Sayt test rejimida ishlamoqda

Расулов Ҳамидулла Абдуллаевичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Параартикуляр тузилмаларнинг шаклланиши ва гипотиреоз таъсиридаги ўзгаришларининг морфофункционал тавсифи (Экспериментал-морфологик тадқиқот)», 14.00.02–Морфология (тиббиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйҳатга олинган рақам: В2017.3.DSc/Tib188.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент педиатрия тиббиёт институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Тошкент тиббиёт академияси, DSc.27.06.2017.Tib.30.03.
Расмий оппонентлар: Миршарапов Уткур Миршарапович, тиббиёт фанлари доктори, профессор; Ахмедов Шавкат Махмудович, тиббиёт фанлари доктори, профессор, Исроилов Ражаббой Исроилович, тиббиёт фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Санкт-Петербург давлат педиатрия тиббиёт университети (Россия).
Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: постнатал онтогенезнинг эрта даврларида параартикуляр тузилмаларнинг шаклланишини ўрганиш ҳамда тиреоид омил сусайишининг суяк-юмшоқ тўқима комплекси ташкил топишига таъсирини аниқлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк маротаба гипотиреоз чақирилган она каламушлардан туғилган авлодларда оёқ параартикуляр анатомик тузилмаларининг постнатал шаклланиши хусусиятлари комплекс тарзда морфологик таҳлил қилинган;
экспериментал гипотиреознинг ўсаётган организмнинг мушак пайи-апофиз структураларининг постнатал ўсиши ва шаклланишига салбий таъсир кўрсатиши исботланган;
пайларнинг мукаммаллиги коллаген ва эластиннинг ўзаро муносабати, фиброцитлар сонининг камайиши, шунингдек, эндо- ва перитенониум ҳужайраларнинг дифференциацияланиши ва функционал бузилиши билан бирга кечганлиги, теноцитлар дифференциацияланишининг секинлашиши натижасида толали компонентларнинг ўсиш суръатини орқада қолиши кўринишларида намоён бўлиши исботланган; пай-апофиз комплекси марказини ташкил этувчи фиброз тоғайда аниқланган аналогик ўзгаришлар апофизларнинг якуний шаклланиши жадаллигининг пасайишига, хондроцитлар дифференциацияланишининг бузилиши олиб келиши аниқланган; 
гипотиреоид ҳолатида бўғим ёндош аъзоларидаги структур-функционал ўзгаришлар негизида пай ва фиброз тузилмаларда толалар тақсимотининг коллаген томон силжиши ётганлиги аниқланган;
соғлом она каламушлардан олинган соғлом ҳамда гипотиреоз модели яратилган бола каламушларда зич бириктирувчи тўқимадан тузилган структураларнинг суяк апофизларига бирикиш соҳаларининг постнатал ривожланиши ва шаклланишида ўзига хос тафовутлар борлиги исботланган;
соғлом каламушлар болаларида гипотиреоз чақирилганда пай-бойлам тизими толали тузилмалари постнатал ривожланиши суръати бирмунча тормозланади,  мукаммал пай архитектоникаси, тўлақонли пай-фиброз тоғай бирикмаси ва уларнинг ҳужайра колониялари параметрларининг камайганлиги асосланган;
гипотиреоз таъсирида кечган ҳомиладорликдан туғилган авлодда постнатал онтогенезнинг илк даврларида параартикуляр тузилмаларда диспластик морфологик манзараларнинг кузатилиши транзитор гипотиреознинг таъсири сифатида баҳоланиб, унда фиброз тузилмаларда шаклланган ва шаклланмаган бириктирувчи тўқима толали тутамларининг нисбати бузилиши аниқланган;
гипотиреоз чақирилган ҳомиладор каламушларга гормонал статус L-тироксин билан коррекциялаш, она каламуш гипотиреозининг авлодга салбий таьсири даражасини сезиларли пасайишига ва авлодларда параартикуляр тизим таркибий тузилмалари постнатал ривожланиш ва шакланиш жараёнларининг мўътадиллашишига олиб келиши исботланган;
ТҲТнинг ривожланиш нуқсонлари бўлган болаларда гипотиреознинг оёқ параартикуляр тузилмаларида кузатиладиган морфологик ўзгаришларнинг янада чуқурлашишига сабаб бўлиши исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Параартикуляр тузилмаларнинг шаклланиши ва гипотиреоз таъсиридаги ўзгаришларининг морфофункционал тавсифи бўйича олинган илмий натижалари асосида:
«Оёқ соҳасининг ортопедик деформацияларида гипотиреоз таъсирида ривожланишининг парартрикуляр тузилмаларини патоморфологик баҳолаш» услубий тавсияномаси тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2018 йил 28 декабрдаги 8н-р/387-сон маълумотномаси). Мазкур услубий тавсиянома оёқ соҳасининг ортопедик деформацияларида қалқонсимон без функционал фаоллигининг пасайиши таъсири остида барча параартикуляр тузилмалар (мушаклар ва уларнинг пайлари, мушакларнинг апофизларга бирикиш жойлари фиброз тоғайи)нинг дегенератив-дистрофик ўзгаришларнинг дағаллашиб кетиши ва деформациянинг янада кучайишини аниқлаш ва бошқа морфологик ўзгаришлар билан дифференциаллаш имконини имконини берган;
«Экспериментал гипотиреозда суяк-пай комплексининг морфофункционал хусусиятлари» услубий тавсияномаси тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2018 йил 28 декабрдаги 8н-р/388-сон маълумотномаси). Мазкур услубий тавсиянома экспериментал гипотиреоз таъсирида суяк-пай комплексининг барча қисмларида (пай, фиброз тоғай, суяк усти пардаси, эндхондрал суякланиш) негатив морфологик ўзгаришлар келиб чиқиши ҳамда бу ўзгаришларнинг суяк деформациясига олиб келишини фундаментал асослаш имконини берган;
параартикуляр тузилмаларнинг шаклланиши ва гипотериоз таъсиридаги ўзгаришларнинг морфофункционал тавсифи бўйича олинган илмий натижалар соғлиқни сақлаш амалиётига, жумладан, Республика патологик анатомик маркази, Қашқадарё вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази амалиётига татбиқ этилган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2019 йил 2 мартдаги 8н-д/53-сон маълумотномаси). Олинган илмий натижаларнинг амалиётга жорий қилиниши ўсаётган организмда ТҲТ аъзоларининг патоморфологик ўзгаришларини коррекциялашда, улардаги постнатал ўсиш ва шаклланиш жараёнларини бошқаришда, морфофункционал бузилишларнинг олдини олишда, шунингдек, тизимнинг нуқсонли ривожланишлари ҳамда вужудга келиши мумкин бўлган деформацияларни прогнози ва профилактикасида, ташхислаш ва даволашнинг самарали усулларини ишлаб чиқиш ҳамда асоратларни камайтириш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish