Абишов Генжебай Матжановичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Чимбой тумани топонимларининг тарихий-лингвистик таҳлили», 10.00.03–Қорақалпоқ тили (филологи фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.2.PhD/Fil199.
Илмий раҳбар: Қудайбергенов Мамбеткерим Сарсенбаевич, филология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Қорақалпоқ давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Қорақалпоқ давлат университети, DSc.27.06.2017.Fil.20.01.
Расмий оппонентлар: Дўсимов Зариббай, филология фанлари доктори, профессор; Қурбанов Мухтар, филология фанлари номзоди.
Етакчи ташкилот: Бухора давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Чимбой туманидаги жой номларини монографик асосда ономастик тизимга келтириш орқали уларнинг семантик хусусиятлари, ясалиш усуллари ва тузилишини аниқлаш ҳамда индикаторларнинг маъно-мавзувий турлари, маъно кўчиш жиҳатларини очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Чимбой туманидаги жой номларининг табиий-географик, ижтимоий-иқтисодий шаклланиш хусусиятлари, топонимларнинг таркибидаги морфологик ўзгаришлар аниқланган;
маҳалла, кўча, қишлоқ номларининг тартибга солинишидаги сиёсий, социолингвистик ва этномаданий омиллар фактик материаллар асосида далилланган;
топонимлар этнолингвистик тамойиллар асосида мавзувий-семантик гуруҳларга ажратилиб, баъзи номларнинг этимологияси очиб берилган;
топонимик индикаторларнинг функционал-семантик, топоним ҳосил қилиш хусусиятлари исботланган;
топонимларнинг ономастик конверсия ва лексик-синтактик усулларда ясалиши, тузилишига кўра содда ва қўшма топонимларга бўлиниши, содда топонимларнинг аффиксли ва аффикссиз келиши, қўшма топонимларнинг таркиби «от+от», «сифат+от», «сон+от» «от+феъл» типик моделларда келиши асослаб берилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Чимбой тумани топонимларининг тарихий-лингвистик тадқиқи бўйича олинган илмий натижалар асосида:
топонимларнинг семантик хусусиятлари, ясалиш усуллари, грамматик тузилиши ва уларнинг компонентлик таркибига доир олинган назарий хулосаларидан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институтида 2012–2016 йилларда бажарилган ФА-А1-Г003 рақамли «Ҳозирги қорақалпоқ тилида функционал сўз ясалиши» мавзусидаги фундаментал илмий тадқиқот лойиҳасини амалга оширишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлимининг 2019 йил 31 октябрдаги 17-01/155-сон маълумотномаси). Натижада ономастик конверсия ва лексик-синтактик усулларда ясалган топонимларнинг тузилиши содда ва қўшма бўлиб келиши, содда топонимларнинг аффиксли ва аффикссиз келиши, қўшма топонимларнинг компонентлик таркиби аниқланган;
тумандаги географик объект номлари, уларнинг семантикаси ва грамматик тузилишига оид хулосалардан жой номлари билан боғлиқ ҳужжатларни адабий тил меъёрларига мос олиб борилишини таъминлашда, ушбу ҳудуддаги қадимий номларни қайта тиклашда, такрорий номларини ўзгартиришда ва янгиларига ном беришда фойдаланилган (Чимбой тумани ҳокимлигининг 2018 йил 13 декабрдаги 01-278-сон маълумотномаси). Илмий хулосаларнинг татбиғи орқали давлатимиз томонидан қабул қилинган низом ҳужжатлари асосида туман топонимларининг маъновий ва имловий жиҳатдан тўғри қўлланилишига эришилган;
гидронимларга оид хулосалардан туман ҳудудидаги сув объектларининг номи, маъноси ва таркибини аниқлашда, табиий-географик хусусиятларини белгилашда фойдаланилган (Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг 2019 йил 29 сентябрдаги 20/07-3-375-сон маълумотномаси). Олинган натижалардан гидронимларнинг имло хатоларисиз тўғри ёзилиши, туман сув хўжалиги бўлимидаги ҳужжатларнинг адабий тил нормаларига мувофиқ олиб борилиши таъминланган;
Чимбой топонимларининг этимологиясини қиёсий-тарихий тадқиқ қилиш орқали олинган натижалардан Бердақ ва И.Юсупов номидаги музейлардаги туман тарихига оид материалларни назарий жиҳатдан мукаммаллаштиришда, ҳудуддаги қадимий жой номларини ёритишда муҳим манба сифатида фойдаланилган (Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлигининг 2019 йил 5 сентябрдаги 2-02/1724-сон маълумотномаси). Натижада шоирларнинг шеърларида қўлланилган топонимларда аҳолининг этномаданий хусусиятлари, тили, этник таркибининг акс эттирилиши билан боғлиқ этнолингвистик маълумотлар беришга эришилган;
жой номларининг пайдо бўлишидаги ижтимоий-иқтисодий омиллар, ном беришда локал ҳудудий лексиканинг тутган ўрни, жой номларининг ўзгариши, уларнинг тўғри ёзилиши ҳақидаги тавсиялардан Қорақалпоғистон телерадиокомпаниясининг «Эркин фикр» кўрсатуви ҳамда FM–100.4 радиосининг «Тилга эътибор – элга эътибор» эшиттиришини тайёрлашда фойдаланилган (Қорақалпоғистон Республикаси телерадиокомпаниясининг 2017 йил 27 июлдаги 01-02/308-сон маълумотномаси). Шу аснода, аҳолининг жой номларига бўлган илмий қарашларини шакллантиришга оид лингвомаданий маълумотлар кенг оммага тарғиб этилган.