Ишмуратов Хикмат Кахаровичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Ейилиш меъзони асосида пахта териш машиналарининг тишли узатмалари ресурсини назарий асослаш», 05.02.02–Механизмлар ва машиналар назарияси. Машинашунослик ва машина деталлари (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2019.3.PhD/Т1310.
Илмий раҳбар: Иргашев Амирқул Иргашевич, техника фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат техника университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассасалар номи, ИК рақами: Тошкент давлат техника университети ва Ўзбекистон Миллий университети, DSc.28.02.2018.Т.03.04.
Расмий оппонентлар: Нуриев Карим Котибович, техника фанлари доктори, профессор; Шукуров Рустам Уткурович, техника фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Қишлоқ хўжалигини механизациялаш илмий-тадқиқот институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: ейилиш меъзони асосида пахта териш машиналарининг тишли узатмалари ресурсини назарий асослашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
атроф-муҳитнинг чангланиши шароитида тишларнинг понасимон тирқишлари зонасида абразив зарралар иштирокида, уларнинг майдаланишидан олдин ва кейин тишларнинг ғадир- будурлиги эвазига давом этадиган тишларнинг ейилишини ҳисоблаш илмий методологияси таклиф этилган;
тишли ғилдиракларнинг тишлари орасида сирпаниш мавжуд бўлганда ва мавжуд бўлмаганда абразив зарралар иштирокида ва иштирокисиз очиқ тишли узатмалар тишларининг ейилиш тезлигини ҳисоблаш усули ишлаб чиқилган;
очиқ тишли узатмаларнинг ейилиши ва ресурсини таъминлайдиган атроф-муҳитнинг максимал рухсат этилган чангланиш даражасини таъминлаш усули ишлаб чиқилган;
пахта териш аппарати ажраткич тишли ғилдираклари тишларининг ейилиш бардошлилигини баҳолаш усули ишлаб чиқилган;
пахта териш аппарати ажраткич очиқ тишли ғилдираклари тишларининг ейилиш синов муддати илашиш модулини ҳисобга олган ҳолда асосланган;
пахта териш аппарати ажраткич тишли ғилдираклари тишларининг ейилиш жараёнида иштирок этадиган ва тиш юзасида ушлаб қолинадиган абразив заррачаларнинг энг катта ҳажми аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Пахта териш машиналарининг ейилиш мезонлари асосида тишли узатмалар ресурсини асослаш бўйича олинган натижалар илмий натижалар асосида:
пахта териш машиналарининг ажраткич очиқ тишли узатмалари учун материал танлаш ва унга термик ишлов бериш режимлари “Қашқадарё Агросервис МТП” МЧЖ, “Сурхондарё Агросервис МТП” МЧЖ, “Сирдарё Агросервис МТП” МЧЖларга жорий этилган (“Ўзагросервис” АЖнинг 2009 йил 10 августдаги АК/11-182-сон маълумотномаси). Натижада эркин ҳолатда ҳавода бўлган абразив заррачалар билан очиқ тишли узатмаларнинг ейилиш бардошлилиги ва ресурси даврий баҳоланиб, очиқ тишли узатмаларнинг ейилиш ва ресурс муддатини олдиндан аниқлаш натижасида техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлашда машинанинг самарасиз туриб қолиши 10–15% га камайган;
пахта териш машиналарининг ажраткич очиқ тишли узатмаларининг ейилиш назарияси “Қашқадарё Агросервис МТП” МЧЖ, “Сурхондарё Агросервис МТП” МЧЖ, “Сирдарё Агросервис МТП” МЧЖларга жорий этилган (“Ўзагросервис” АЖнинг 2015 йил 10 августдаги АК/11-182-сон маълумотномаси). Натижада эҳтиёт қисмларга бўлган эҳтиёжни дастлабки аниқлаш натижасида машиналарнинг таъмирлашда самарасиз туриб қолиши 12–15% га қисқартирилишига имкон берган;
ажраткич тишли узатмалар ресурсларини ошириш “Қашқадарё Агросервис МТП” МЧЖ, “Сурхондарё Агросервис МТП” МЧЖ, “Сирдарё Агросервис МТП” МЧЖларга жорий этилган (“Ўзагросервис” АЖнинг 9/10/2019 йилдаги АК/11-182-сон маълумотномаси). Натижада ўта чанг шароитда ишлайдиган ПТМлар очиқ тишли ғилдираклари юзасига жойлашиб қолган энг катта абразив заррачалар ҳажми аниқланиб, тишли ғилдираклар ресурси асосланиб, уларнинг жадал ейилишининг олдини олиш учун тезлаштирилган қарор қабул қилиш имкони яратилган.