Sayt test rejimida ishlamoqda

Маткаримов Зохиджон Турдалиевичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Тирик қариндош донордан буйрак трансплантациясининг тактик ва техник жиҳатларини такомиллаштириш», 14.00.34–Юрак-қон томир хирургияси ва 14.00.32–Трансплантология ва сунъий аъзолар (тиббиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2019.1.PhD/Tib797.
Илмий раҳбар: Бахритдинов Фазлитдин Шамситдинович, тиббиёт фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази.
ИК фаолият кўрсатаётган муассасалар номи, ИК рақами: Академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази ва Тошкент тиббиёт академияси ҳузуридаги DSc.27.06.2017.Tib.49.01 рақамли илмий кенгаш асосидаги бир марталик илмий кенгаш.
Расмий оппонентлар: Мойсюк Ян Геннадиевич, тиббиёт фанлари доктори, профессор, Асамов Равшан Эркинович, тиббиёт фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Тожикистон Республикаси “Инсон аъзолари ва тўқималари трансплантацияси” миллий тиббиёт тадқиқот маркази.
Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: даволаш-диагностика тактикаси ва қон томир хирургияси техник жиҳатларини оптималлаштириш йўли билан қариндош буйрак трансплантацияси натижаларини яхшилашдан иборат. 
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
“Global Observatory on Donation and Transplantation” ташкилотининг маълумотларига кўра, Ўзбекистон Республикасида сурункали буйрак етишмовчилиги бўлган беморларда гемодиализ ва буйрак трансплантациясига бўлган эҳтиёж кўрсаткичлари аниқланган;
буйракнинг сурункали етишмовчилиги бўлган беморларда қариндош буйрак трансплантациясини ўтказишда анастомозни шакллантиришнинг техник жиҳатларини оптималлаштириш йўли билан веноз анастомозни қўйиш усули такомиллаштирилган;
қариндош буйрак трансплантациясидан кейинги эрта даврнинг кечишида асосий лаборатор кўрсаткичларининг нормаллашишини ҳисобга олган ҳолда клиник ва биокимёвий хусусиятлар аниқланган;
буйрак трансплантациясида реципиентда  амалиёт бажариш хавфини баҳолашни ЭҲМ дастури ишлаб чиқилган;
сурункали буйрак етишмовчилиги терминал белгиларининг регресси асосий клиник-биокимёвий кўрсаткичлар бўйича функционал фаолликни ҳисобга олган ҳолда қариндош буйрак трансплантациясини ўтказишга тайёргарлик ва амалга оширишни оптималлаштириш самарадорлиги исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Тирик қариндош донордан буйрак трансплантациясининг тактик ва техник жиҳатларини такомиллаштиришга бағишланган тадқиқот бўйича олинган илмий натижалар асосида:
"Тирик қариндош донордан буйрак трансплантациясининг тактик ва техник жиҳатларини оптималлаштириш" услубий тавсияномаси тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2019 йил 6 декабрдаги 8н-з/218-сон маълумотномаси). Тавсияларни қўллаш беморларни буйрак трансплантациясига тайёрлаш самарадорлигини ошириш ва хирургик амалиётнинг техник жиҳатларини оптималлаштириш имконини берган;
"Буйрак трансплантациясида реципиентнинг операцион хавфини баҳолаш учун дастур" номли ЭҲМ учун дастур тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2019 йил 6 декабрдаги 8н-з/218-сон маълумотномаси). Касаллик даврида 33 та оғирлаштирувчи омилларни аниқлаш билан тавсия этилган дастурни қўллаш амалиётдан олдинги даврда операцион хавфни баҳолаш ва трансплантация учун тайёргарлик жараёнини оптималлаштириш имконини берган;
тирик қариндош донордан буйрак трансплантациясининг тактик ва техник жиҳатларини такомиллаштиришга бағишланган тадқиқот илмий натижалари соғлиқни сақлаш амалиётига, хусусан, Академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказининг қон томир хирургияси ва буйрак тарнсплантацияси бўлими, шунингдек, Навоий вилояти кўптармоқли тиббиёт марказининг хирургия бўлими ва Хоразм вилояти кўптармоқли тиббиёт марказининг нефрология бўлимлари амалий фаолиятига (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2019 йил 6 декабрдаги 8н-з/218-сон маълумотномаси) татбиқ этилган. Тадқиқот натижаларининг жорий этилиши амалиётдан кейинги даврдаги асоратларни 29,5% дан 11,2% гача, узоқ муддатдаги асоратларни 47,5% дан 22,7% гача ва ўлимнинг умумий кўрсаткичини 8,2% дан 4,1% га камайтириш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish