Sayt test rejimida ishlamoqda

Жангабаева Айгул Сарсенбаевнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси  ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Қорақалпоғистон Республикасида тупроқ шўрланиши шароитида топинамбур (Helianthus tuberosus L.) ўсимлигининг етиштириш технологиясини такомиллаштириш», 06.01.08–Ўсимликшунослик (қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2018.2.PhD/Qx290.
Илмий раҳбар: Мавлянова Равза Фазлетдиновна, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, катта илмий ходим.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти, DSc.27.06.2017.Qx.42.01.
Расмий оппонентлар: Остонақулов Тоштемир Эшимович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор; Аманова Махфурат Эшмирзаевна, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: Ўсимликшунослик илмий-тадқиқот институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Қорақалпоғистон Республикасида тупроқ шўрланиши шароитида топинамбур (Helianthus tuberosus L.) ўсимлигини етиштириш технологиясининг айрим элементларини такомиллаштириш ва уларни ишлаб чиқаришга жорий этишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор Қорақалпоғистоннинг шўрланган тупроқлари шароитида топинамбурнинг «Файз-Барака» ва «Мўжиза» навларини экишнинг турли хил муддатлари, экиш схемаси, туганак вазни ва экиш чуқурлигида ўсиши, ривожланиши, ҳосилдорлиги ўрганилган ва навлар орасидаги фарқлар аниқланган;
эртаки муддатда (5 апрель) экилган топинамбур иккита навининг ўсимликларидаги поялар сони, унинг ўсиш суръатлари, туганакларнинг сони, вазни кечки муддатларга (25 апрель – 5 май) нисбатан юқори бўлиши аниқланган;
топинамбурнинг «Файз-Барака» ва «Мўжиза» навларини экишда қатор ораси 70 см ва қатордаги ўсимликлар ораси 40 см, гектарига 35500 туп ўсимлик қалинлигида жойлаштириш натижасида ҳосилдорликнинг ошиши аниқланган;
уруғлик туганакларнинг вазни (40-60 г), яъни йириклигининг ортиши ўрганилган иккала топинамбур навида ҳам ўсимлик тупида туганаклар сонининг ва уларни ҳосилининг ошишига ижобий таъсири аниқланган;
мақбул экиш чуқурлиги 9–10 см бўлиб, экиш чуқурлигининг саёз ёки чуқур экилиши ўсув даврига, ҳосилдорликка ва товарбоп маҳсулотларнинг улушига салбий таъсир кўрсатганлиги аниқланган;
шўрланган тупроқ шароитларида етиштирилган топинамбур “Файз-Барака” ва “Мўжиза” навлари туганакларининг таркибида биокимёвий моддалар аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Қорақалпоғистон Республикасида тупроқ шўрланиши шароитида топинамбур (Helianthus tuberosus L.) ўсимлигини етиштириш технологиясини такомиллаштириш бўйича олинган натижалар асосида:
топинамбур етиштириш агротехнологияларини такомиллаштириш бўйича “Қарақалпақстан Республикасы аймақларында томинамбур өсимлигиниң биоэкологиясы бойынша усыныслар” мавзусидаги тавсиянома тасдиқланган (Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2019 йил 23 мартдаги 01/06-1839-сон маълумотномаси). Натижада фермер хўжаликларида топинамбурнинг такомиллаштирилган агротехнологиясини қўллаш орқали юқори ва сифатли маҳсулот етиштириш имконини берган;
Қорақалпоғистон Республикасида тадқиқотлар бўйича энг самарали бўлган экиш ва етиштириш технологияси Кегейли туманининг “Аббаз-қыпшақ” фермер хўжалигида 10 га, “Амирбек кегейлиши” фермер хўжалигида 20 га майдонга, Тахтакўпир туманининг “Кендебай-шарўа” фермер хўжалигида 23 га майдонга жами 53 гектар майдонда жорий этилган (Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2019 йил 23 мартдаги 01/06-1839-сон маълумотномаси). Натижада қулай экиш муддати, экиш схемаси, экиш чуқурлигида парваришлангани ҳисобига соф фойда “Файз-Барака” навидан 10612,6 минг сўм, “Мўжиза” навидан 104591,1 минг сўмни ташкил этган;
топинамбур етиштиришнинг мақбул технологияси Хўжайли туманининг “Сабырата” фермер хўжалигида 7 га, “Садық шарўа” фермер хўжалигида 17 га жами 24 гектар майдонга жорий этилган (Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2019 йил 23 мартдаги 01/06-1839-сон маълумотномаси). Натижада вазни 40-60 г. дан кам бўлмаган уруғлик туганакларни апрель ойи бошларида (5 апрель) 70х40 см схемада гектарига ўртача 35500 туп ўсимлик жойлаштириш орқали туганакларни тупроқ юзасидан 9–10 см чуқурликда экиб ҳосилдорлик “Файз-барака” навида 2,7 кг\м2 ва “Мўжиза” навида 2,8 кг\м2 ни ташкил этган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish