Абубакиров Азизжан Базарбаевичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Қайта тикланувчан энергия манбали электр таъминоти тизимлари реактив қуввати бошқарувининг кўп фазали токлари датчикларининг моделлари ва тузилиш тамойиллари», 05.01.06 – Ҳисоблаш техникаси ва бошқарув тизимининг элементлари ва қурилмалари (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2020.1.PhD/T758.
Илмий раҳбар: Сиддиков Илхомжон Хакимович, техника фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент ахборот технологиялари университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассасалар номи, ИК рақами: Тошкент давлат техника университети, DSc. 03/30.12.2019.T.03.02
Расмий оппонентлар: Абдуқаюмов Абдурашид, техника фанлари доктори, профессор, Алиев Равшан Маратович, техника фанлари доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Бухоро муҳандислик-технология институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: қайта тикланувчан энергия манбали электр таъминот тизимлари реактив қуввати назорати ва бошқарувининг кўп фазали бирламчи токларини иккиламчи кучланишга ўзгартириш датчигининг модели ва тузилиш тамойилини ишлаб чиқиш ҳамда тадқиқ этишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
қайта тикланувчан энергия манбали электр энергия таъминоти тизими реактив қуввати бирламчи токларини иккиламчи кучланишга ўзгартириш датчикларининг йиғилган ва тарқалган параметрли моделлари яратилган;
магнит оқимлари ўзаро таъсирлашувчи бирламчи токларни иккиламчи кучланишга ўзгартириш датчикларининг магнит ўзагини тузилиш тамойили ишлаб чиқилган;
кўп фазали бирламчи токларни иккиламчи кучланишга ўзгартириш датчикларининг физик-техник эффектлари, ишончлилиги ва иш ҳолати кўрсаткичлари моделлари яратилган;
электр энергия таъминот тизимларида реактив қувватнинг самарадорлигини баҳолашнинг Cloud Computing модели ва тадқиқот алгоритми ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Қайта тикланувчан энергия манбали электр энергия таъминоти тизимлари реактив қуввати бошқарувининг кўп фазали бирламчи токлари датчикларининг моделлари ва тузилиш тамойиллари бўйича олинган натижалари асосида:
қайта тикланувчан энергия манбали электр энергия таъминоти тизими реактив қуввати бирламчи токларини иккиламчи кучланишга ўзгартириш датчикларининг йиғилган ва тарқалган параметрли моделлари «Қорақалпоқ ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖга жорий этилган (Энергетика вазирлигининг 2019 йил 20 декабрдаги 05-10-4723-сон маълумотномаси). Натижада электр таъминоти тизими реактив қувват манбалари - косинусли конденсаторларининг чиқиш катталикларидан бўлган бирламчи реактив токларини иккиламчи кучланишга ўзгартириш тузилмалари электр энергия таъминоти тизимлари самарадорлигини белгиловчи кучланишга мос реактив қувватни ишлаб чиқариш имконини берган;
магнит оқимлари ўзаро таъсирлашувчи бирламчи токларни иккиламчи кучланишга ўзгартириш датчикларининг магнит ўзагини тузилиш тамойили ва ушбу датчикларнинг физик-техник эффектлари, ишончлилиги ва иш ҳолати кўрсаткичлари моделлари «Тахиатош иссиқлик электрстанцияси» АЖга жорий этилган (Энергетика вазирлигининг 2019 йил 20 декабрдаги 05-10-4723-сон маълумотномаси). Натижада реактив қувват манбаларини ростлаш, ишлаб чиқарилаётган қувват ва энергиянинг йўқолишини камайтириш ҳамда энергия самарадорлигини рухсат берилган аниқликда таъминлаш имконини берган;
электр энергия таъминот тизимларида реактив қувватнинг самарадорлигини баҳолашнинг Cloud Computing модели ва тадқиқот алгоритми «Тахиатош иссиқлик электрстанцияси» АЖ ҳамда «Қорақалпоқ ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖларга жорий этилган (Энергетика вазирлигининг 2019 йил 20 декабрдаги 05-10-4723-сон маълумотномаси). Натижада реал вақт мобайнида электр энергия исътемолчилари истеъмол қилаётган реактив қувват, энергия ва уларнинг самарадорлиги тўғрисидаги маълумотларни олиш, реактив қуввати кўп фазали бирламчи токларининг назорат ва бошқарув датчиги аниқлигини 1,8% га ошириш имконини берган.