Sayt test rejimida ishlamoqda

Усманова Сурайё Бултаковнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Ўзбекистон Республикасининг туризмни ривожлантириш соҳасидаги халқаро-ҳуқуқий ҳамкорлиги”, 12.00.10–Халқаро ҳуқуқ (юридик фанлар).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.3.PhD/Yu137.
Илмий раҳбар: Адилходжаева Сурайё Махкамовна, юридик фанлар доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, DSc.27.06.2017.Tar/Yu/I/S/24/01.
Расмий оппонентлар: Бобоқулов Иномжон Ибрагимович, юридик фанлар доктори, доцент; Эшматова Феруза Бахтияровна, юридик фанлар номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: Юристлар малакасини ошириш маркази.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасидаги шартномавий ва институционал халқаро-ҳуқуқий ҳамкорлигини такомиллаштиришга қаратилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
туризм соҳасидаги махсус ваколатли давлат органининг мамлакатимизда туризмдан ноқонуний миграция, одамларнинг меҳнат ва бошқа турдаги эксплуатация қилиш мақсадларида фойдаланилишига қарши курашни таъминлашда иштирок этиши лозимлиги асосланган;
Марказий Осиё давлатлари ўртасида туристларнинг эркин ҳаракатланиши учун шартномавий-ҳуқуқий ҳамкорликни ривожлантириш заруратини инобатга олган ҳолда ягона виза тартибини жорий этишнинг мақсадга мувофиқлиги асослаб берилган;    
туристлар ва экскурсантларнинг атроф табиий муҳитга ҳамда давлат ва жамиятнинг моддий ва маънавий қадриятларига зарар етишидан огоҳлантириш орқали уларнинг хавфсизлигини кафолатланиши миллий қонунчилик билан белгиланиши лозимлиги асослаб берилган;
мамлакатимизнинг хорижий давлатлар билан туризм соҳасидаги икки томонлама шартномавий-ҳуқуқий ҳамкорлиги тажрибасига мувофиқ туризмнинг турлари ва шакллари, «экологик туризм» ҳамда «зиёрат туризми»нинг миллий қонунчилик билан тартибга солиниши зарурияти асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Ўзбекистон Республикасининг туризмни ривожлантириш соҳасидаги халқаро-ҳуқуқий ҳамкорлиги бўйича олинган илмий натижалар асосида:
туризм соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи манфаатдор вазирликлар, идоралар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда туризмдан ноқонуний миграция, одамларнинг меҳнат ва бошқа турдаги эксплуатация қилиш мақсадларида фойдаланилишига қарши курашни таъминлашининг миллий қонунчиликда аниқлаштирилиши таклифи Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги «Туризм тўғрисида»ги Қонунининг 35-моддасини ишлаб чиқилишида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг 2019 йил 11 ноябрдаги  04/5-05-111-сон маълумотномаси). Мазкур таклиф Ўзбекистон Республикаси туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг туризмнинг салбий оқибатларини олдини олиш ва уларга қарши чора-тадбирлар ишлаб чиқишда иштирок этишининг қонуний жиҳатдан мустаҳкамланишига хизмат қилган;
Марказий Осиё давлатлари учун ягона виза жорий қилиш ҳақидаги шартнома имзоланиши тўғрисидаги таклифдан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 13 августдаги ПФ-5781-сонли Фармони билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикасининг туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича «Йўл харитаси»нинг 37-бандини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг 2019 йил 5 сентябрдаги 03-22/6632-сон маълумотномаси). Ушбу таклиф Буюк ипак йўлида жойлашган давлатларга ташриф буюрувчи туристларга эркин ҳаракат қилишлари учун қулай шарт-шароитлар яратишнинг шартномавий-ҳуқуқий тартибга солинишига хизмат қилган;
мамлакатимизда туристлар ва экскурсантларнинг атроф табиий муҳитга ҳамда давлат ва жамиятнинг моддий ва маънавий қадриятларига зарар етишидан огоҳлантириш орқали уларнинг хавфсизлигини кафолатланишига оид таклифдан Ўзбекистон Республикасининг «Туризм тўғрисида»ги янги таҳрирдаги Қонунининг ишлаб чиқилишида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг 2019 йил 11 ноябрдаги  04/5-05-111-сон маълумотномаси). Мазкур таклиф мамлакатимизда туристлар ва экскурсантларнинг ҳуқуқлари ҳамда хавфсизлигининг халқаро стандартлар ҳамда хорижий давлатлар тажрибасига мувофиқ равишда ҳуқуқий жиҳатдан аниқ белгиланишига хизмат қилган;
туризмнинг алоҳида турларининг ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиниши механизмини такомиллаштириш мақсадида туризмнинг турлари ва шакллари ҳамда «экологик туризм» ва «зиёрат туризми» каби туризмнинг аниқ турлари тўғрисидаги норманинг миллий қонунчиликка жорий этилишига оид таклифлардан Ўзбекистон Республикасининг «Туризм тўғрисида»ги янги таҳрирдаги Қонунига «Туризмнинг турлари ва шакллари» номли алоҳида модда киритилишида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг 2019 йил 11 ноябрдаги  04/5-05-111-сон маълумотномаси). Мазкур таклифлар мамлакатимизнинг хорижий давлатлар билан туризм соҳасидаги икки томонлама шартномавий-ҳуқуқий ҳамкорлиги тажрибасига мувофиқ туризмнинг аниқ турларини белгилаш учун зарур ҳуқуқий асос яратишга хизмат қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish