Sayt test rejimida ishlamoqda

Режаббоев Нурилло Абдулбоқиевичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Совет ҳокимиятининг Туркистондаги озиқ-овқат сиёсати ва унинг оқибатлари” (1917 – 1924 йй.), 07.00.01 – Ўзбекистон тарихи (тарих фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам:  B2017.2.PhD/Tar 98.
Илмий маслаҳатчи: Расулов Абдулла Нуритдинович, тарих фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи:  Наманган давлат универсттети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Миллий университети, DSc.03/30.12.2019.Тар.01.04.
Расмий оппонентлар:Ражабов Қаҳрамон Кенжаевич , тарих фанлари доктори, профессор; Саидов Илхом Мухиддинович  тарих фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Фарғона давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Совет ҳокимиятининг Туркистондаги озиқ-овқат сиёсатини юритиши, таҳлили, мазмун-моҳияти ҳамда оқибатларини очиб беришдан иборат. .
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Туркистонда озиқ-овқат тақчиллиги собиқ совет ҳокимияти учун Россия империяси ва Муваққат ҳукуматдан мерос сифатида ўтган ҳолда большевиклар ҳукуматининг дастлабки йилларида ушбу муаммони камайтиришда жиддий синовларга дуч келганлиги, натижада бу борадаги муаммолар ҳарбий-сиёсий масала даражасида ҳал қилинганлиги аниқланди;
Туркистоннинг озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотлари бўйича Марказга қарамлиги ҳудудда 1917-1924 йилларда озиқ-овқатга бўлган эҳтиёжини ортишига имкон яратиб, аммо бу масалада большевиклар марказий ҳукумати ва унинг жойлардаги масъул вакилларининг иложсизлиги ва муаммо ечими йўлида  тизимли фаолият олиб борилмагани минтақада вазиятнинг янада кескинлашувига олиб келганлиги очиб берилган; 
собиқ совет ҳокимиятининг Туркистонда озиқ-овқат тақчиллигини бартараф этиш учун турли комиссияларни ташкил этиб, муаммони камайтиришга ҳаракат қилиши жараёнида ушбу комиссиялар тизимли фаолият юрита олмаганлиги ва етарли моддий таъминотга ҳам эга бўлмаганлиги боис очларга кўрсатилаётган озиқ-овқат ёрдами аҳолининг маълум бир қисминигина қамраб олган бўлиб, амалда Туркистоннинг чекка қишлоқлари ва тоғ, тоғ олди ҳудудларидаги аҳолининг таъминоти тақдир тақозосига ташлаб қўйилганлиги аниқланган;
ташкил этилган озиқ-овқат отрядлари фаолияти асосан аҳоли қўлидаги ғалла ва бошқа маҳсулотларни тортиб олишга қаратилиб, озиқ-овқат масаласидаги солиқ ишлари оғир шароитда кун кўраётган аҳолини янада талон-тарож қилишга имкон бериши баробарида солиқларни камайтиришга қаратилган совет ҳокимиятининг турли қарор ва чора-тадбирлари кутилган самарани бермаганлиги асосланган. 
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:
Туркистонда совет ҳокимиятининг озиқ-овқат сиёсатига доир архив ҳужжатлари: совет ҳокимиятининг бу борадаги қарорлари, очарчиликка қарши кураш комиссиясининг ташкил этилиши ҳамда ушбу комиссия таркиби ва унинг бўлимларини акс эттирувчи жадвал, озиқ-овқат паёклари, озиқ-овқат тақсимотига доир ҳужжатлар ва улар асосида олинган илмий натижалар Наманган вилояти тарихи ва маданияти давлат музейининг “Тарих” бўлими манбаларини бойитишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг 2018 йил 25 декабридаги 01-11-08-8834- сонли далолатномаси). Тадқиқот натижаларининг қўлланилиши совет ҳокимиятининг дастлабки йилларида озиқ-овқат муаммоси ва очарчилик оқибатлари ҳақида музейга ташриф буюрувчиларнинг тасаввурлари ҳамда тарихий билимларининг ошишига ёрдам берган.
Тадқиқот ишида илгари сурилган илмий-назарий хулоса ва натижаларидан 5А120301 – Ўзбекистон тарихи магистратура таълим мутахассислиги учун мўлжалланган “Ўзбекистонда миллатлараро муносабатлар ва толерантлик”, “Ўзбекистон мустамлака ва совет мустабид тузуми шароитида” номли махсус курсларни тайёрлашда, 2012 йилда ҳаммуаллифликда нашр этилган “Туркистонда очларга ёрдам кўрсатиш марказий комиссияси фаолияти” номли монографияда фойдаланилди (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2019 йил 12 апрелидаги 89-03-1394- сонли далолатномаси). Унда Туркистонда ижтимоий-иқтисодий жараёнлар, хусусан, большевикларнинг ўлкадаги озиқ-овқат муаммоси ечимида кўрган чора-тадбирлари, шунингдек, ўлкадан Волгабўйи ва Уралолди ҳудудлари халқларига кўрсатилган озиқ-овқат ва бошқа ёрдамлар: эвакуация ва оч-қочоқ тариқасида келганларга бошпана, кийим-кечак билан таъминлашда кўрсатилган саховат, бағрикенглик намуналари очиб берилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish