Sayt test rejimida ishlamoqda

Ҳакимов Абдумухтор Абдухалимовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража берадиган фан тармоғи номи): “Ўрта Осиёда бронза-илк темир даври урбанизация жараёнлари тарихшунослиги (XIX аср охири – XXI аср бошлари)”, 07.00.08–Тарихшунослик, манбашунослик ва тарихий тадқиқот усуллари (тарих фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақами: B2018.1.PhD/Tar249.
Илмий раҳбар: Эшов Баходир Жўраевич, тарих фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Андижон давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса, ИК рақами: Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти. DSc.02/30.12.2019 Таr.56.01.
Расмий оппонентлар: Зияева Доно Ҳамидовна, тарих фанлари доктори, профессор; Мақсудов  Фарход Алижанович, тарих фанлари номзоди.
Етакчи ташкилот: Фарғона давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Ўрта Осиё қадимги шаҳарлари тарихи бўйича тўпланган билимлар динамикасини таҳлил этиш, мавзунинг ўрганилиши тарихи ва археологик тадқиқотларнинг натижаларини очиб бериш, илмий ёндашувлар, қарашлар ва замонавий муаммоларни қиёсий таҳлил этишдан иборатдир.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Ўрта Осиёда бронза асри ва илк темир даври урбанизация жараёнларининг ўрганилишига оид адабиётлар ва мавжуд илмий ёндашувларнинг назарий-концептуал моҳияти таҳлили асосида муаммо тарихшунослигини даврлаштириш масалаларига аниқликлар киритилган (жумладан, муаммо тарихшунослиги мавжуд уч давр ўрнига тўрт даврга бўлиниши исботланган) ҳамда ҳар бир босқичнинг моҳияти, кўлами ва ўзига хос жиҳатлари билан фарқланиши асослаб берилган;
Россия империяси мустамлакачилиги даврида минтақада археологик тадқиқотларнинг ўзига хос хусусиятлари (археологиянинг шаклланганлиги, бироқ, олиб борилган изланишлар чуқур илмий асосга эга бўлмай, аксарият олимлар ўрта аср ёзма манбалари маълумотларига асосланганлиги, шунингдек тадқиқотлар асосан нисбатан кейинги даврга оид ёдгорликлар ҳудудида олиб борилганлиги), XX асрнинг 20-30-йилларига келибгина Ўрта Осиё археологияси илмий-услубий жиҳатдан шаклланганлиги ва дастлабки йирик археологик экспедициялар ташкил этилганлиги кўрсатиб берилган;
совет даврида минтақада олиб борилган археологик тадқиқотлар натижасида қадимги шаҳарларнинг пайдо бўлиши ва ривожланиши тарихига доир турли илмий қарашлар, назариялар ва ёндашувлар вужудга келганлиги (хусусан, 1970-1980 йиллардаги  археологик тадқиқотларда минтақа ҳудудида  бронза асри ва илк темир даврига оид катта шаҳарлар мавжудлиги ўз исботини топганлиги, бунгача эса фақат шаҳар манзилгоҳлари бўлганлиги фараз қилинганлиги) асосланган;
мустақиллик йилларида олиб борилган археологик тадқиқотлар натижасида очилган манзилгоҳлар, қўҳна шаҳарлар ва улардан олинган топилмалар асосида Ўзбекистондаги дастлабки шаҳар ва шаҳар кўринишидаги марказлар ҳамда манзилгоҳларнинг ривожланиши муаммоларига аниқликлар киритилганлиги (жумладан,  бронза – илк темир даврига тегишли энг қадимий шаҳар Сурхондарёнинг Шеробод туманидаги Жарқўтон ёдгорлиги эканлиги) асослаб берилган. 
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
XIX aср охири – XXI aср бoшлaри тадқиқотларида бронза ва илк темир даври Ўрта Осиё урбанизацияси  бўйича  илмий хулоса ва таклифлар асосида:
XIX aср охири – XXI aср бoшлaри тадқиқотларида бронза ва илк темир даври Ўрта Осиё шаҳарларининг пайдо бўлиши ва ривожланишига оид илмий натижа ва хулосалардан Ўзбекистон республикаси фанлар Академияси Археологик тадқиқотлар институтида бажарилган А1-ФА-0-19793 “Ўзбекистоннинг қадимги деҳқончилик маданиятлари ва кўчманчи чорвадорлар дунёси: мил.авв. III – милоднинг I минг йилликлари бошларида ўзаро алоқалар ва таъсирлар муаммоси” мавзусидаги фундаментал лойиҳасида фойдаланилган. (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг  2018 йил 15 октябрдаги 3/1255-2712-сон маълумотномаси). Бу эса Ўрта Осиёнинг бронза ва илк темир даври шаҳарлари тарихининг  ўрганилишига оид маълумотларни кенгайтириш, турли даврда олиб борилган археологик қазишмалар натижаларини кенг ёритиш имконини берган;
Ўрта Осиёни бронза ва илк темир даври шаҳарларининг шаклланиши ва тараққиётига оид илмий ғоялар ва хулосаларидан  Андижон вилояти тарихи ва маданияти давлат музейининг “Бронза даври шаҳарлари”, “Энг қадимги даврда давлатчилик” мавзуидаги экспозицион режаларини тузишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг 2018 йил 20 июндаги 01-11-08-4311 сон маълумотномаси). Ўзбекистондаги қадимий шаҳарларга доир маълумотлар музей экспозициясини  бойитишга ҳамда музейга ташриф қилган томошабинларнинг Ўзбекистоннинг илк шаҳарлари борасидаги тасаввурларини кенгайтиришга хизмат қилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish