Хужанова Дилафрўз Шакарбековнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Паст ўлчамли электрон тизимлари оптик хоссаларининг хусусиятлари», 01.04.05–Оптика (физика-математика фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2018.3.PhD/FM278.
Илмий раҳбар: Эшпўлатов Барат, физика-математика фанлари доктори.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент ахборот технологиялари университети Самарқанд филиали.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Самарқанд давлат университети, PhD.29.08.2017.FM.02.04.
Расмий оппонентлар: Борис Леонидович Оксенгендлер, физика-математика фанлари доктори, профессор; Қўйлиев Баҳрон Тўхлиевич, физика-математика фанлари номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: Фарғона давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: ўлчамли квантланган яримўтказгичли ипларда ёруғликнинг зоналараро комбинацион сочилиши ва магнит майдонига жойлаштирилган квант ўрасида ёруғликнинг зоналараро магнитоптик ютилишида магнитполярон эффектларни ва ёруғликнинг кўп фононли резонансли комбинацион сочилишини аниқлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
тўғри бурчакли ва цилиндрик шакллардаги яримўтказгичли квант ипларда ёруғликнинг зоналараро комбинацион сочилишининг анизотропик эканлиги ва ёруғликнинг сочилиш частотаси қатор дискрет қийматлар қабул қилиши аниқланган;
магнит майдонга жойлаштирилган квант ўрасидаги ёруғликнинг кўп фононли резонанс сочилиши ҳажмий яримўтказгичлардаги худди шундай сочилиш кесимига қараганда кўп каррали кучайиши аниқланган;
электрон-фонон энергетик ҳолатлари бир нечта компоненталарга ажралиши фонон такрорланиш чўққиларининг мос компоненталарга ажралиши ва бу чўққиларнинг ҳолатлари, интенсивликлари магнит майдонга боғлиқлигидан компоненталар орасидаги масофа электрон-фонон ўзаро таъсирини характерловчи ўзгармас соннинг квадрат илдизига тенглиги аниқланган;
кучли магнит майдонда жойлашган квант ўраларида ҳосил бўладиган магнитполяронлар турларга ажратилган;
учламчи ва тўртламчи магнитполяронлар ҳосил бўлишида магнитоптик ютилиш пики (чўққиси) мос равишда учта ва тўртта компоненталарга ажралиши ҳамда ушбу пикларнинг нисбий интенсивлиги ва ҳолатлари магнит майдонга кучли боғлиқлиги аниқланган;
“Кучсизланган” магнитполярон таъсирида магнитоптик ютилиш пики иккита компонентага ажралиши кўрсатилган ва бу пиклар орасидаги масофа электрон-фонон ўзаро таъсирга тўғри пропорционаллиги аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Паст ўлчамли электрон тизимлари оптик хоссаларининг ўзига хослигини аниқлаш бўйича олинган натижалар асосида:
ёруғликнинг зоналараро магнитоптик ютилишига учламчи ва тўртламчи магнитполяронлар таъсирини аниқлашга оид натижалардан Ф2-ФҚ-0-47339 Ф2-015 рақамли «Квант ўлчамли наноструктуралар физикаси» фундаментал лойиҳасида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлигининг 2018 йил 25 августдаги 33-8/6280-сон маълумотномаси). Илмий натижаларнинг қўлланилиши квант ўлчамли наноструктураларнинг оптик хоссаларини тушунтириш ва улар тўғрисидаги илмий тасаввурларни кенгайтириш имконини берган;
эркин электрон-ковак жуфтлари қатнашган ҳолда кучли магнит майдонида, квант ўрасидаги ёруғликнинг кўп фононли комбинацион сочилиши, Ландау энергетик ҳолатларининг учтаси ва тўрттаси резонанс боғланган ҳолда магнит майдонида ёруғликнинг зоналараро магнитоптик ютилиш пикининг мос равишда учта ва тўртта пикларга ажралиши натижалари БВ-Ф4-014 рақамли «Электромагнит мослашувликни ҳисобга олган ҳолда электрон қурилмалар, микро- ва нанотизимлар юпқа элементлари магнит майдонида магнитоэластик тебранишлари масалаларини ечишнинг амалий усуллари ва магнитоэластикликнинг математик асосларини ривожлантириш» фундаментал лойиҳасида микро- ва нанотизимли юпқа элементларнинг магнит майдонида магнитоэластик тебранишлар частотасининг ўзгаришини, электромагнит мослашувлик ва микро- ва нанотизимларда экранлаш муаммосини таҳлил қилишда қўлланилган (Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлигининг 2019 йил 10 октябрдаги 33-8/7136-сон маълумотномаси). Илмий натижаларнинг қўлланилиши электромагнит мослашувлик ва микро- ва нанотизимларда экранлаш муаммосини ҳал қилиш имконини берган.