Sayt test rejimida ishlamoqda

Сариев Санъатжон Матчонбоевичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража берилган фан тармоғи номи): “Гўрўғли” достонлари оғзаки ва қўлёзма нусхаларини қиёсий ўрганиш”, 10.00.08–Фольклоршунослик (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.1.DSc/Fil.19.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Урганч давлат университети.
Илмий маслаҳатчи: Жўраев Маматқул, филология фанлари доктори, профессор.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёт ва фольклори институти, DSc.30.08.2018.Fil.46.02.
Расмий оппонентлар: Турдимов Шомирза Ганиевич, филология фанлари доктори;  Раҳмонов Насимхон Аскарович, филология фанлари доктори, профессор; Хошниязов Жалғасбай Хошниязович, филология фанлари доктори.
Етакчи ташкилот: Бухоро давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: “Гўрўғли” эпосининг туркий халқлар орасида тарқалган қўлёзма ва тошбосма нусхаларининг жонли эпик анъанада сақланиб қолган оғзаки вариантлари билан қиёслаш орқали эпос қўлёзма ва тошбосма нусхаларининг шаклланиши тарихини ёритиш ҳамда эпик сюжетлар генезиси ва бадиий эволюцияси босқичларини аниқлашдан иборатдир.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор “Гўрўғли” эпоси Сирдарёнинг қуйи оқими ва Оролбўйи минтақасида яшаган қадимги туркий қавмлар фольклорида шаклланиб, ўғуз қабилаларининг этник миграцияси натижасида Кавказорти, Олд Осиё ҳудудларига ёйилганлиги далилланган;
илк бор ўзбек фольклоршунослигида “Гўрўғли” эпосининг туркий халқлар орасида тарқалган қўлёзма ва тошбосма нусхалари яхлит бадиий тизим сифатида илмий тавсифланиб, достончилик анъаналарининг миллий хусусиятлари ва ўзаро адабий-фольклорий алоқалар эпик сюжетларнинг тадрижий ривожига асос бўлганлиги аниқланган;
“Гўрўғли” туркуми достонларининг туркий халқлар орасида кенг ёйилишида жонли оғзаки ижро билан бир қаторда, қиссахонлик анъанаси ҳам муҳим роль ўйнаганлиги асосланган ҳамда XVIII асрнинг охири – XIX аср бошларида халқ қиссаларининг интенсив яратилиш жараёни авж олиши достонларнинг китобатлашувига сабаб бўлганлиги далилланган;
 “Гўрўғли” достонларининг туркий қўлёзмалари ва оғзаки версиялар ўртасидаги муштарак ҳамда фарқли жиҳатларни аниқлаш натижасида эпоснинг китобатлашув жараёни эпик сюжетларнинг юзага келиши ва вариантлашишига асос бўлганлиги кўрсатилган;
қўлёзма ва тошбосма вариантларнинг юзага келиши туфайли оғзаки анъанадаги бадиий матн турғун ҳолатга келганлиги ҳамда эпоснинг бахшилар томонидан қўлёзмалар орқали ўзлаштирилиши жараёнида достон ижрочилигига хос асосий хусусиятлардан бири – бадиҳагўйлик иккинчи планга тушиб қолганлиги асослаб берилган;
эпос қўлёзма ва тошбосма нусхаларининг ўзига хос тил хусусиятлари, бадиий ифода воситалари ҳамда барқарор эпик формулаларнинг поэтик трансформацияси талқинлари ёзма адабиёт ва фольклор алоқаларини ўрганишнинг муҳим манбаи эканлиги асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
“Гўрўғли” достонлари қўлёзмаларининг шаклланиши ва ривожида қиссахонлик анъанасининг ўрни, қўлёзма достонларнинг илмий тавсифи, достон оғзаки ва қўлёзма вариантларининг қиёсий таҳлили, қўлёзма достонлар бадиияти бўйича олинган натижалар асосида:
“Гўрўғли” достонлари сюжетининг мифологик асослари ва достон қўлёзма нусхаларида мифик образлар талқинини ўрганишга доир илмий-назарий қарашлардан Навоий давлат педагогика институтида бажарилган «Ўзбек мифологияси ва унинг бадиий тафаккур тараққиётида тутган ўрни» мавзусидаги Ф1-ХТ-0-19919 рақамли илмий лойиҳани бажаришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2019 йил 6 ноябрдаги 89-03-4306-сон маълумотномаси). Натижада эпосларда мифологик сюжетларнинг акс этиши, мифопоэтик тафаккур намуналарининг эпослар шаклланишида тутган ўрнини аниқлашга эришилган;
халқ оғзаки ижодининг ёзма адабиётга таъсири ҳамда жаҳон ва туркий халқлар ижтимоий ҳаётида эпоснинг ўрнини белгилашга доир хулосаларидан Навоий давлат педагогика институтида бажарилган ХТ-Ф1-004 рақамли “Ўзбек халқ педагогикаси ва фольклор анъаналари” мавзусидаги фундаментал илмий тадқиқот лойиҳани бажаришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2019 йил 6 ноябрдаги 89-03-4306-сон маълумотномаси). Натижада халқ эпоси ва эпик қаҳрамон ибрат намунаси эканлиги борасидаги мулоҳазаларнинг бойитилишига эришилган, эпосдаги эпик қаҳрамонлар талқини орқали бадиий-эстетик тарбияни амалга оширишда фольклор тарбия воситасини бажариши илмий-назарий асосланган;
фольклор ва ёзма адабиёт ўртасидаги алоқаларни ёритиб бериш, шу асосда эпос таркибида шаклланган эпик сюжетларни аниқлашга доир илмий хулосаларидан Бухоро давлат университетида бажарилган Ф-1-06 рақамли “Истиқлол даври ўзбек адабиётида Шарқу Ғарб адабий анъаналари синтези” мавзусидаги лойиҳани бажаришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2019 йил 6 ноябрдаги 89-03-4306-сон маълумотномаси). Натижада архаик эпосга хос мифологик тасаввурларнинг поэтик диффузияси таъсирида шаклланган эпик сюжетлар трансформацияси халқ эпосининг бадиий қамрови кенгайтирилганлигини исботлашга эришилган;
“Гўрўғли” достонлари қўлёзмалари ва “Авесто”нинг муштарак ва ўзига хос томонлари, образлари ҳақидаги маълумотларни жорий этиш “Авесто” музейига ташриф буюраётган маҳаллий ва хорижий сайёҳларда Ватанимизнинг бой маданий мероси, қадимий номоддий мерос манбалари, уларни ўрганиш юзасидан олиб борилаётган илмий тадқиқотлар ҳақида тасаввур ҳосил қилиш ва уларга ахборотлар етказишда фойдаланилган (Халқаро “Олтин мерос” Хайрия жамоат фондининг 2019 йил 31 октябрдаги 01-46-30/10-19-сон маълумотномаси). Натижада Халқаро “Олтин мерос” ҳайрия жамоат фонди ўз тасарруфидаги “Авесто” музейида “Авесто” мифологияси ва Хоразм “Гўрўғли” достонлар туркумидаги образлар”илмий мақоласи асосида “Авесто” ва “Гўрўғли” достонларидаги ўхшашликларни ифода этувчи кўргазма материаллари тайёрланган;
“Гўрўғли” достонларининг оғзаки ва қўлёзма нусхаларини дунё халқлари эпик тафаккури конекстида тутган ўрни ва аҳамияти, достон қўлёзма ва тошбосмаларининг хоразмлик бахши ва халфалар эпик репертуарида сақланиб қолиш хусусиятларига доир илмий қарашлардан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “Хоразм” телевидениесининг “Кун меҳмони”, “Долзарб мавзу”, “Мунаввар кун”, “Қадрият” телекўрсатувлари ва “Қадрият” радиоэшиттиришларини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “Хоразм” телевидениесининг 2019 йил 17 сентябрдаги 1253-сон маълумотномаси). Натижада қўлёзма достонларнинг маърифий-эстетик аҳамияти, ёш авлод дунёқарашининг такомилидаги роли, юксак этнопедагогик тарбиявий аҳамияти, уларнинг сўз санъатидаги алоҳида ўрни хусусидаги хулосавий фикр ва қарашлар янада кенгроқ оммалашган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish