Адилов Мухаммаджон Машарибовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Гранулланган кремнийнинг термоэлектрик хоссалари», 01.04.04–Физик электроника (физика-математика фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.2.PhD/FM65.
Илмий раҳбар: Ашуров Хатам Бахронович, физика-математика фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ион-плазма ва лазер технологиялари институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ион-плазма ва лазер технологиялари институти, DSc.30.05.2018.FM./T.65.01.
Расмий оппонентлар: Эгамбердиев Бахром Эгамбердиевич, физика-математика фанлари доктори, профессор; Исаханов Зайнобиддин Абилпайзиевич, физика-математика фанлари доктори, катта илмий ходим.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Миллий университети қошидаги Яримўтказгичлар физикаси ва микроэлектроника илмий-тадқиқот институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: гранулланган кремнийнинг электрофизик ва термоэлектрик хусусиятларини 300–1000 К температуралар оралиғида комплекс баҳолаш ва шулар асосида иссиқлик энергия ўзгартиргичи қурилмасини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
ўлчами 1-30 мкм бўлган кремний зарраларини ўхшаш бўлган иккита металл контакт оралиғида механик сиқилган гранулланган намунаси қиздирилганда электр юритувчи куч ва ток ҳосил бўлиши аниқланган;
заррачалар катталиги 1–30 мкм бўлган кремний кукунидан тайёрланган ва қиздирилган намуналарда эркин юриш кучланишининг (Uэ.ю.) миқдори 0–250 МРа оралиғидаги босимга эмас, балки намунанинг узунлиги бўйлаб ҳарорат фарқига боғлиқлиги топилган;
заррачалар катталиги 1–30 мкм бўлган гранулланган кремнийдан тайёрланган ва қиздирилган намуналарда қисқа туташув токининг (Iқ.т.) миқдори 0–250 МРа оралиғида қўлланилган босимга кучли боғлиқлиги топилган;
100 МРа босим билан сиқилган кукун шаклидаги гранулланган кремнийнинг 300–350 К ҳарорат оралиғидаги иссиқлик ўтказувчанлиги ~16 Вт/м*К эканлиги, бу эса монокристалл кремнийнинг иссиқлик ўтказувчанлигидан 9 марта кичиклиги аниқланган;
гранулланган кремнийнинг Зеебек катталиги 300–350 К ҳарорат оралиғида ~500 мкВ/К эканлиги, бу эса монокристалл кремнийнинг Зеебек катталигидан 10 марта катталиги аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Гранулланган кремнийнинг электрофизик ва термоэлектрик хусусиятларини комплекс баҳолаш ва шулар асосида иссиқлик энергия ўзгартиргичи қурилмасини ишлаб чиқиш асосида:
иссиқлик вольтаик эффекти асосида иссиқлик энергиясини электр энергиясига айлантирувчи «Иссиқлик-вольтаик энергия ўзгартиргич» қурилмасига Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг ихтиро патенти олинган (27.10.2015 й., №IAP 05121). Ишлаб чиқилган қурилма гранулланган кремний асосида бир хил ўтказувчанликка эга бўлган иссиқлик энергияси ўзгартиргичини яратиш имконини берган;
иссиқлик энергиясини электр энергиясига айлантириш учун «Энергия ўзгартиргич» қурилмасига Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг (22.01.2014 й., №IAP 04831) ихтиро патенти олинган. Ишлаб чиқилган қурилма гранулланган кремний асосида ҳар хил типдаги ўтказувчанликка эга бўлган кремний кукунларини бир-бирига сиқиш орқали иссиқлик энергияси ўзгартиргичини яратиш имконини берган;
энергия ўзгартиргичларини параллел ва кетма-кет улаб фойдаланиш учун «Энергия ўзгартиргич (вариантлари)» қурилмасига Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг ихтиро патенти олинган (05.12.2013 й., №IAP 04824). Ишлаб чиқилган қурилма гранулланган кремний асосида тайёрланган иссиқлик энергияси ўзгартиргичларини параллел ва кетма-кет улаб батарея сифатида ишлатиш имконини берган;
йиғилган қуёш нурини электр энергиясига айлантириш учун «Қуёш нурланишини ўзгартиргич» қурилмасига Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг ихтиро патенти олинган (22.04.2014 й., №IAP 04884). Ишлаб чиқилган қурилма йиғилган қуёш нурланишининг фотоактив бўлмаган қисмидан фойдаланиб, гранулланган кремний асосида электр энергия олиш имконини берган.