Sayt test rejimida ishlamoqda

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 26 март куни коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишни кучайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Тадбир аввалида давлатимиз раҳбари ушбу масала бўйича халқимизга яна бир бор мурожаат қилди.

– Бугунги кунда бутун дунё, инсоният оғир кунларни бошидан кечирмоқда. Коронавирус инфекцияси 190 дан зиёд мамлакатга тарқалиб, пандемияга айланди. Касалланганлар сони 450 мингдан, вафот этганлар 21 мингдан ошди.

Афсуски, ушбу касаллик мамлакатимизни ҳам четлаб ўтмади. Бугунга келиб вирус билан касалланганлар сони 65 нафарни ташкил қилмоқда.

Шу сабабли, Бош вазир раҳбарлигида республика комиссияси тузилиб, Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ташкил этилди.

Пандемияга қарши курашиш ва унинг оқибатларини юмшатиш учун жамғармага 10 триллион сўм миқдорида маблағ йўналтирилди.

Бу офатдан халқимизни асраш бўйича мамлакат миқёсида таъсирчан чоралар кўрилмоқда. Хусусан, касаллик аниқланган илк кунданоқ барча таълим ва диний муассасалар фаолияти, халқаро ва ички жамоат транспортлари қатнови тўхтатилди.

Одамлар гавжум бўладиган жойлар, хусусан, барча буюм бозорлари, умумий овқатланиш шохобчалари вақтинча ёпилди.

Мулкчилик шаклидан қатъи назар барча корхона ва ташкилотлар ходимларига таътил берилиб, масофавий ишлашга ўтказилмоқда.

Мамлакатнинг барча тиббиёт муассасалари кучайтирилган иш режимига ўтказилиб, 11 та тиббиёт муассасаси ва 97 та сиҳатгоҳ, оромгоҳ ва ётоқхоналар карантинга ихтисослаштирилди.

Ушбу вирусли инфекцияни жиловлаш, тарқалишининг олдини олиш ҳамда профилактика қилиш мақсадида уй шароитида 80 мингга яқин, стационарда 12 минг нафар фуқаро карантинга олинган.

Пандемияга қарши курашиш бўйича 100 минг атрофида тиббиёт ходимлари мобилизация қилиниб, уларга ҳокимиятлар, ички ишлар тизими, Мудофаа ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари яқиндан кўмаклашмоқда.

Шунингдек, хориждаги фуқароларимизни қайтариш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Дастлаб уларни Хитойдан эвакуация қилган бўлсак, ҳозирда барча давлатлардан олиб келинмоқда.

Хориждаги ҳамма дипломатик ваколатхоналаримизда штаблар ташкил этилган. Охирги 10 кун ичида 20 та чартер рейслар амалга оширилди. Россия, Туркия, Эрон, Бирлашган Араб Амирликлари, Жанубий Корея, Миср, Малайзия, Ҳиндистон, Таиланд, Индонезия ва Германиядан тўрт мингга яқин фуқароларимиз олиб келинди, қўшни давлатлар билан чегараларимиздан 80 мингдан ортиқ ватандошларимиз ўтказилди ҳамда юртимизда ташкил этилган профилакторий, санаторий ва бошқа шифо масканларида карантинга олинди.

Бундан ташқари, дипломатик миссияларимиз Россия, Хитой, Сингапурдан экспресс-тестлар, тиббий анжомлар ва гуманитар юкларни олиб келиш бўйича амалий ишларни бажармоқда, илғор давлатларнинг етакчи ва тажрибали мутахассисларини жалб этиш бўйича саъй-ҳаракатлар кучайтирилди.

Бир нарсани аниқ тушуниб олиш лозим. Бизда аниқланган касаллар сони кам-ку, 100 тага ҳам етмайди, хавотирга ўрин йўқ, деб хотиржам бўлиш хиёнат ҳисобланади.

Чунки, коронавирус менга юқмайди деб бефарқ юрганлар нафақат ўзининг, балки ота-онаси, фарзандлари, атрофидагилар, қолаверса, бутун халқимизнинг соғлиғи ва ҳаётини катта хавфга қўйишини чуқур англаб етиши керак.

Давлат томонидан кўрилаётган чоралар одамларимизнинг касалликни юқтириб олиш эҳтимолини имкон қадар чегаралаш, вирусли инфекциянинг тарқалишини жиловлашга қаратилган.

Тиббиёт қанчалик ривожланган бўлмасин, давлат бунга қанча-қанча маблағ ажратмасин, одамларимиз шифокорлар тавсиясига амал қилмаса, тартиб-интизомли бўлиб, карантин қоидаларига риоя этмаса, барча кўрилаётган чораларимиз, пандемияга қарши курашиш учун сафарбар қилинган юз минглаб фидойи инсонларнинг меҳнати беҳуда кетиши мумкин.

Айрим ҳудуд раҳбарлари ҳозирга қадар фуқароларга мурожаат билан чиқиш ва юзага келган вазиятни аҳоли ўртасида тушунтириш чораларини кўрмаяпти. Маҳаллий телеканаллар, газета ва журналларда, ижтимоий тармоқларда ишлар лозим даражада ташкил этилмаяпти.

Вилоят, шаҳар ва туман, 4 та сектор раҳбарларининг эпидемиологик осойишталик учун шахсий жавобгар эканлиги ҳақида қатъий огоҳлантираман. Сизлар коронавирус инфекциясининг тарқалишига йўл қўймаслик, карантин режимини бузишнинг барча салбий оқибатларини аҳолига тушунтириш бўйича туну кун ишлашингиз шарт.

Маҳалла фуқаролар йиғинларига ҳам кўп эътирозларим бор. Жойларда маҳалла фаолларининг роли умуман сезилмаяпти. Маҳалла раисларининг кўз олдида айрим фуқаролар кўп одамларни йиғиб, дабдабали маросим ва тадбирларни ўтказишни давом эттирмоқда.

Мисол учун, Фарғона вилояти Ёзёвон тумани Беруний маҳалласида яшовчи аёл Умрадан қайтиб келиб, уйда карантинда бўлиш талабларини қўпол равишда бузиб, эртаси куни 120 нафар кишини чақириб, дабдабали маросим ўтказган. Оқибатда унинг 4 нафар оила аъзоси инфекция юқтиргани аниқланди. Яна қанча одам касаллангани ҳали номаълум.

Шу боис карантин қоидаларини бузганлик учун жазо чораларини кучайтириш тўғрисида парламентимиз қабул қилган қонунни имзоладим. Ушбу қонунга асосан, бундан буён карантин даврида атрофидаги инсонларнинг соғлиғи ва ҳаётини хавф остига қўйганлар 10 йилгача озодликдан маҳрум этилади.

Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия, Санитария-эпидемиология назорати инспекцияси қонун устуворлиги ва жазо муқаррарлигини қатъий таъминлаши шарт.

Ишончим комил, оиласи, фарзандлари, эл-юрти тинчлиги, соғлиғини ҳамма нарсадан устун қўядиган донишманд халқимиз бундай ҳолатга тушиб қолишни ҳеч қачон истамайди.

Коронавирус пандемияси бутун инсоният учун Яратганнинг берган бир синовидир. Халқимиз жипслашиб, шифокорларнинг барча тавсияси, кўрсатмаларига амал қилсалар, одамларимиз карантин даврида ҳаётий заруратсиз ўз хонадонларини тарк этмаса, касалликнинг илк белгилари аниқланганда, уни яширмай шифокорларга ўз вақтида мурожаат қилсалар, биз бу касалликни, албатта, енгамиз!

Коронавирусга қарши курашишдаги ўзига хос “жанг майдони”да тиббиёт ходимлари биринчи зарбани қабул қилмоқдалар. Оддий ҳақиқатни тан олиш адолатдан бўлади. Касалларга ўз вақтида ёрдам берилса, улар шифо топади, касалхоналарни тарк этади. Лекин, охирги касал тузалмагунча тиббиёт ходимлари иш жойини тарк этолмайди.

Дунё бўйлаб, хусусан, мамлакатимизда шифокорларнинг ўз касбига садоқати, халқимиз, ота-оналаримиз, фарзандларимиз соғлиғи йўлида туну кун қилаётган меҳнати барчамиз учун жасорат намунаси бўлмоқда.

Шу сабабли, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилишга қўшаётган улкан ҳиссаларини ва фидокорона хизматларини эътироф этган ҳолда, коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш ишларига жалб этилган тиббиёт, санитар-эпидемиологик ва бошқа ходимларни қўшимча ижтимоий ҳамда моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида алоҳида қарорни имзоладим.

Карантин амал қиладиган муддатда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотга киришадиган, зарарланган беморлар жойлаштирилган объектларда фаолият олиб бораётган шифокорлар, эпидемиологларга ҳар ойда қўшимча 25 миллион сўм, ҳамшира ва лаборантларга 15 миллион сўм, санитар ходимларга 10 миллион сўм ва бошқа ходимларга 5 миллион сўм рағбатлантириш тўловлари берилади.

Бундан ташқари, беморлар билан ишлаш вақтида коронавирус юқтириб олган тиббиёт ходимларига 100 миллион сўм миқдорида алоҳида тўлов берилади.

Ҳар бир тиббиёт ходимига алоҳида эътибор қаратиш, коронавирусдан зарарланган беморлар билан мулоқотга киришган тиббиёт ходимларини карантинга олиш, уларга муносиб шароитлар яратиб бериш зарур.

Ҳурматли тиббиёт ходимлари, ўз ҳаёти ва соғлиғини гаровга қўйиб, пандемия билан курашаётган шифокорлар, ҳамширалар, санитар ходимларга бутун Ўзбекистон халқи номидан чексиз миннатдорлик билдираман, – деди давлатимиз раҳбари.

Манба: https://president.uz/

Yangiliklarga obuna bo‘lish