Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 8 апрель куни коронавирус пандемиясига қарши курашишда жойлардаги ишлар натижадорлиги таҳлили ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли бандлиги ва даромадини оширишнинг муҳим манбаи бўлган томорқачиликни ривожлантиришга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Маълумки, давлатимиз раҳбари томонидан коронавирус тарқалишини чеклаш, унинг аҳоли ҳаёти ва мамлакат иқтисодиётига салбий таъсирини камайтиришга қаратилган қатор муҳим қарорлар қабул қилинди. Жумладан, Махсус республика комиссияси тузилиб, эпидемиологик вазиятни барқарорлаштириш, аҳоли соғлиғини ҳимоя қилиш, карантин режимини жорий этиш бўйича кенг қамровли ишлар йўлга қўйилди.
Тиббиёт муассасаларини шай ҳолга келтириш ва қўшимча қувватларни барпо этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Зангиота туманида 10 минг ўринга мўлжалланган махсус шифохона жадал суръатларда қуриляпти. Юқоричирчиқ туманида эса 10 минг кишилик махсус карантин зонаси қурилиб, ўз ишини бошлади. Бу ерда яна қўшимча 10 минг ўринга мўлжалланган карантин қурилиши бошланиб, 15 майгача топширилади.
Йиғилишда таъкидлаганидек, пандемия шароитида сўнгги бир ой ичида хорижий давлатлардан 20 та чартер рейс орқали 6 минг, темир йўл ва чегара постлари орқали 10 минг нафар фуқаромиз олиб келинди. Уларнинг барчаси 160 та манзилга жойлаштирилиб, карантинга олинди.
Тажрибали шифокор профессорлардан иборат махсус штаб тузилиб, ҳар бир беморни даволашда 24 соатлик онлайн маслаҳат бериш йўлга қўйилди. Хитой ва Жанубий Кореядан вирусологлар таклиф қилинди. Россия, Германия, Япония, Туркия каби давлатлар мутахассислари билан ҳам доимий телемедицина алоқалари ўрнатилган.
– Энг муҳими – халқимиз юзага келган вазиятни тўғри баҳолаб, ўз хизмат вазифаларини масофадан туриб бажармоқда, шифокорлар тавсияси ва карантин тартиб-қоидаларига қатъий амал қилиб, ўзларининг маданияти, онги ва интизоми билан барчага ўрнак бўлмоқда. Ўқувчи ва талаба ёшларимиз онлайн дарс ва машғулотлар орқали таълим олишда давом этмоқда, – деди давлатимиз раҳбари.
Одамларни озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармон ва тиббиёт воситалари билан узлуксиз таъминлаш тизими самарали йўлга қўйилган. Шунингдек, саховатли ва олижаноб юртдошларимиз томонидан кўрсатилаётган беғараз хайрия ёрдамлари манзилли равишда аҳолининг тегишли қатламларига ўз вақтида етказиб берилмоқда.
Президентимизнинг қайд этишича, қисқа муддатда фуқароларимиз, давлат ва нодавлат ташкилотлар томонидан “Ўзбекистон Меҳр-шафқат ва саломатлик” жамғармасига 50 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ўтказилгани – элимизнинг мазкур хавф-хатарга қарши елкама-елка курашишга тайёр эканлигининг ёрқин исботи.
– Мана шундай оғир синов дамларида кўпмиллатли халқимиз саросима ва ваҳимага тушмасдан, аксинча, четдан келган бу балонинг тезроқ ўтиб кетишига, ҳадемай яхши кунлар келишига ишониб, ўзининг мустаҳкам иродаси, меҳр-оқибати ва ҳамжиҳатлигини яна бир бор намоён этмоқда, – деди Шавкат Мирзиёев.
Ҳудудларда миришкор деҳқон ва фермерларимиз баҳорнинг ҳар бир кунини ғанимат билиб, яхши ният ва эртанги кунга ишонч билан қишлоқ хўжалиги ишларини бошлаб юбордилар.
Стратегик аҳамиятга эга бўлган саноат корхоналарида, муҳим қурилиш майдонларида иш кундалик режа асосида, карантин қоидаларига қатъий риоя этган ҳолда ташкил этилмоқда.
– Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистонда ҳаёт барқарор суръатда давом этмоқда. Энг асосийси, минг-минглаб юртдошларимиз, айниқса шифокорларнинг фидойи хизмати, ўз бурчига садоқати туфайли кўраётган тезкор чораларимиз ўзининг ижобий натижасини бермоқда, – деди Президентимиз.
Лекин, мисли кўрилмаган даражада тарғибот ишларига қарамай уйида даволанган ва оғир ҳолатда ётқизилган 40 яшар бемор кеча оламдан ўтди.
Марҳумнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирар экан, давлатимиз раҳбари яна бир бор барчани огоҳликка чақирди. “Касаллик аломатини сездингизми, дарҳол шифокорларга мурожаат қилинг. Такрор айтаман, касалликни оиламизга кириб келмаслиги, ўзимиз ва яқинларимизни ушбу иллатдан сақлаб қолиш, энг аввало, ўзимизга боғлиқ!”
Афсуски, карантин ва санитария-гигиена талабларига бефарқ қараётган шахслар ҳам йўқ эмас.
Масалан, ўтган даврда карантин қоидаларининг 47 мингга яқин бузилиш ҳолатлари, шу жумладан, 34 минг марта ниқоб тақмаслик, 11 минг марта автотранспортда карантинга риоя қилмаслик ҳолатлари аниқланиб, жарималар қўлланган. Ҳаттоки, 24 та ҳолатда юзлаб одамларни тўплаб, зиёфат ва маросимлар ўтказилгани аниқланган.
– Бутун дунёнинг бошига тушган бу мураккаб синовдан биз, Худо хоҳласа, янада кучли бўлиб, бир-биримизга меҳримиз янада зиёда бўлиб, албатта ёруғ юз билан ўтиб оламиз. Фақат тартиб-интизомга қатъий риоя қилиб, ўринсиз ваҳимага тушмасак, тушкунликка берилмасак, марра бизники бўлади.
Бу вақтинчалик қийинчилик ва муаммолар, албатта, ўтиб кетади. Пок ниятли, дину диёнатли, сабр-бардошли, олижаноб халқимиз билан ҳали кўп яхши кунларни кўрамиз, кўп тўй-томоша ва тантаналарни биргаликда нишонлаймиз, олдимизга қўйган мақсадларимизга албатта етамиз,” – деди Президентимиз Шавкат Мирзиёев.
Коронавирус пандемияси дунё мамлакатларида озиқ-овқат хавфсизлиги борасидаги сиёсат ва чора-тадбирлар етарли эмаслигини яққол кўрсатди.
Йиғилишда давлатимиз раҳбари Ўзбекистонда озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган ички талабни тўлиқ таъминлаш, аҳоли даромадлари ва фаровонлигини ошириш учун катта резерв ва имкониятлар мавжудлигини таъкидлади.
Бунинг учун барча фермер, кластер, деҳқонлар карантин қоидаларига амал қилган ҳолда ўз даласида, аҳоли эса томорқасида баҳорги экиш ишларини давом эттириши керак. Акс ҳолда ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш қийин бўлиши ҳаммага аён.
Шу боис охирги йилларда аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш бўйича қатор қарорлар қабул қилинди, айрим қонунларга ўзгартишлар киритилди. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, унинг ҳудудий бўлинмалари, маҳалла фуқаролар йиғинларида томорқа билан шуғулланадиган алоҳида ўринбосар лавозими жорий этилди.
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил қилинди. Аҳолига уруғлик ва кўчат етказиб бериш, хизматлар кўрсатиш бўйича 244 та “Томорқа хизмати” корхона фаолияти йўлга қўйилди. Томорқада янги лойиҳаларни амалга ошириш учун давлат бюджетидан 350 миллиард сўм ажратилиб, Фермерлар кенгаши ҳузурида жамғарма фаолияти йўлга қўйилди.
Бир сўз билан айтганда, аҳолига кўмаклашадиган, моддий ресурсларни етказиб берадиган ва молиялаштирадиган, олдин бўлмаган тизим яратилди.
Видеоселекторда ушбу тизимдан самарали фойдаланиб, томорқаларда маҳсулдорликни ошириш бўйича қўшимча вазифалар белгиланди.
Томорқадан юқори ҳосил ва даромад олаётган омилкор инсонлар тажрибасини кенг жорий қилиш кераклиги айтилди. Мисол учун, Асака, Олтинкўл, Наманган, Уйчи, Ангор, Жарқўрғон, Китоб, Тойлоқ, Самарқанд, Янгийўл, Зангиота, Олтиариқ, Қува каби туманлардаги аксарият томорқаларда 2-3 марта ҳосил олиниб, битта оила 8-10 сотихли экин майдонидан ўртача 50-60 миллион сўм, баъзилар эса 100 миллион сўм даромад қиляпти.
Бироқ ҳамма жойда ҳам бундай эмас. Самарқанд, Қашқадарё, Хоразм, Бухоро, Сирдарё ва Жиззах вилоятларида томорқаларга экин экиш ишлари якунланмаганлиги алоҳида таъкидланди.
Мутасаддиларга бундай хонадонлар билан бирма-бир ишлаб, томорқа майдонларига бозорбоп экинлар экилишини ташкил қилиш бўйича топшириқлар берилди.
Президентимиз бу йилги мураккаб вазиятни ҳисобга олиб, барча томорқаларда 2-3 марта экин экиш ва қўшимча ҳосил олиш биринчи даражали вазифа бўлиши кераклигини таъкидлади.
Хонадонларда ихчам иссиқхоналар қуриш ҳам муҳим. Бугунги кунда томорқаларда жами 4 минг гектар енгил конструкцияли иссиқхоналар мавжуд бўлиб, уларда йилига уч марта ҳосил олишни йўлга қўйиш мумкин.
Лекин кўплаб туманларда бу масалага етарлича эътибор берилмаётгани кўрсатиб ўтилди. “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида ҳар бир сектор ҳудудида камида 100 тадан хонадонда 1-1,5 сотихли иссиқхоналар ташкил этиш бўйича кўрсатма берилди.
Томорқа ободлиги, албатта, сувга боғлиқ. Ўтган йили жойларда 233 та қудуқ қазилиб, 4,5 мингдан ортиқ хонадоннинг сув таъминоти яхшиланган эди.
Ҳозирда эса Жондор, Шофиркон, Бахмал, Фориш, Ғузор, Чироқчи, Нурота, Қўшработ, Ургут, Ховос, Бекобод, Ёзёвон, Қўшкўпир каби туманларнинг аксарият қишлоқларида сув таъминоти оғир бўлиб қолмоқда.
Шу боис Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига ҳокимлар билан биргаликда сув таъминоти яхши бўлмаган маҳаллаларда артезиан қудуқлар қазиб, ҳосилдорликни ошириш вазифаси қўйилди.
Қишлоқ хўжалигида вақтинча фойдаланилмаётган ерларни ўзлаштириб, кам таъминланган оилаларни банд қилиш бўйича тизим яхши самара бермоқда. Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида бу борада 31 та кооператив ташкил этилиб, 1 минг 600 нафар ишсиз фуқаро бандлиги таъминланди. Бундай кооперативлар фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузуридаги жамғармасидан 50 миллиард сўм ажратилган.
Йиғилишда бу тажрибани бошқа ҳудудларда ҳам жорий қилиб, камбағалликни ва ишсизликни камайтириш бўйича топшириқлар берилди.
Кооперативга аъзо бўлган ишсиз фуқароларга Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги жамғармасидан маҳсулот етиштириш харажатлари учун 24 миллиард сўм субсидия ажратилади. Кам таъминланган, қаровчиси бўлмаган оилаларга мевали кўчатлар, сабзавот уруғлари ва бошқа моддий ресурслар етказиб берилади.
Томорқаларда етиштирилган маҳсулотларни ички ва ташқи бозорга етказиб бериш масаласига ҳам эътибор қаратилди.
Ҳозирги синовли даврда томорқа ерларига экин экмаслик, қаровсиз ташлаб қўйиш юртга ва ерга нисбатан хиёнат деб баҳоланиши керак.
Шунинг учун томорқадан самарали фойдаланмаётган хонадон эгалари расман огоҳлантирилиши, ундан кейин ҳам экин экмаганларга ер солиғи оширилган ставкада қўлланилиши маълум қилинди.
Бу борада мутасадди раҳбарларга тегишли ҳужжатни қабул қилиш топширилди. Томорқалар ҳолатини дронлар орқали мониторинг қилиш ҳамда улардан унумли фойдаланиш учун ҳар бир сектор кесимида зарур чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Видеоселектор йиғилишида муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасадди раҳбарлар ва ҳокимлар ахборот берди.
Манба: https://president.uz/uz/lists/view/3487