Мустофоқулов Жаббор Ахматқуловичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Ёриқ-ғовак муҳитларда номувозанат адсорбция ҳисобга олиниб модда кўчиши масалаларини ечиш», 01.02.05–Суюқлик ва газ механикаси (физика-математика фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2019.2.PhD/FM354.
Илмий раҳбар: Хўжаёров Бахтиёр Хўжаёрович, физика-математика фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Самарқанд давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Самарқанд давлат университети, DSc.30.08.2018.FM/T.02.09.
Расмий оппонентлар: Арифжанов Ойбек Мухамеджанович, техника фанлари доктори, профессор; Джабборов Мамасоли Содикович, физика-математика фанлари номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: Механика ва иншоотлар сейсмик мустаҳкамлиги институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: ёриқ-ғовак муҳитларда номувозанат адсорбция ҳамда диффузияни ҳисобга олган ҳолда модда кўчиши ва суюқликлар ҳаракати масалаларининг гидродинамик моделларини такомиллаштириш ва сонли ечиш усулларини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
номувозанат адсорбция ва унинг хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ёриқ-ғовак муҳитда модда кўчиши ва суюқлик ҳаракати масалалари ечилган ҳамда уларнинг ушбу муҳитдаги инерт ва актив моддалар кўчишига таъсири баҳоланган;
битта ёриқ ва ғовак блокдан, шунингдек. иккита ёриқ ва уларнинг ўртасидаги ғовак блоклардан ташкил топган ёриқ-ғовак муҳит элементида модда кўчиши масаласи учун номувозанат адсорбциянинг уч хил кўринишдаги тенгламалари тузилган;
номувозанат адсорбцияни ва диффузияни ҳисобга олиб. модда кўчишининг математик модели ишлаб чиқилган ва адсорбциянинг муҳитлар чегарасидаги модда алмашинуви кўрсатгичларига сезиларли таъсир этиши исботланган;
модданинг химик-биологик активлиги ёки радиоактив емирилиши ҳисобга олинганда концентрация тарқалиш майдонининг қисқариши ва адсорбция қийматининг камайишига олиб келиши аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Ёриқ-ғовак муҳитларда суюқлик ҳаракати ва модда кўчиши жараёнларининг такомиллаштирилган моделларини сонли тадқиқ этиш бўйича ишлаб чиқилган ҳисоблаш алгоритмлари ва дастурий воситалари асосида:
суюқлик ҳаракати ва адсорбцияланган модданинг ёриқ-ғовак муҳитда кўчиши жараёнининг гидродинамик дисперсия, диффузия ва номувозанат адсорбция эффектларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган моделлари ва ҳисоблаш алгоритмлари БВ-Атех-2018-9 рақамли «Техноген омиллардан атмосфера ва сув ресурсларини ҳимоялаш масалаларини ечиш учун моделлар, тақсимланган ҳисоблаш алгоритмлари ва дастурий воситалар ишлаб чиқиш» фундаментал лойиҳасида тупроқли қатламларда нам туз кўчиши миқдорини ҳисоблашда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг 2019 йил 26 апрелдаги 33-8/2897-сон маълумотномаси). Илмий натижанинг қўлланилиши рақамли алгоритмларни амалга оширишда ҳисоб-китоб экспериментларини автоматлаштиришга ва ғовак муҳитда модда кўчишининг мураккаб масалаларини ечиш жараёнини ҳисоблаш давомийлигини сезиларли даражада қисқартириш имконини берган;
инерт ва актив моддаларнинг ёриқ-ғовак муҳитларда кўчиши жараёнининг такомиллаштирилган математик моделларини тузиш ва сонли таҳлил этиш бўйича олинган натижалар ФА-Ф078 рақамли «Ғовак муҳитларда биржинслимас суюқликлар сизиши гидродинамик моделларини ишлаб чиқиш ва тадқиқ қилиш» лойиҳада ғовак муҳит деворларига модда концентрациясининг адсорбцияланишини ҳисоблашда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2019 йил 5 ноябрдаги 89-03-4297-сон маълумотномаси). Илмий натижанинг қўлланилиши мураккаб геометрияли соҳалар учун ер ости қатламларида адсорбцияланувчи модда кўчишининг кўп ўлчовли масалаларини гидродинамик моделларини такомиллаштириш, ҳисоблаш экспериментини ўтказиш ва натижаларни визуаллаштириш имконини берган.