўсиши бевосита ижтимоий-иқтисодий соҳаларда олиб борилган сиёсат (саноатлаштириш, шаҳарсозлик ва б.) билан боғлиқ бўлиб, мазкур ҳолат ижтимоий ҳаётда қатор муаммоларни (соғлиқни сақлаш, ишсизлик, ночорлик ва б.) юзага келтирганлиги аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Совет даврида Ўзбекистон аҳолисининг миллий ва ижтимоий таркибидаги ўзгаришлар тарихи бўйича олинган илмий хулоса ва таклифлар асосида:
1925-1991 йиллар Ўзбекистонда миллий масалага оид совет назарияси ва амалиётининг аҳоли миллий таркибидаги ўзгаришларга таъсири ва унинг оқибатлари  тўғрисидаги маълумотлар Ўзбекистон маданияти тарихи давлат музейининг ўлкашунослик ва этнография бўлимлари экспозицияларини янги манбалар билан тўлдиришда фойдаланилган (Маданият вазирлигининг 2017 йил 11 декабрдаги 01-11-10-6262-сон маълумотномаси). Тадқиқот натижалари 1925–1991 йилларда Ўзбекистон аҳолисининг динамикаси, этник таркиби, демографик жараёнларни ёритиб беришга хизмат қилган;
1925-1991 йилларда амалга оширилган ижтимоий сиёсатнинг натижасида Ўзбекистон аҳолисининг ижтимоий таркибида юз берган ўзгаришлар ва оқибатларига оид материаллардан Самарқанд СТВ телерадиоканалида тайёрланган «Мустабид совет тузуми даврида Ўзбекистон аҳолисининг миллий ва ижтимоий таркиби» туркум кўрсатуви сценарийсини шакллантиришда фойдаланилган (Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари Миллий ассоциациясининг 2018 йил 19 январдаги I/27-сон маълумотномаси). Тадқиқотнинг илмий хулосалари совет даври синфийлик сиёсатининг моҳияти, унинг жамият ижтимоий тузилмаси ўзгаришига кўрсатган таъсирини очиб беришга хизмат қилган.
Ўзбекистон ССРда аҳолининг турли этник гуруҳлари ўртасида миллий ва ижтимоий муносабатлар ҳамда ижтимоий ҳаётда юзага келган муаммолар ҳақидаги хулосалар  Республика Маънавият ва маданият маркази Самарқанд вилояти бўлими фаолиятида фойдаланилган. ( Ўзбекистон Республикаси Маънавият ва маданият марказининг 2019 йил 19 августдаги 02/09-1113-19 -сон маълумотномаси). Тақдим этилган материаллар Ўзбекистонда миллатлараро ҳамжиҳатлик ва тотувлик муносабатлари ҳамда ижтимоий ҳаёт муаммоларини кенг жамоатчиликка тарғиб қилишга асос бўлган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish