Sayt test rejimida ishlamoqda

Тўхбоева Нилуфар Мамадиёровнанинг фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
 
I. Умумий маълумотлар:
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража берадиган фан тармоғи номи): “Мовароуннаҳрда темурийлар меъморий меросини тадқиқ этишнинг янги аспектлари”, 18.00.01 – Архитектура назарияси ва тарихи. Архитектура ёдгорликларини таъмирлаш (архитектура).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2019.3.PhD/A25.
Илмий раҳбар: Маматмусаев Тохир Шайдулович, архитектура фанлари доктори
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент архитектура-қурилиш институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса, ИК рақами: Тошкент архитектура-қурилиш институти, DSc.03/30.12.2019.A.11.02.
Расмий оппонентлар: Ширинов Темур Ширинович, тарих фанлари доктори, профессор; Муҳамеджанов Қобилжон Ҳожимуродович, архитектура фанлари номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: Камолиддин Беҳзод номидаги миллий рассомлик ва дизайн институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Амир Темур ва темурийлар даврининг Мовароуннаҳрдаги меъморий мероси тарихини, яъни Самарқанддаги Хованд Султон бека мақбараси (Ишратхона), Оқсарой мақбараси, Шоҳизинда мажмуасидаги икки гумбазли Туман оқа мақбараси, Амир Темур мақбараси ва Шаҳрисабздаги Оқсарой ёдгорликлари тарихига оид ноаниқликларни янги маълумотлар асосида бойитиш ва такомиллаштиришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Амир Темур даврига мансуб кўплаб рубъа ва қитъа шаклидаги шаҳристон томонларининг меъморий уйғунлигига мос тарзда Шаҳрисабз тарихий шаҳри шаҳристонининг шимолий ва жанубий деворлари орасидаги масофа ҳозирги жойидан кўра каттароқ бўлганлиги аниқланган; 
сўнгги темурийлар даврида ярим вайрона ҳолга келган чорбоғлардаги кўшклар қайта таъмирланиб мақбарага айлантирилиши чорбоғ таркибида мақбара қурилган мемориал композиция турини келтириб чиқарганлиги аниқланган;
Самарқанддаги Хованд Султон бека мақбараси (Ишратхона) тарихий обидасининг дастлаб Амир Темур томонидан Феруза боғининг кўшки сифатида бунёд этилганлиги, кейинчалик унинг Абу Саид томонидан мақбара сифатида кенгайтирилганлиги, шунингдек Шоҳизинда мажмуасидаги икки гумбазли мақбара дастлаб чорбоғнинг бир гумбазли кўшки сифатида бунёд этилганлиги, кейин унга гўрхона қурилиб мақбарага айлантирилганлиги асослаб берилган;
Шаҳрисабздаги Оқсарой мажмуасининг дастлабки қиёфаси юзасидан Руи Гонзалес де Клавихо ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур маълумотларига асосланиб “бош дарвозадан ҳовлига” эмас, йўлакка кирилганлиги исботланган;
тарихий шаҳарсозлик базасида туризмни ривожлантиришга қаратилган Темурийлар даврига мансуб Шаҳрисабздаги Оқсарой ва Самарқанддаги Амир Темур мажмуалари илк архитектуравий кўринишларининг лойиҳавий таклифлари яратилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Мовароуннаҳрда темурийлар меъморий меросини тадқиқ этишнинг янги аспектлари мавзуси бўйича олинган илмий натижалар асосида:
Темурийлар даврига мансуб Шаҳрисабз шаҳари ўлчамлари ва ундаги Оқсарой ёдгорлиги бўйича олинган янгича илмий ёндошувлар Ф.1-86 рақамли “Ўзбекистон архитектурасининг мустақиллик мафкураси асосида шаклланиш қонуниятларини тадқиқ этиш ва самарали ривожлантириш тамойилларини ишлаб чиқиш” (2011-2016 йй.) мавзусидаги фундаментал тадқиқот лойиҳасининг “Мажмуалар меъморлиги” деб номланган бўлимини тайёрлашда қўлланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2018 йил 27 мартдаги 89-03-1153-сон маълумотномаси). Илмий натижалар Амир Темур ва темурийлар меъморлиги тарихий асосларининг тикланишига ҳамда шаҳарсозлик анъаналарининг ўрганилаётган даврда янги тараққиёт босқичга кўтарилганлигини ёритишга имкон берган;
Самарқанддаги Ишратхона ёдгорлиги ва Амир Темур мақбараси тарихи бўйича топилган янги маълумотлар, шунингдек ёдгорликларнинг уч ўлчамли кўринишдаги электрон анимация моделлари Самарқанд ва Жиззах вилоятлараро минтақавий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш давлат инспекцияси амалиётида фойдаланилган (Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий-ишлаб чиқариш Бош бошқармасининг 2018 йил 7 ноябрдаги 01-01/905-сон маълумотномаси). Илмий янгиликлар Ўзбекистон Республикаси архитектурашунослигини янги босқичга кўтаришга ҳамда туризм салоҳиятини оширишга имкон берган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish