Қодиров Бобиромон Бекмуродовичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимида кадрлар тайёрлашнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш», 12.00.02–Конституциявий ҳуқуқ. Маъмурий ҳуқуқ. Молия ва божхона ҳуқуқи (юридик фанлар).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2018.1.DSc/Yu73.
Илмий раҳбар: Ҳусанов Озод Тиллабоевич, юридик фанлар доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, DSc.27.06.2017.Yu.23.01.
Расмий оппонентлар: Турсунов Ахтам Саломович юридик фанлар доктори, профессор; Мухамеджанов Омонулла Закирович, юридик фанлар доктори, профессор; Қурбонов Шавкат Эргашевич, педагогика фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий-техник институти.
Диссертация йўналиши: амалий ва назарий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимида кадрлар тайёрлашнинг ташкилий-ҳуқуқий масалаларини ўрганиш ва таҳлил қилиш орқали мавжуд муаммоларни аниқлаш, уларнинг ечимига қаратилган таклиф ҳамда тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
кадрлар тайёрлаш субъекти ҳисобланган олий таълим муассасалари педагог ходимларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини назарда тутувчи ҳуқуқий мақомини қонун ҳужжатларида белгилаш лозимлиги асослаб берилган;
олий таълим муассасаси фаолияти тугатилганда, қайта ташкил этилганда талабалар ўқишини бошқа олий таълим муассасаларининг мос (турдош) бўлган таълим йўналиши ёки мутахассислигига кўчиришга оид кафолатларни қонун ҳужжатларида мустаҳкамлаш орқали уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилиниши асослантирилган;
мамлакатимизда мавжуд университет, академия ва институт каби олий таълим муассасаларининг турлари ўртасидаги фарқларни белгиловчи аниқ мезонларни ишлаб чиқиш зарурлиги исботланган;
олий таълимга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари Республика олий таълим кенгаши томонидан муҳокама қилингандан сўнг белгиланган тартибда тасдиқлаш учун киритилиши зарурлиги асослантириб берилган;
олий таълим муассасалари раҳбар кадрларини лавозимга тайинлаш ва уларни лавозимидан озод этиш жараёнини соддалаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Олий таълим тизимида кадрлар тайёрлашнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга оид олинган илмий натижалар асосида:
кадрлар тайёрлаш субъекти ҳисобланган олий таълим муассасалари педагог ходимларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини назарда тутувчи ҳуқуқий мақомини қонун ҳужжатларида мустаҳкамлашга оид таклиф ва тавсиялар Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги қонуни лойиҳасини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг 2019 йил 24 октябрдаги 04/5-05-109-сон маълумотномаси). Ушбу таклифлар олий таълим муассасалари педагог ходимларининг ҳуқуқий мақомини такомиллаштиришга хизмат қилган;
олий таълим муассасаси фаолияти тугатилганда, қайта ташкил этилганда ушбу муассасаларда таҳсил олаётган талабалар ўқишини уларнинг ҳоҳишига кўра бошқа олий таълим муассасаларининг мос (турдош) бўлган таълим йўналиши ёки мутахассислигига кўчириш тартибига оид таклифлар Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги қонунининг янги таҳрири лойиҳасини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг 2019 йил 24 октябрдаги 04/5-05-109-сон маълумотномаси). Мазкур илмий натижадан фойдаланиш олий таълим муассасаларида таҳсил олувчи талабаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларининг ҳимоя қилинишига ҳисса қўшган;
мамлакатимизда мавжуд университет, академия ва институт каби олий таълим муассасаларининг турлари ҳақидаги тушунчалар амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда акс эттирилган бўлса-да, уларнинг фарқланиши бўйича аниқ мезонлар назарда тутилмаганлиги ҳамда бугунги кунда янги олий таълим муассасаларини ташкил этишда уларнинг турлари ҳар хил ёндашув асосида номланаётганлиги сабабли олий таълим муассасалари турлари ўртасидаги фарқларни белгиловчи аниқ мезонларни ишлаб чиқиш таклифи Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 11 июлдаги «Олий ва ўрта махсус таълим тизимига бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4391-сон қарори 4-иловасининг 11-бандини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2019 йил 18 сентябрдаги 89-03-3556-сон маълумотномаси). Олий таълим муассасалари ўртасидаги фарқларни белгиловчи мезонларни ишлаб чиқилиши уларни университет, академия ва институт деб номланишини тартибга солишга хизмат қилган;
олий таълимга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари Республика олий таълим кенгаши томонидан муҳокама қилингандан сўнг белгиланган тартибда тасдиқлаш учун киритилишига доир таклифлар «Республика олий таълим кенгаши тўғрисидаги низом» лойиҳасини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ижтимоий ривожлантириш масалалари котибиятининг 2019 йил 6 ноябрдаги 14/1-3312-сон маълумотномаси). Мазкур илмий натижалардан фойдаланиш олий таълимга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини жамоатчилик томонидан муҳокама қилиш тизимининг татбиқ этилиши, олий таълим тизимига жамоатчилик бошқаруви ва назоратининг ўрнатилишига хизмат қилган;
олий таълим тизими раҳбар кадрлари фаолиятини тартибга солишнинг самарали механизмларини жорий этиш, айрим раҳбар кадрларни марказлашган ҳолда лавозимга тайинлаш тизимидан босқичма-босқич воз кечиш таклифи Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 11 июлдаги «Олий ва ўрта махсус таълим тизимига бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4391-сон қарорининг 7-бандини ишлаб чиқишда инобатга олинган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2019 йил 18 сентябрдаги 89-03-3556-сон маълумотномаси). Илмий натижалардан фойдаланиш олий таълим тизимида раҳбар кадрларни тайинлаш ва лавозимидан озод қилишнинг соддалаштирилган тизими жорий қилинишига хизмат қилган.