Sayt test rejimida ishlamoqda

Рахимов Азизжон Яхёевичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар. 
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Қандли диабет билан хасталанган бемор оёқлари критик ишемиясида такомиллаштирилган болдир ампутацияси», 14.00.27–Хирургия.
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2019.3.PhD/Tib441.
Илмий раҳбарлар: Сафоев Бақодир Барноевич, тиббиёт фанлари доктори, доцент., Митиш Валерий Афанасьевич, тиббиёт фанлари номзоди.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Бухоро давлат тиббиёт институти ва Россия Федерацияси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ФДБТ А.В. Вишневский номидаги жарроҳлик МТТИда бажарилган.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Бухоро давлат тиббиёт институти, DSc/PhD.04/30.12.2019.Tib.93.01.
 Расмий оппонентлар: Щёголев Александр Андреевич тиббиёт фанлари доктори, профессор., Бабаджанов Азам Хасанович тиббиёт фанлари доктори.
Етакчи ташкилот: Кубан давлат тиббиёт университети.
Диссертациянинг йўналиши: амалий аҳамиятга молик. 
II. Тадқиқотнинг мақсади: Оёқларида критик ишемияси бўлган диабет товон синдроми мавжуд беморларни жарроҳлик даволаш натижаларини ва операциядан кейинги йирингли асоратлар профилактикасини болдир ампутациясининг оптимал чегарасини аниқлаш орқали яхшилашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги: 
болдирдан ампутация чегарасини белгилаш усулини болдир тўқималаридаги кислороднинг базал даражасини ва камбалосимон мушаклардаги микрофлорани инобатга олган ҳолда бажариш асосланган; 
оёқлардаги tcpО2 базал даражаси болдир суяклари узунлигини (катта болдир суяги) ҳисобга олиб, болдир tcpО2 базал даражасини аниқлашнинг патогенетик асосланган формуласининг ишлаб чиқилиши, болдир ампутациясининг оптимал чегарасига мос келиши аниқланган;
операциядан кейинги жароҳатларни антисептик эритма билан ювишдан кейин ажралган ва дренаж-ювиш тизимини олиб ташлашдан олдин 1 гр тўқимадаги ва 1 мл ажралмадаги микроорганизмлар миқдор динамикаси аниқланган;
олиб ташланган камбалосимон мушак майдонини зарурий интраоперацион санацияси, кейинги дренажлаш ва операциядан кейинги жароҳатларни антисептик эритма билан ювиш асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Қандли диабет фонида оёқларнинг критик ишемиясида ампутациянинг оптимал даражасини аниқлаш ва микроорганизмлар госпитал штаммларига нисбатан эритмаларининг микробларга қарши фаоллигини қиёсий тадқиқ қилиш бўйича олиб борилган клиник-тажрибавий тадқиқот натижалари асосида:
«Қандли диабет бўлган беморларда оёқларнинг критик ишемиясида болдир ампутацияси усуллари» мавзусида услубий тавсиянома тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2019 йил 6 декабрдаги 8н-р/569-сонли маълумотномаси). Ушбу услубий тавсиянома қандли диабет касаллиги фонида оёқлар критик ишемиясида оёқ тўқималарида кислород парциал босимининг базал даражасини аниқламасдан амалга оширилган жарроҳлик амалиёти асоратларини камайтириш имконини берган;
«Қандли диабет бўлган беморларда оёқларнинг критик ишемиясида болдир ампутацияси мезонлари» мавзусида услубий тавсиянома тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2019 йил 6 декабрдаги 8н-р/570-сонли маълумотномаси). Ушбу услубий тавсиянома қандли диабет касаллиги фонида оёқлар критик ишемиясида ампутация мезонларини қўллаш имконини берган;
Тадқиқот давомида ташхислаш ва даволаш самарадорлигини  ошириш борасида олинган натижалар соғлиқни сақлаш амалиётига, жумладан Бухоро вилояти кўп  тармоқли тиббиёт маркази йирингли хирургия бўлими, Бухоро шаҳар клиник шифохонасининг даволаш амалиётига тадбиқ этилган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2020 йил 29 январдаги 8н-д/10-сонли маълумотномаси). Амалиётга тадбиқ этилган натижалар оёқлар критик ишемияси мавжуд диабет товон синдроми бўлган беморларни даволашда камбалосимон мушаклар олиб ташланган майдонни интраоперацион санация қилиш билан операциядан олдин tcpО2 базал даражасини белгилашни бирга қўллаш энг оптимал усул ҳисобланиб, операциядан олдинги ташҳислаш ва даволаш тактика сифатини яхшилаш, асоратлар ва ўлим даражасини қисқартириш имконини берди.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish