Sayt test rejimida ishlamoqda

Юсупов Шохрух Шухратовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар. 
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Ёноқ-орбитал комплекси жароҳатларининг хирургик давосини такомиллаштириш», 14.00.21–Стоматология (тиббиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2019.2.PhD/Tib 962.
Илмий раҳбар:  Боймурадов Шухрат Абдужалилович, тиббиёт фанлари доктори.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент тиббиёт академияси.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Бухоро давлат тиббиёт институти, PhD.31.10.2019.Tib.93.01.
Расмий оппонентлар: Султонов Мехрибон Шамсиевич тиббиёт фанлари доктори, профессор., Хабибова Назира Насуллоевна тиббиёт фанлари номзоди.
Етакчи ташкилот: Киров давлат тиббиёт университети.
Диссертациянинг йўналиши: амалий аҳамиятга молик. 
II. Тадқиқотнинг мақсади. Ёноқ-орбитал комплекси синишларида беморларга ташхис қўйишни оптималлаштириш ва жарроҳлик даволанишни такомиллаштиришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги: 
ёноқ-орбитал суяк синишлари клиник хусусиятларини  тадқиқ этиш;
ёноқ-орбитал комплекси шикастланишини даволашда компьютер моделлаштириш усули самарадорлигини ҳамда 3D дастури ёрдамида суяк нуқсонини тиклашни баҳолаш;
клиник амалиётга орбита деворларини тиклаган ҳолда ёноқ-орбитал комплекси суяк синишларида жарроҳлик аралашуви услубини ишлаб чиқиш;
индивидуал моделлаштирилган имплантант ёрдамида ёноқ-орбитал комплекси шикастланишини жарроҳлик даволаш усуллари самарадорлигини баҳолашдан иборат.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Ёноқ-орбитал комплекси жароҳатларининг хирургик давосини такомиллаштириш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
«Юз ўрта ҳудуди суяклари нуқсонларини бартараф этиш учун индивидуал имплантатни моделлаштириш алгоритми» услубий тавсияномаси ишлаб чиқилган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2019 йил 19 сентябрдаги 8н-р/361-сон маълумотномаси). Мазкур услубий тавсиянома индивидуал имплантатни компьютерда виртуал моделлаштириш йўли билан юз ўрта ҳудуди суяклари нуқсонларини бартараф этишнинг ишлаб чиқилган услуби оператив жарроҳлик аралашувининг битта босқичида суякнинг йўқотилган сегменти индивидуал имплантатини ўрнатиш ва беморларнинг функционал ҳамда ижтимоий адаптация муддатини қисқартириш имконини берган;
«Ёноқ-орбитал комплекси суяклари синишларида орбита деворларини реконструкция қилиш услуби» услубий тавсияномаси ишлаб чиқилган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2019 йил 19 сентябрдаги 8н-р/361-сон маълумотномаси). Мазкур услубий тавсиянома ёноқ-орбитал комплекси суяклари синганида жарроҳлик даволашдан кейинги асоратлар миқдорини 30% га камайтириш имконини берган;
ёноқ-орбитал комплекси жароҳатларини хирургик даволашни такомиллаштириш бўйича олинган илмий натижалар соғлиқни сақлаш амалиётига, жумладан, Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий марказининг Самарқанд вилояти филиали, Самарқанд шаҳар тиббиёт бирлашмаси, Тошкент шаҳар 7-сонли клиник шифохонаси, Тошкент тиббиёт академиясининг кўп тармоқли клиникаси клиник амалиётига татбиқ этилган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2019 йил 22 октябрдаги 8н-р/233-сон маълумотномаси). Олинган илмий натижаларнинг амалиётга жорий қилиниши ва жарроҳлик амалиётида виртуал компьютер моделлаштиришнинг ишлаб чиқилган услуби ёноқ-орбитал комплекси шикастларини аниқ ташхислаш, жарроҳлик амалиётини режалаштириш ҳамда амалга оширишнинг аниқлигини таъминлаб, кейинги асоратларнинг тўлиқ олдини олишга ва беморларнинг тўлиқ тузалиш муддатини 1,6 бараварга қисқартириш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish