Sayt test rejimida ishlamoqda

Абдурахмонов Содиқжон Обидовичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Кузги буғдойдан юқори ва сифатли дон ҳосили олиш агротехнологияларини такомиллаштириш (Тошкент вилоятининг типик бўз, Сурхондарё вилоятининг ўтлоқлашиб бораётган тақирсимон тупроқлари шароитида)”, 06.01.08–Ўсимликшунослик (қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.3.DSc/Qx71.
Илмий маслаҳатчи: Халиков Баходир Мейликович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат аграр унверситети Андижон филиали.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти, DSc.27.06.2017.Qx.42.01.
Расмий оппонентлар: Атабаева Халима Назаровна, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор; Сиддиқов Равшанбек Иномжонович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, катта илмий ходим; Исаев Собиржон Хусанбоевич, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Ўсимликшунослик илмий-тадқиқот институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Тошкент вилояти шароитида кузги буғдойнинг мақбул экиш муддатлари, суғориш тартиблари, минерал ўғитларга талабини аниқлаш ҳамда Тошкент ва Сурхондарё вилоятлари шароитида қўшимча равишда бентонит лойқасини қўллаб, озиқа ҳамда суғоришга сарфланадиган сув меъёрларини иқтисод қилиш билан бирга кузги буғдойдан юқори ва сифатли дон ҳосили етиштириш агротехнологиясини такомиллаштиришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор Тошкент вилоятининг қадимдан суғориладиган типик бўз тупроқлари шароитида кузги буғдойдан юқори ва сифатли дон ҳосили олиш мақсадида мақбул экиш муддатлари, маъдан ўғитларга ҳамда сувга бўлган талаби ўрганилган ва аниқланган;
Тошкент ва Сурхондарё вилоятлари шароитида бентонит лойқаси, маъданли ўғитлар меъёри ҳамда суғориш тартиблари биргаликда қўлланилганда тупроқнинг агрофизикавий хоссаларига таъсири илк бор аниқланган;
минерал ўғитлар ҳамда бентонит лойқаси меъёрлари қўлланилганда кузги буғдой уруғларининг униб чиқиши ва ўсимликнинг ўсиб-ривожланишига таъсири илк бор аниқланган;
Тошкент вилоятининг типик бўз тупроқлари ва Сурхондарё вилоятининг ўтлоқлашиб бораётган тақирсимон тупроқлари шароитида бентонит лойқасини қўллаб, сув ва озиқа меъёрларидан самарали фойдаланган ҳолда кузги буғдойдан юқори ва сифатли дон ҳосили етиштириш агротехнологияси илк бор ишлаб чиқилган;
кузги буғдойдан юқори ва сифатли ҳосил етиштиришда мақбул бентонит лойқаси ва маъданли ўғитларни қўллаш меъёри ҳамда суғориш тартиблари аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Кузги буғдойни етиштиришда мақбул экиш муддатлари, минерал ўғитлар ва сувга бўлган талабини аниқлаш ҳамда бентонит лойқасининг мақбул меъёрларини қўллаш бўйича ишлаб чиқариш шароитида олиб борилган тадқиқотлар натижалари асосида:
ғаллачиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари учун “Кузги буғдой етиштиришда ресурстежамкор технологияларни қўллаш бўйича Тошкент ва Сурхондарё вилояти фермер хўжаликларига тавсиялар” ҳамда “Ноанъанавий агрорудаларни қишлоқ хўжалиги экинларида қўллаш бўйича фермер хўжаликларига тавсиялар” ишлаб чиқилган (Қишлоқ хўжалик вазирлигининг 2019 йил 10 октябрдаги 02/021-2949-сон маълумотномаси). Ушбу тавсияномалар бугунги кунда қишлоқ хўжалигида ғаллачилик соҳаси ходимлари, жумладан фермер хўжаликларида қўлланма сифатида кенг фойдаланилган.
Тошкент вилояти Қибрай туманининг типик бўз тупроқлари шароитида кузги буғдойни октябрь ойининг биринчи ўн кунлигида экиб, амал даврида минерал ўғитларни гектарига (азот-200 кг, фосфор-140 кг, калий-100 кг) меъёрида қўллаш, суғориш олди тупроқ намлиги ЧДНСга нисбатан 75-75-70% тартибда суғориш технологияси жами 150 гектар майдонга жорий этилган (Қишлоқ хўжалик вазирлигининг 2019 йил 10 октябрдаги 02/021-2949-сон маълумотномаси). Натижада ҳар гектар майдондан ўртача 58–60 центнер дон ҳосили олинган ва оддий шароитда экилган ғалла майдонларига нисбатан 10–15 центенр қўшимча ҳосил олишга эришилган;
типик бўз тупроқлар шароитида кузги буғдойни экишдан олдин ҳайдов остига минерал ўғитлар билан бирга гектарига 3000 ва 4500 кг меъёрида бентонит лойқасини қўллаш технологияси жами 113,5 гектар майдонга жорий этилган (Қишлоқ хўжалик вазирлигининг 2019 йил 10 октябрдаги 02/021-2949-сон маълумотномаси). Натижада мавсум давомида суғориш учун сарфланадиган сув меъёри гектарига 620–870 м3 гача, минерал ўғитлар меъёрларини 15–20% гача иқтисод қилиш билан бирга гектаридан 10,5–12,8 центнер қўшимча дон ҳосили олишга эришилган, рентабеллик 18,6–22,4% га ортиши кузатилган;
Сурхондарё вилояти шароитида кузги буғдойга қўлланиладиган минерал ўғитлар меъёрларига қўшимча равишда бентонит лойқасининг 9000 кг/га қўллаш технологияси жами 215 гектар майдонга жорий этилган (Қишлоқ хўжалик вазирлигининг 2019 йил 10 октябрдаги 02/021-2949-сон маълумотномаси). Натижада гектаридан 3,5–3,9 центнер қўшимча дон ҳосили олиш билан бирга мавсумий суғориш меъёри 500–600 м3/га иқтисод қилишга эришилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish