Маллаев Ойбек Усманкуловичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Кўп ядроли процессорларда сейсмик сигналларга рақамли ишлов бериш учун параллел алгоритмлар яратиш», 05.01.04–Ҳисоблаш машиналари, мажмуалари ва компьютер тармоқларининг математик ва дастурий таъминоти (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2019.2.PhD/T1257.
Илмий раҳбар: Зайнидинов Ҳакимжон Насриддинович, техника фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент ахборот технологиялари университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент ахборот технологиялари университети, DSc.27.06.2017.Т.07.01.
Расмий оппонентлар: Рахматуллаев Марат Алимович, техника фанлари доктори, профессор; Севинов Жасур Усмонович, техника фанлари доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Фарғона политехника институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: кўп ядроли процессорлар учун кубик сплайнлар ёрдамида сигналларга рақамли ишлов берувчи параллел алгоритмлар яратиш ва улар асосида дастурий восита ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
кўп ядроли процессорда кубик базисли сплайнлар асосида параллел алгоритмларни амалга ошириш структураси ва сейсмик сигналларга рақамли ишлов беришнинг сплайн усули ишлаб чиқилган;
сигналларга базисли сплайнлар ёрдамида рақамли ишлов бериш усуллари асосида оқимлар даражасидаги параллеллаштириш архитектуралари ёрдамида сейсмик сигналларни рақамли ишлаш жараёнларини параллелаштириш учун тезкор алгоритм ва дастурий восита яратилган;
маълумотлар даражасидаги параллеллаштириш асосида мавжуд параллел технологиялари ва замонавий дастурлаш имкониятларидан фойдаланилган ҳолда кўп ядроли процессорлар учун сигналларни рақамли ишлашнинг параллел алгоритми яратилган;
сигналларга сплайн-функциялар ёрдамида параллел ишлов бериш технологияларидан фойдаланган ҳолда сейсмик сигналларни рақамли ишлашнинг параллел алгоритмлари ва дастурий мажмуаси яратилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Кўп ядроли процессорлар учун кубик сплайнлар ёрдамида сигналларга рақамли ишлов берувчи параллел алгоритмлар яратиш ва уларнинг дастурий воситаларини ишлаб чиқиш бўйича олинган натижалар асосида:
сейсмик сигналларни рақамли ишлаш жараёнларини тезкор параллелаштириш усули ёрдамида кирувчи сигналнинг муҳим параметрларини аниқловчи дастурий восита Сейсмология илмий-тадқиқот институтига жорий қилинган (Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг 2019 йил 23 июлдаги 33-8/5088-сон маълумотномаси). Натижада яратилган дастурий восита сейсмик сигналларнинг муҳим параметрларини ҳисоблаш вақтини 1,8 мартага камайтириш имконини берган;
сплайн-усуллар ёрдамида маълумотларни рақамли ишлаш ва силлиқлаш алгоритми асосида яратилган дастурий восита «GM-Uzbekistan» акциядорлик компаниясига жорий қилинган (Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг 2019 йил 23 июлдаги 33-8/5088-сон маълумотномаси). Натижада компаниянинг жорий фойдаланиб келинаётган ҳисоблаш алгоритмларига нисбатан таклиф қилинган ва ишлаб чиқилган параллел усул, алгоритмлар ва дастурий восита тизим ҳисоблашлари самарадорлигини 30–35% га ошириш имконини берган;
кўп ядроли процессорларда тизимнинг ҳисоблаш жараёнларини векторлаш ва параллел алгоритмлари асосида яратилган дастурий мажмуа «GM-Uzbekistan» акциядорлик компаниясига жорий қилинган (Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг 2019 йил 23 июлдаги 33-8/5088-сон маълумотномаси ва «UNICON.UZ» ДУКнинг 2019 йил 13 сентябрдаги хулосаси). Натижада компаниянинг жорий фойдаланиб келинаётган ҳисоблаш алгоритмларига нисбатан векторлаш усуллари ёрдамида маълумотларга параллел ишлов берувчи дастурий восита тизим ҳисоблашлари самарадорлигини 40–45% га ошириш имконини берган.