Турдимуратов Янгибой Алламуратовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража берадиган фан тармоғи номи): “ХХ асрда Сурхон-Шеробод воҳаси ареал хўжалик маданияти (чорвачилиги мисолида)”, 07.00.07–Этнография, этнология ва антропология (тарих фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақами: В2017.1.PhD/Tar64.
Илмий раҳбар: Салимов Турсун Усарович, тарих фанлари номзоди, профессор .
Диссертация бажарилган муассаса номи: Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса, ИК рақами: Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти, DSc.06.01.2018. Tar.56.01.
Расмий оппонентлар: Зунунова Гулчеҳра Шавкатовна, тарих фанлари доктори; Қобилов Эшболта Атамуратович, тарих фанлари доктори.
Етакчи ташкилот: Қарши давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: ХХ асрда Сурхон-Шеробод воҳаси чорвачилик хўжалиги мисолида тарихий-этнологик материаллар ва дала этнографик маълумотлари асосида аҳолининг ушбу хўжалик турини юритишдаги этнолокал хусусиятларни очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
минтақа хўжалик-маданий типида ҳудуднинг табиий-географик ва иқлим шароити, шунингдек, ижтимоий-сиёсий ҳамда иқтисодий жараёнлар хўжаликлардаги чорва тури, зоти ва таркибига таъсир этувчи муҳим омиллар эканлиги исботланган;
Сурхон-Шеробод воҳасида анъанавий чорвачилик хўжалигини юритиш яйлов, ҳайдов-яйлов, қўра-ҳайдов-яйлов, оғил-ҳайдов, кўчма сингари локал типларга бўлинганлиги, уларнинг этноҳудудий жойлашуви, турмуш тарзи (ўтроқ, ярим ўтроқ) ва қайси чорва турини боқишига қараб маълум этник ёки этнографик гуруҳларга мансублиги кўрсатиб берилган;
чорвачилик хўжалиги самарадорлигининг ҳудуд этноиқтисодий тизимида, айниқса, қишлоқ аҳолиси оила иқтисоди барқарорлиги ҳамда турмуши фаровонлигида маблағ ва даромад манбаи сифатидаги муҳим ўрни ҳамда ижтимоий роли (истеъмол, хом ашё манбаи сифатида) асослаб берилган;
аҳолининг чорва молларини даволашда кўп асрлик ҳаётий тажрибалар ва анъанавий усулларга (гиёҳлар ёрдамида даволаш, куйдириш, қон олиш, тозалаш ва ҳ.к.) асосланган халқ ветеринарияси тарихий-этнографик ва дала тадқиқот материаллари асосида очиб берилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
ХХ асрда Сурхон-Шеробод воҳаси ареал хўжалик маданияти юзасидан ишлаб чиқилган илмий хулоса ва таклифлар асосида:
воҳа аҳолисининг чорвачилик хўжалиги билан боғлиқ урф-одат ва маросимларига оид бўлган маълумотлардан Термиз давлат университетида 2010–2012 йилларда бажарилган И-2010-33 рақамли “Сурхондарё – этнографик макон” номли инновацион лойиҳанинг “Сурхон воҳасининг анъанавий хўжалиги” номли бўлимини ёзишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2019 йил 21 майдаги 89-03-2114-сон маълумотномаси). Татбиқ этилган илмий натижалар аҳолининг хўжалик билан боғлиқ урф-одат ва маросимлари, уларнинг келиб чиқиши (генезиси) ҳамда аҳоли турмуш тарзи ва хўжалигида тутган ўрнини тарихий-этнологик аспектда ўрганишга хизмат қилган;
Сурхон-Шеробод воҳаси этноиқтисодий тизимида чорвачилик хўжалигининг ўрни, ушбу соҳа самарадорлигининг қишлоқ аҳолиси турмуши фаровонлигидаги аҳамиятига доир илмий натижа ва хулосаларидан Сурхондарё вилояти телерадиокомпанияси билан ҳамкорликда “Жануб овози” номли кўрсатув сценарийсини тайёрлашда фойдаланилган (Сурхондарё вилояти телерадиокомпаниясининг 2019 йил 31 майдаги 01-01/435-сон маълумотномаси). Татбиқ этилган илмий хулосалар чорвачилик соҳасининг этноиқтисодий тизимдаги, хусусан, қишлоқларда яшовчи аҳолининг оила иқтисодидаги аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказишда манбавий асос бўлиб хизмат қилган;
чорвачилик хўжалигининг аҳоли турмуш тарзидаги ижтимоий-иқтисодий ролига доир илмий хулосалар асосида билдирилган таклиф ва тавсиялардан Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасида чорвачиликни кенг ривожлантиришга мўлжалланган истиқболдаги чора-тадбирлар режаларини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасининг 2019 йил 17 майдаги 02/17-317-сон маълумотномаси). Илмий натижаларнинг қўлланилиши қишлоқ аҳолиси чорва молларини боқишдан манфаатдорлигини оширишга қаратилган режаларнинг такомиллашуви имконини берган.