Sayt test rejimida ishlamoqda

Мамараимов Илхом Ражаббоевичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар. 
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража берадиган фан тармоғи номи):  «Иқтисодий ночор корхоналар фаолиятини молиявий рағбатлантириш механизмини такомиллаштириш йўллари», 08.00.07 – Молия, пул муомаласи ва кредит (иқтисодиёт фанлари). 
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.3.PhD/Iqt.382. 
Илмий раҳбар: Тошматов Шухрат Амонович, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор. 
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси. 
ИК фаолият кўрсатаётган муассасалар номи, ИК рақами: Тошкент давлат иқтисодиёт университети DSc.03/10.12.2019.I.16.01. 
Расмий оппонентлар: Иминов Одилжон Каримович, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор; Тўраев Шавкат Шухратович, иқтисодиёт фанлари номзоди, доцент. 
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Малака ошириш маркази. 
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади иқтисодий ночор корхоналар фаолиятини молиявий рағбатлантириш механизмини такомиллаштиришга қаратилган илмий таклиф ва амалий тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги: 
юқори ликвидли қурилиш материаллари учун қўшимча фойда солиғини бекор қилиш орқали корхоналарнинг иқтисодий фаолиятини рағбатлантиришда солиқ механизмининг таъсирчанлигини ошириш илмий асосланган;
иқтисодий ночор корхоналар соф фойдасини оширишда чегирилмайдиган харажатларнинг ёпиқ рўйхатини аниқлаш йўналишлари ишлаб чиқилган;
корхоналарнинг халқаро молия бозорларидаги фаоллигини оширишда халқаро фонд биржаларида жойлаштирилган қимматли қоғозлар бўйича фойда солиғидан имтиёзлар тизими такомиллаштирилган;
иқтисодий ночор корхоналар фаолиятни қайта тиклашда тўлиқ эскирган асбоб-ускуналардан фойдаланганлик учун мажбурий тўлов тўлаш амалиётининг салбий таъсирини камайтириш бўйича тавсиялар асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Иқтисодий ночор корхоналар фаолиятини молиявий рағбатлантириш механизмини такомиллаштиришга қаратилган илмий таклифлар асосида:
умумбелгиланган тартибда солиқ тўловчи корхоналарда солиқ юкини камайтириш, айрим турдаги товарлар (цемент, полиэтилен гранулалари) учун қўшимча фойда солиғини бекор қилиш, қўшимча фойда солиғини тўловчи юридик шахслар учун фойда солиғи 14 фоизли ставкасини оптималлаштирган ҳолда фойда солиғининг умумий битта 20 фоизли ставкасини жорий этиш таклифи Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 24 декабрдаги ЎРҚ-508-сон «Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2019 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонунида ўз аксини топган (Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг 2019 йил 27 июндаги 14-18795-сон маълумотномаси). Ушбу таклифнинг амалиётга жорий этилиши натижасида қўшимча фойда солиғи тўловчи юридик шахслар учун оширилган ставкада қўшимча фойда солиғини тўлаш тартиби бекор қилиниб, реал сектор корхоналарининг иқтисодий ночор аҳволга тушиб қолишининг олди олинган;
юридик шахслар солиқ солинадиган фойдасини аниқлашда чегирилмайдиган харажатларнинг ёпиқ рўйхатини аниқ белгилаб қўйган ҳолда қўшимча киритишларга йўл қўймаслик шартини тасдиқлаш зарурлиги юзасидан таклиф Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 24 декабрдаги ЎРҚ-508-сон «Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2019 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонунида ўз аксини топган (Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг 2019 йил 27 июндаги 14-18795-сон маълумотномаси). Таклифнинг амалиётга татбиқ этилиши иқтисодий ночор корхоналарни молиявий рағбатлантириш, солиқ солинадиган базани аниқлаш тартибини соддалаштириш имконини берган;
норезидент юридик шахслар, республикадаги резидент юридик шахслар томонидан халқаро фонд биржаларида жойлаштирилган қимматли қоғозлари бўйича тўлов манбаида олинадиган 10 фоиз ставкани бекор қилиш таклифи Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 24 декабрдаги ЎРҚ-508-сон «Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2019 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонунида ўз аксини топган (Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг 2019 йил 27 июндаги 14-18795-сон маълумотномаси). Бунинг натижасида юридик шахслар томонидан халқаро бозорларда қимматли қоғозларни жойлаштирилиши осонлашди, инвесторларнинг қимматли қоғозларга нисбатан қизиқиши ортди, иқтисодий ночор корхоналарни молиявий соғломлаштириш тезлашган;
умумбелгиланган тартибда солиқ тўлайдиган корхоналар фойдали хизмат муддати ўтиб, тўлиқ эскирган асбоб-ускуналардан фойдаланганлик учун уларнинг бошланғич қийматидан 0,25 фоиз миқдорида тўлов тўлаш амалиётини бекор қилиш таклифи Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 декабрдаги ПҚ-4086-сон «Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва давлат бюджети параметрлари ҳамда 2020-2021 йилларга бюджет мўлжаллари тўғрисида»ги Қарорининг 11-бандида ўз аксини топган (Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг 2019 йил 27 июндаги 14-18795-сон маълумотномаси). Бунинг натижасида хўжалик юритувчи субъектлар молиявий ҳолати ёмонлашувининг олди олинган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish