Мирзаходжаев Шерзодхўжа Шохруховичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри: “Комбинациялашган фронтал плуг фаол иш органининг параметрларини асослаш”, 05.07.01–Қишлоқ хўжалиги ва мелиорация машиналари. Қишлоқ хўжалиги ва мелиорация ишларини механизациялаш (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2019.3.PhD/Т1355.
Илмий раҳбар: Маматов Фармон Муртозевич, техника фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Самарқанд ветеринария медицинаси институти ва Қарши мухандислик-иқтисодиёт институтида.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти, DSс.27.06.2017.Т.10.01.
Расмий оппонентлар: Тўхтақўзиев Абдусалим, техника фанлари доктори, профессор; Равшанов Ҳамроқул Амирқулович, техника фанлари номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: “BMKB-Agromash” АЖ.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: юқори қувватли ҳайдов тракторларининг қувватидан самарали фойдаланиб, тупроқни экишга сифатли тайёрлаш ва агрегатнинг иш унумини оширишни таъминлайдиган комбинациялашган фронтал плуг фаол иш органининг параметрларини асослаш.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
фаол иш органли комбинациялашган фронтал плугнинг конструктив схемаси ишлаб чиқилган ва технологик иш жараёни асосланган;
фаол иш органининг плуг рамасида ўрнатилиши тупроққа фреза пичоғи томонидан бериладиган деформациянинг корпус таъсирида ҳосил бўладиган деформацияга қарама-қарши йўналишини ҳисобга олган ҳолда асосланган;
фаол иш органнинг тупроқ билан ўзаро таъсирлашиш жараёнларини ифодалайдиган аналитик боғланишлар олинган ва улар асосида фаол иш органининг мақбул параметрлари аниқланган;
комбинациялашган фронтал плугнинг агротехник ва энергетик иш кўрсаткичларини фаол иш органнинг параметрлари ва агрегат ҳаракат тезлигига боғлиқ равишда ўзгаришини ифодалайдиган аналитик боғланишлар асосида уларнинг мақбул қийматлари аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:
Фаол иш органли комбинациялашган фронтал плугнинг параметрларини асослаш бўйича олинган натижалар асосида:
ерларни буғдой ва такрорий экинларни экиш учун шудгорлашда технологик жараёнлар бажарилишининг сифат кўрсаткичларини баҳолашга дастлабки талаблар ва комбинациялашган фронтал плуг конструкциясини лойиҳалашга техник топшириқ ишлаб чиқилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2019 йил 1 августдаги 01-193-сон маълумотномаси). Натижада фаол иш органи, ўнг ва чап ағдарадиган корпуслар ва ғалтакмоладан ташкил топган осма ва юқори манёврли комбинациялашган фронтал плуг конструкциясини ишлаб чиқиш имкони яратилган;
эгат ҳосил қилмасдан текис шудгорлаш учун ишлаб чиқилган комбинациялашган фронтал плуг Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тасарруфидаги фермер хўжаликлари, жумладан, Жомбой ва Қамаши туманлари фермер хўжаликларида жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2019 йил 1 августдаги 01-193-сон маълумотномаси). Натижада далаларни буғдой ва такрорий экинларни экиш учун тайёрлашда ёнилғи сарфи 1,31 мартага ва фойдаланишдаги харажатлар 32 фоизга камайган.